Ўзбекистон | 07:21 / 13.06.2024
9877
3 дақиқада ўқилади

ОТМга кириш тест синовлари 14-28 июл кунлари ўтказилади

1-25 июл кунлари ижодий имтиҳонлар, 14-28 июл кунлари тест синовлари ўтказилиши режалаштирилган. Абитуриентлар ижодий имтиҳонда тўплаган баллни ўша куннинг ўзида, тестда тўплаган баллни эртасига билиши мумкин бўлади.

Фото: Kun.uz

Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ташаббуси билан навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди

Унда депутатлар “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тизимини янада такомиллаштириш, шу жумладан, давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш учун имтиҳонларни “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилди. 

Кун тартибидаги ушбу масала юзасидан депутатларнинг саволларига Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов жавоб берди. 

Маълум қилинишича, 2024-2025 ўқув йили учун бакалавриатга қабул бўйича рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи жорий йил 5 июн кунидан бошланди ва 25 июнгача давом этади. Бунинг учун абитуриентларга фақат тест синовлари ўтказиладиган йўналишларга тест топширадиган фанлар, таълим тили, тест топшириш ҳудудини танлаш, шунингдек, ижодий имтиҳон ўтказиладиган йўналишларга эса бакалавриат таълим йўналиши ва ижодий имтиҳон топшириладиган олийгоҳни танлаш имконияти яратилди. 

Рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи якунлангандан сўнг, 1-25 июл кунлари ижодий имтиҳонлар, 14-28 июл кунлари тест синовлари ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур тадбирлар бўйича вазирлик, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ҳамда олийгоҳлар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. 

Хусусан, абитуриентлар ижодий имтиҳонда тўплаган балини ўша куннинг ўзида, тестда тўплаган балини эртасига билиши мумкин бўлади. Ижодий имтиҳон ва тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг, 15 кун давомида рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида абитуриентлар тест балларидан келиб чиқиб, 5 тагача олийгоҳ (йўналиш), таълим шаклини, танлов устуворлигини, ижодий имтиҳон ўтказилган йўналишлар учун эса қўшимча равишда танланган йўналиш бўйича яна шунча олийгоҳни танлаш ҳуқуқига эга. 

Вазир педагогика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари талабалари учун 2-курсдан бошлаб ҳафталик ўқув машғулотларини “4+2” тартибида, жумладан дарсларнинг 4 куни олий таълим муассасасида, 2 куни мактабгача, умумий ўрта ва профессионал таълим муассасаларида амалиёт ўташ шаклида олиб борилишини таъминлашга қаратилган ишлар давом эттирилишини маълум қилди. 

Мавзуга оид