22:19 / 09.01.2021
13285

11 январдан барча мактабларда ўқув жараёнлари тўлиқ анъанавий шаклда бошланади

Халқ таълими вазирлигининг билдиришича, II чорак охиригача ўқувчиларнинг 90 фоиздан ортиғи анъанавий шаклдаги таълимга қайтган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Республикада эпидемиологик вазият барқарорлашгани туфайли 11 январдан III чорак дарслари барча мактабларда тўлиқ анъанавий шаклга ўтказилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар берди.

2020-2021 ўқув йилининг биринчи ярим йиллигида ўқув жараёни ота-оналар танловига кўра анъанавий ва масофавий шаклда ташкил этилганди.

Халқ таълими вазирлигининг билдиришича, II чорак охиригача 90 фоиздан ортиқ ўқувчи анъанавий шаклдаги таълимга қайтган.

Республикада эпидемиологик вазият барқарорлашгани мактабларда анъанавий таълимга тўлиқ қайтишга асос бўлади.

Вазирликнинг қайд этишича, икки чорак давомида масофавий таълим олиш жараёни ўқувчиларнинг дарсларни тўлиқ ўзлаштиришларига етарли имконият бермади.

“Айрим ҳолатларда ўқувчилар телевизион дарсларни кўриш ва ўрганиш ўрнига вақтини бесамар ўтказиш ва ота-оналар томонидан етарли назорат этилмаслиги оқибатида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳам кузатилди. Шу боис ота-оналардан фарзандларининг ўз вақтида билим олишига шароит яратиш ва мактабга юборишларини сўраб қоламиз”, – дейилади ХТВ хабарида.

Top