Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ асос солган «Hilol-nashr» матбаа-нашриёти бу йил 10 ёшга тўлди. Ўз фаолиятини 2011 йилда бошлаган нашриётимиз асосан диний-маърифий, адабий-бадиий, илмий-оммабоп асарларни ҳамда болалар адабиётини халқимизга етказиб бериш билан шуғулланиб келмоқда.

Ўтган 10 йил давомида нашриётимиз 5 000 000 дан ортиқ нусхадаги китоб ва китоб маҳсулотларини чоп қилиб, китобхонларга тақдим қилди.

Фото: Hilol-Nashr
Фото: Hilol-Nashr

Бугунги кунгача матбаада шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг кенг китобхонлар орасида машҳур бўлган олти жилдлик «Тафсири Ҳилол» асари, кўп жилдлик «Ҳадис ва Ҳаёт» туркуми, «Сунний ақийдалар», «Ақийдатут-Таҳовия шарҳининг талхийси», «Қуръон илмлари», «Кифоя», «Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар», «Бахтиёр оила», «Мукаммал саодат йўли», «Ислом тарихи», «Ижтимоий одоблар», «Зикр аҳлидан сўранг», «Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» каби юздан ортиқ китоблари чоп этилди.

«Hilol-nashr» матбаа-нашриёти мусҳаф чоп қилиш бўйича дунёдаги етакчи нашриётлар билан ҳамкорликда Қуръони Карим чоп қилишни ҳам йўлга қўйган. Ҳозирда «Дорус-Салом», «Дорул-Ғавсоний», «Дорус-Салсабил» ва «Дорул-Маърифа» каби нашриётлар билан ҳамкорликда 5 000 дан зиёд мусҳафи шариф чоп этилди. Айни пайтда «Дорул-Маърифа» нашриёти билан ҳамкорликда чоп қилинаётган мусҳафи шарифнинг иккинчи нашри сотувга чиқиш арафасида. 

Фото: Hilol-Nashr
Фото: Hilol-Nashr

Шунингдек, нашриётда тўққизта мўътабар ҳадис тўпламларини ўз ичига олган академик нашр — «Олтин силсила» туркуми ҳам чоп қилинмоқда. Ушбу туркумга «Саҳиҳи Бухорий», «Жомеъи Термизий», «Саҳиҳи Муслим», «Сунани Абу Довуд», «Мужтабои Насаий», «Сунани Ибн Можа», «Муваттои Молик», «Сунани Доримий» ва «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон» тўпламлари киритилган. Бугунгача туркумнинг дастлабки икки асари – 8 жилдлик «Саҳиҳул-Бухорий» ҳамда 6 жилдлик «Саҳиҳи Муслим» китоблари тўлиқ нашр қилинди. Ҳозирги кунда «Сунани Абу Довуд» тўплами нашр қилинмоқда.