Жамият | 19:11 / 02.03.2026
15949
2 дақиқада ўқилади

Туркияда яна бир ўзбекистонлик аёл ўлдирилгани тахмин қилинмоқда

Ўрмондан топилган аёл жасади 36 кундан бери қидирувда бўлган самарқандлик аёлга тегишли бўлиши мумкин. Гумонланувчи сифатида ҳам Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган.

Фото: Sabah

Туркиянинг Баликесир вилоятида 46 ёшли самарқандлик Дилафруз Чўлиева 21 январ куни бедарак йўқолганидан бери ундан ҳеч қандай хабар бўлмаган. 2 март куни ўрмон ҳудудидан аёл кишининг таниб бўлмайдиган ҳолатдаги жасади топилгани ва кийимлар унга тегишли бўлиши мумкинлиги тахмини қидирувдаги ўзбекистонлик аёл тақдири юзасидан хавотирларни янада кучайтирди.

Маълумотларга кўра, Дилафруз Чўлиева Туркияда қонуний яшаш ва ишлаш рухсатномасига эга бўлган. У Баликесир вилоятининг Бурҳония туманидаги хонадонда ишлаган. 21 январ куни у Эдремитдан Бурҳонияга қайтаётиб соат 20:00–20:30 атрофида автобусдан тушган. Шундан кейин у билан алоқа узилган. 22 январ куни ишга чиқмаган. 23 январ куни иш берувчилари уни қидириб, полицияга хабар беришган.

Яқинлари 24 январь куни унинг йўқолганини билиб, Туркиядаги Ўзбекистон элчихонаси ва консулхонасига, шунингдек Ташқи ишлар ва Ички ишлар вазирликларига мурожаат қилишган.

Полиция тергови доирасида Илёс исмли шахс гумондор сифатида сўроқ қилинган. Айтилишича, Чўлиеванинг телефонидан охирги сигнал ушбу шахснинг уйи атрофида қайд этилган. У ўз баёнотида Чўлиевани танишини, аммо у Истанбулга кетганини айтган.

2 март куни Туркияда ўрмон ҳудудидан аёл кишининг таниб бўлмайдиган ҳолатдаги жасади топилган. Кийимлар ва айрим аломатларга қараб, яқинлари бу жасад Дилафруз Чўлиевага тегишли бўлиши мумкинлигини билдирган.

Ҳозирча бу маълумот расман тасдиқланмаган. Бироқ ҳодиса юзасидан гумонланувчи сифатида ўзбекистонлик фуқаролар қўлга олингани хабар қилинмоқда.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги ойларда Туркияда ўзбек аёллари билан боғлиқ бир неча фожиали ҳолатлар кузатилган. Жумладан, Истанбулда ўзбекистонлик фуқаролар – Дурдона Ҳакимова ва Сайёра Эргашалиеванинг ўлими жамоатчиликда катта муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Дилафруз Чўлиеванинг тақдири бўйича расмий экспертиза ва ДНК натижалари кутилмоқда.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид