Ўзбекистон | 14:25 / 06.05.2019
30238
7 дақиқада ўқилади

Узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларга таълим бериш қандай ташкил этилади?

Фото: Getty Images

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларга умумий ўрта таълим беришни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларга умумий ўрта таълим бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим  мактаблари давлат таълим стандартлари ҳамда улар асосида ишлаб чиқилган махсус таълим (ақли заиф ва руҳий ривожланишда орқада қолган болалар учун) талабларига мувофиқ ҳар бир шахснинг таълим ва тарбия олишдаги конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш, уларнинг умумий ўрта таълим олишини ва билиш имкониятларига мувофиқ тарбиялаш мақсадида ташкил этилади.

Даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактабларида таълим олиш бепул амалга оширилади.

Даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим  мактабларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўқувчилар томонидан мунтазам билим олинишини таъминлаш, уларнинг билим олиш эҳтиёжини қондириш;

ўқувчиларда миллий ҳамда умумбашарий қадриятларни уйғунлаштириш асосида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, уларнинг таълим-тарбия олишлари учун шарт-шароит яратиб бериш;

ўқувчиларнинг умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ҳамда улар асосида ишлаб чиқилган (ақли заиф ва рухий ривожланишда орқада қолган болалар учун) махсус таълим талабларига мувофиқ билим олишларини таъминлаш;

таълим бериш жараёнида ўқувчиларнинг соғлиғини ҳимояловчи дарс жадвалига риоя этилишини таъминлаш.

Даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактаблар тиббий кўрсатмаларга кўра, даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда 30 кун ва ундан ортиқ давр мобайнида даволанаётган мактаб ёшидаги болалар учун ташкил этилади.

Ўқувчилар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаларининг буйруғи билан даволаш-профилактика муассасалари яқинидаги умумий ўрта таълим мактабларига бириктирилади ва даволаш-профилактика муассасалари қошида ўрнатилган тартибда умумий ўрта таълим мактаблари ташкил этилади.

Даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим  мактаблари ихтисослашувига мувофиқ қуйидаги турларга бўлинади:

I - сил касаллиги ва унинг шаклларига чалинган болалар учун даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактаблари;

II - таянч тизими касалликлари ва уларнинг асоратларига чалинган болалар учун даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактаблари;

III - руҳий асаб касалликларига чалинган болалар учун даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактаблари.

Даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактабларида умумий ўрта таълим бошланғич таълим (I — IV синфлар) ҳамда умумий ўрта таълим (I —XI синфлар) босқичларидан иборат бўлиб, кундузги таълим шаклида амалга оширилади.

Ўқувчиларга давлат таълим стандартлари ва талабларига мос умумий ўрта таълим берилади. Таълим-тарбия жараёни умумий ўрта таълимнинг давлат стандартига мувофиқ ҳолда белгиланади.

Махсус таълим Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда, ўқув режалари ва дастурлари асосида, махсус коррекцион тузатиш услубларидан фойдаланилган ҳолда олиб борилади.

Ўқувчини даволаш-профилактика муассасасига даволаш учун қабул қилинганлиги, уни даволаш-профилактика муассасаси қошидаги умумий ўрта таълим мактабига қабул қилиш учун асос ҳисобланади.

Ўқувчиларни даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактабларига қабул қилиш ҳамда уларга таълим бериш белгиланган тартибда вақтинчалик ташкил этилади.

30 кун ва ундан ортиқ давр мобайнида даволанадиган ўқувчи ёшидаги беморлар даволаш-профилактика муассасаси қошидаги умумий ўрта таълим мактабига қабул қилинаётганда ўзи таълим олаётган умумий ўрта таълим мактабининг раҳбарияти томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган ёзма маълумотнома тақдим қилади.

Ўқувчи даволаш-профилактика муассасасига қабул қилингандан бошлаб бир кун муддатда ёши ва умумий ўрта таълим мактаби томонидан тақдим этилган маълумотномага мувофиқ синфга бириктирилади ва даволанишга қадар таълим олган умумий ўрта таълим мактаби раҳбариятига даволаш-профилактика муассасаси қошидаги умумий ўрта таълим мактаби мудири томонидан имзоланган ва мухр билан тасдиқланган ёзма маълумотнома юборилади.

Даволаш-профилактика муассасаси қошидаги умумий ўрта таълим мактабида синфлардаги ўқувчилар сони 10-20 нафарни ташкил этади. Синфдаги ўқувчилар сони етарли бўлмаган ҳолларда, бошланғич синфларда ўқувчилар (1-3-синф, 2-4-синф, 1-4-синф) комплект синфларга бирлаштирилади, юқори синфларда ўқувчи сонидан қатъий назар синфлар очишга рухсат этилади.

Дарс соатининг давомийлиги 40 дақиқадан иборат бўлади.

Даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув режаси умумий ўрта таълим мактаблари таянч ўқув режаси асосида ишлаб чиқилади ва даволаш-профилактика муассасаси жойлашган туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ҳамда даволаш-профилактика муассасасининг юқори турувчи органи томонидан тасдиқланади.

Жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган ўқувчиларга таълим бериш умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув дастурлари, психик ривожланишида нуқсони бўлган ўқувчиларга таълим бериш эса ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқув дастурлари асосида ташкил этилади.

Ўқувчиларни зарур дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар ҳамда синф журналлари билан таъминлаш мақсадида даволаш-профилактика муассасаси ҳудудий жойлашувига кўра туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига буюртма беради.

Буюртмага асосан туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ўқувчиларни бепул равишда дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар ҳамда синф журналлари билан таъминлайди.

Оғир ва авж олувчи касалликларга чалинган, шунингдек оғир жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган ўқувчи даволовчи шифокор тавсиясига кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда ота-оналар деб аталади) билан келишган ҳолда соғлиғини ҳимояловчи режимга ўтказилиши, айрим фанлар бўйича дарс машғулотларидан озод этилиши ёки дарслар соатларининг давомийлиги қисқартирилиши мумкин.

Даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактабларида олиб борилган дарслар ўқитувчи томонидан белгиланган тартибда юритиладиган синф журналида қайд этиб борилади.

Ўқувчи даволаниб, даволаш-профилактика муассасасидан чиқарилаётганда, ўқувчи таълим олган умумий ўрта таълим ўрта мактабига тақдим этиш учун, унинг ота-онасига даволаш-профилактика муассасаси қошидаги умумий ўрта таълим мактаби мудири томонидан имзоланган ва тегишли бириктирилган умумий ўрта таълим мактаби муҳри билан тасдиқланган, синф журналидан кўчирилган баҳолар қайдномаси (маълумотномаси) берилади.

Даволаш-профилактика муассасалари жойлашган ҳудуддаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактаблари фаолияти ва улардаги таълим жараёнини сифатли ташкил этилишига бевосита масъулдирлар.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид