Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин Россияда автомат-одамлар пайдо бўлишига йўл қўймасликни талаб қилди
Унинг таъкидлашича, сунъий интеллект ривожланаётган даврда мактаб ўқувчилари ва талабаларда ижодий ва таҳлилий фикрлашни шакллантириш, шунингдек, сунъий интеллект яратган нарсаларни «танқидий баҳолаш» қобилиятини сақлаб қолиш зарур.
Россия президенти Владимир Путин янги технологиялар мавжуд таълим тизимини қайта кўриб чиқишни ва янги ўқув дастурларини ишлаб чиқишни талаб қилишини айтди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда жамиятнинг бир қисмини фақат «тугмаларни босишни» биладиган одамларга айланишига йўл қўйиб бўлмайди.
«Бизда интеллектуал элита ва тугмани босишдан бошқа нарсани билмайдиган автомат-одамлар бўлишига асло йўл қўймаслик керак. Бу таълим ва кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими учун жуда муҳим вазифа», деди Путин Давлат кенгаши йиғилишида.
Унинг таъкидлашича, «эскича яшаш мумкин эмас», бироқ, россияликлар учун таълим тизимининг «фундаментал асосларини» сақлаб қолиш муҳим. Улар орасида мактаб ўқувчилари ва талабаларда ижодий ва таҳлилий фикрлашни шакллантириш, шунингдек, сунъий интеллект яратган нарсаларни «танқидий баҳолаш» қобилияти ҳам бор.
Путин Россияда 2036 йилгача таълимни ривожлантириш стратегиясини тайёрлаш якунланаётганини эълон қилди, уни ишлаб чиқиш билан ҳукумат шуғулланмоқда. Стратегия доирасида Путин сунъий интеллектни жорий этиш шароитида ҳар бир инсон талабгир бўлишга имкон берадиган тамойилларга ўтиш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратишни сўради.