Жамият | 21:35 / 27.09.2018
11498
3 дақиқада ўқилади

«Hilol-Nashr» нашриётида Шайх Муҳаммад Аввоманинг китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Бугун, 27 сентябрь куни «Hilol-Nashr» нашриётида «Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни» ва «Жавомеъул калим» номли янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда суриялик машҳур муҳаддис аллома шайх Муҳаммад Аввома, унинг ўғли доктор Муҳйиддин Муҳаммад Аввома, Ўзбекистоннинг таниқли уламолари, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари, китобсевар мухлислар иштирок этишди.

Тақдимоти ўтказилган биринчи китоб шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ таржимасидаги «Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни» номли китоби ҳадис илмига доир бўлиб, унда хусусан, ҳадиси шариф қачон амал учун яроқли бўлади, ҳадиси шарифни тушунишдаги ихтилофлар, имомларнинг зоҳири бир-бирига қарама-қарши бўлган суннатга нисбатан тутган йўлларининг турли-туманлиги, суннатни билишда даражаларининг турлилигидан келиб чиқадиган ихтилоф каби масалаларда сўз юритилган.

Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ бу китобни 42 йил аввал ёзгани, 4 нафар устозлари кўригидан ўтказгани, китобга даврнинг баҳсли муаммолари ечимини киритганини таъкидлади. Шайх ҳазратлари салаф уламолар ҳаётидан мисоллар айтиб, толиби илмларга китоб таълиф этиш одобларини гапириб, насиҳат қилди.

Китобхонлар эътиборига ҳавола қилинган иккинчи китоб доктор Муҳйиддин Муҳаммад Аввома қаламига мансуб «Жавомеъул калим» китоби бўлиб, ўзбек тилига Исмоил Муҳаммад Юсуф томонидан таржима қилинган. Муаллиф рисолада саҳиҳ ва ҳасан ҳадисларни тўплаган бўлиб, уларнинг ҳажми кичик, иборалари енгил, ёдлаш учун осондир. Аслида «жавомеъул калим» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал фазилатларидан бири бўлиб, қисқа, лўнда сўзлар билан олам-олам маъноларни ифодалаш қобилиятидир. Китобдаги ҳадислар ҳам қисқа бўлишига қарамай ана шундай кенг маъноларни ифодалагани учун унга шундай ном берилган.

Маълумот ўрнида: Шайх Муҳаммад Аввома 1940 йилда Суриянинг Ҳалаб шаҳрида таваллуд топган. 1962 йили университетнинг шариат факультетига ўқишга кирган. Шу йилдан 1980 йилгача Шабания мадрасасида, шунингдек, Равза университетида дарс берган.

Шайх Аввоманинг «Асарул-ҳадисиш-шариф фий ихтилафил-аимматул-фуқаҳо», «Адабул ихтилаф фий масаилил-илми вад-дийн» асарлари машҳур.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид