Ўзбекистон | 15:03 / 28.01.2021
13292
3 дақиқада ўқилади

Қайси вилоятларда тадбиркорлар мулкига кўп тажовуз қилинган?

2020 йилда Бизнес-омбудсманга тадбиркорлик субъектлари мулк ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ 1 минг 67та мурожаат келиб тушган. Бундан энг кўп бузилган ҳуқуқлар Тошкент вилояти ва шаҳри, Сурхондарё ва Қорақалпоғистон ҳиссасига тўғри келади.

Бизнес-омбудсман бош инспектори Шерзод Саидов 28 январ куни АОКАда ўтказилган брифингда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 2020 йилда бажарилган ишлар тўғрисида ахборот берди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

Мутахассис сўзларига кўра, ташкилотга ўтган йил давомида тадбиркорлар ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ 5 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган.

«Бизнес-омбудсманга 2020 йилда жами 5 минг 31та мурожаат келиб тушган. Уларнинг хусусиятига кўра таҳлил қилинса, 1 минг 67та мурожаат тадбиркорлик субъектлари мулк ҳуқуқларини бузиш билан боғлиқ.

Бунинг ҳам бир қанча турлари мавжуд, яъни шулардан 395таси ер ва бино ажратиш, 511та мурожаат ер ва бинони олиб қўйилиши ва бузилиши, 161 таси эса давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинган ер майдонлари учун компенсация тўловларини амалга оширилмаётганлиги масаласидаги мурожаатлар сирасига киради.

Ушбу мурожаатларни вилоятлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, Тошкент вилоятидан 157та, Тошкент шаҳридан 121, Сурхондарёдан 103, Қорақалпоғистондан 96, Фарғона ва Самарқанддан 83, Жиззахдан 77,  Андижондан 60, Хоразмдан 59, Бухоро ва Сирдарёдан 56, Намангандан 42, Навоийдан 39, Қашқадарёдан 35та мурожаат келиб тушган.

Келиб тушган мурожаатлар асосида Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга даъво аризалари киритилган ҳамда ҳуқуқбузарлик қилган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик масаласи бўйича баённома расмийлаштирилиб судларга берилган.

Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Бизнес-омбудсман 2020 йилда жами 179 даъво аризаси ва судларга шикоятлар киритган. Шундан иқтисодий судларга 60 миллиард сўм компенсация ундириш бўйича 75та даъво ёки аризалар киритилиб, суднинг ҳал қилув қарори чиқарилган.

Бундан ташқари, 60 та масъул мансабдор шахсларнинг қарорларини ноқонуний топилиши бўйича маъмурий судларга шикоятлар киритилган.

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан чиқарилган 44 та кассация ва назорат тартибидаги қонуний кучга кирган қарорлар устидан кассация ва назорат шикоятлари киритилиб қаноатлантирилишига эришилган», – деди ташкилот расмийси.

Аввалроқ, Бизнес-омбудсман ўринбосари Жамшид Ўринов ташкилотга келиб тушаётган мурожаатларнинг бешдан бир қисми тадбиркорлар мулк ҳуқуқининг бузилиши, ерлар олиб қўйилиши ва ажратишдаги қонунбузарликлар билан боғлиқлигини таъкидлаган эди.

Шунингдек, 2020 йилда тадбиркорлик фаолиятини ноқонуний текширган 328 нафар мансабдор жавобгарликка тортилгани хабар қилинган эди. Шундан 5 нафар мансабдор билан меҳнат шартномаси бекор қилингани, 150 нафарига интизомий жазо чоралари қўлланилгани ва 33 нафарига огоҳлантириш берилгани билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, 15 январ куни ерни ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик қонун билан расман белгилаб қўйилди.

Мавзуга оид