Жаҳон | 01:20
798
2 дақиқада ўқилади

Туркия курдларни Эронга қарши урушга қўшилишдан огоҳлантирди – ОАВ

Қайд этилишича, Исроил Анқара террорчи ташкилот деб тан олган Курдистон ишчилар партияси ва унинг Эрондаги PJAK қаноти билан уларнинг Эронга қарши урушга қўшилиши бўйича келишувга эришишга уринмоқда.

Фото: Reuters

Туркия АҚШ, Ироқ ва курд гуруҳларини агар курдлар Эронга қарши операцияларга жалб этиладиган бўлса, уларга нисбатан ҳарбий чоралар кўриши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб Türkiye газетаси хабар қилди.

Нашрнинг ёзишича, Эронга ҳужумлар бошлангач, Исроил Анқара террорчи ташкилот деб тан олган Курдистон ишчилар партияси ва унинг Эрондаги PJAK қаноти билан уларнинг Эронга қарши урушга қўшилиши бўйича келишувга эришишга уринмоқда. "Моссад" разведка хизмати бу гуруҳларнинг қўмондонлари билан мулоқот ўтказган. 

Газетанинг маълумот беришича, март ойи бошида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасидаги телефон орқали мулоқотда бу мавзу муҳокама қилинган. Эрдўған Эронга қарши урушда курд гуруҳларидан фойдаланиш ғоясига кескин қарши чиққан. Курд ташкилотларига эса агарда урушда иштирок этадиган бўлишса, Туркия уларга "илгари Сурияда бўлгани каби зарба бериши" ҳақида айтилган. 

Шунингдек, қайд этилишича, туркиялик мансабдорлар Шимолий Ироққа ташриф буюриб, Анқаранинг принципиал позициясини маълум қилишган ва курд ташкилотлари Эронга ҳужумларда иштирок этган тақдирда Туркия уларга нисбатан ҳарбий жавоб беришга тайёрлигини билдиришган. 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид