Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рўзадорларга қандай савоблар ваъда қилинган?
Kun.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими билан ҳамкорликда муборак Рамазон ойи, хусусан, рўза тутишга доир энг муҳим саволларга жавоблар тақдим қилмоқда.
Фото: KUN.UZ
Савол: Рўзадорларга қандай ажр-савоблар ваъда қилинган?
Жавоб: Рўза араб тилида “савм” деб аталиб, луғатда “бир нарсадан ўзини тиймоқлик”ни билдиради. Истилоҳида эса “тонгдан то қуёш ботгунча рўзани ният қилиб, уни очувчи барча нарсалардан ўзини тийиш”дир.
Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи санасида фарз қилинган. Аллоҳ таоло Рамазон рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган:
“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Маълумки, рўзадан бошқа ҳамма амалларга риё аралашиши мумкин. Лекин рўзада бундай бўлмайди: тонгга яқин ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади, кундузи эса ҳамма қатори юраверади. Рўза – Аллоҳ билан банда орасида сир бўлган ибодатдир. Ҳеч кимсиз, ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, бирор нарса емайди. Ана шулар – рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир. Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таолонинг Ўзи беришга ваъда қилмоқда. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
“Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали – ўзи учун, фақат рўза – Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, деди. Рўза – сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман”, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: бири – ифтор вақтида оғзини очганда ва иккинчиси – Қиёмат кунида Роббисига рўбарў бўлганда” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).
Рамазонда бойлар ҳам бир ой очлик ва чанқоқликни бошларидан кечиришиб, камбағалларнинг йил давомидаги ҳолатларини ҳис этадилар. Бу эса кам таъминланганларга раҳм-шафқат кўрсатишларига сабаб бўлади.
Рамазонда қайси амалга бел боғласам бўларкан, қайси амал кўпроқ ажр ва барака келтирар экан, деб ўйлаб турган инсонларга уламолар бу ойда кўпроқ Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримни тиловат қилиш, уни тинглаш ва уни ўрганишни тавсия қиладилар. Шунинг учун таровиҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилиш суннат ҳисобланади. Рамазон ва Қуръон қиёматда мўминлар учун шафоатчи мақомида бўлади. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
“Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: Рўза: “Эй Раббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим. Унинг ҳақида шафоатимни қабул қил. Қуръон: “Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим. Унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Бас, икковининг ҳам шафоати қабул қилинади” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Аллоҳ таоло бандаларини яхши кўрса-да, уларга оналаридан меҳрибонроқ бўлса-да, уларнинг зиммасига рўзани фарз қилди ва бу ойнинг маълум вақтида оч ва ташна юришларини хоҳлади. Бунга сабаб шуки, рўза улар учун ҳам маънавий, ҳам жисмоний маънода шифо бўлади. Бунинг мисоли она боласини яхши кўрса ҳам бола касал бўлган вақтда аччиқ дориларни унга мажбурлаб ичириб, унинг шифо топишини хоҳлаши кабидир. Шунинг учун ҳам рўза фарз қилинган оятнинг охирида “шоядки тақво қилсангиз” дейилди. Яъни сизлар рўза тутиш орқали тақвога, зоҳирий ва ботиний гуноҳлардан сақланиш малакасига эга бўласиз.
Рўзанинг мўминлар учун энг катта манфаати бу уни дўзах оташидан ҳимоя қилиши ва ундан узоқлаштириши ҳисобланади. Бу хусусда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар:
“Қайси бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутар экан, Аллоҳ таоло унинг юзини шу туфайли етмиш куз (яъни етмиш йиллик масофага) дўзахдан узоқ қилади” (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:
“Ким Рамазон ойида имон билан, савоб умидида рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Муттафақун алайҳ).
Мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли экспертиза хулосаси асосида чоп этилмоқда.
Мавзуга оид
18:59 / 30.01.2026
Умра зиёратига бориш неча пулга тушади ва нарх нимага боғлиқ?
17:44 / 25.03.2025
Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда жорий Рамазон ойи 29 кунда якунланиши кутиляпти. 30 март Ҳайит бўлиши мумкин
10:32 / 01.03.2025
Саида Мирзиёева Рамазон ойи муносабати билан ўзбекистонликларни табриклади
22:08 / 28.02.2025