Бош прокуратура Молия вазири ўринбосарининг коррупцияга алоқадорлигини текширади
Молия вазири ўринбосари Абдумухтор Эргашевнинг коррупциявий ишга алоқадорлиги текширилади. Вазир ўринбосари укасининг компаниясига банк кредити ажратилишига эришиш мақсадида «Агробанк» раҳбариятига босим ўтказгани иддао қилинмоқда.
Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев 11 ноябр куни бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга йўллаган хатида Бош прокуратура томонидан Давлат молиявий назорати департаментининг жорий йилда етиштирилган ғалла ҳосилини молиялаштириш жараёнида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани масаласи ўрганилаётгани билдирилган. Ушбу хат нусхаси Kun.uz'да мавжуд.
Хатда таъкидланишича, ҳукуматнинг тегишли қарори билан тасдиқланган «Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларини етиштириш харажатларини кредитлаш ва топширилган маҳсулот учун ўзаро якуний ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида»ги низомга кўра, тижорат банклари томонидан бошоқли дон экинларини етиштириш учун буюртмалар бир йилда бир маротаба, 1 сентябргача тақдим этилиши белгиланган.
«Бироқ АТБ «Агробанк» томонидан ғалла ҳосилини молиялаштириш якунланган бир пайтда, Бўка туманидаги «Мелек дон агро» МЧЖ учун 16,3 миллиард сўм ресурс маблағи ажратиш ҳақида 2020 йилнинг 25 май куни жамғармага буюртма тақдим қилиниб, 26 май куни жамғармадан 16,3 миллиард маблағлар ажратилишига эришилган», — дейилади Бош прокуратура хатида.
Маълум қилинишича, АТБ «Агробанк» Бўка филиали бошқарувчиси А.Қурбонов ва «Мелек дон агро» МЧЖ раҳбари Мирҳомид Исмоилов ўртасида 26 май куни тузилган шартномага асосан ажратилган 16,3 миллиард сўм ресурс ғалла ҳосилини етиштириш учун йўналтирилмасдан, ноқонуний равишда компаниянинг айланма маблағини тўлдириш учун бериб юборилган.
«Бундан ташқари, «Агробанк»нинг Қумқурғон филиали ҳеч бир асословчи ҳужжатларсиз «Bek agro eksport» МЧЖ учун 4 миллиард сўм ресурс маблағи ажратиш ҳақида 2020 йилнинг 16 апрел куни жамғармага буюртма тақдим қилиб, шу кунинг ўзида 4 миллиард сўм ажратилган», — дейилади хатда.
Таъкидланишича, Молия вазири ўринбосари Абдумухтор Эргашевнинг укаси Зафар Эргашев раҳбарлик қиладиган «Bek agro eksport» МЧЖ ажратилган пулларни ғалла ҳосилини етиштириш учун сарфламасдан, жамиятнинг айланма маблағини тўлдириш учун йўналтирган.
Бош прокуратура хатида билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан ишга алоқадор шахслардан тушунтириш хатлари олинганда, молия вазирининг ўринбосари Абдумухтор Эрrашев жамғарма ва «Агробанк» бошқарувига босим ўтказиб, ўзининг укаси 3афар Эргашев раҳбарлигидаги «Bek agro eksport» МЧЖга 4 миллиард сўм ҳамда Мирҳомид Исмоилов раҳбарлигидаги «Мелек дон агро» МЧЖга 16,3 миллиард сўм маблағларни жамғармадан ажратиш ҳақида топшириқ бергани, шу сабабли уларга ресурс ажратишга мажбур бўлишганини баён қилишган.
Бош прокуратура хатида ишлатилган «жамғарма» сўзи билан Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси назарда тутилган бўлиши мумкин. Айни пайтда ушбу жамғармага Молия вазирлиги департамент директори Абдурашид Исроилов раҳбарлик қилади. Исроилов бошчилик қиладиган департамент эса айнан молия вазири ўринбосари Абдумухтор Эргашев назоратидаги комплексга киритилган.
Очиқ маълумотларга кўра, молия вазири ўринбосарининг укаси раҳбарлик қиладиган «Bek agro eksport» МЧЖ устав фондидаги деярли 60 фоиз улуши Марзия Исмоиловага тегишли. «Мелек дон агро» МЧЖ устав фондидаги 100 улуш эса Мирҳомид Исмоиловга тегишли.
Бош прокурор ўз хатида кўрсатилган ҳолатлар бўйича жамғарма маблағларининг ажратилиши ва сарфланиши қонунийлиги ҳамда Молия вазирлиги мансабдор шахсларининг ушбу ишга алоқадорлиги юзасидан текширув ўтказилишини ташкил қилишни сўраган. Текширув хулосасини 19 ноябрга қадар Бош прокуратурага тақдим этиш сўралган.
Ўз навбатида, бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров мазкур масалани ҳар томонлама ўрганиб, 19 ноябрга қадар аниқ хулоса тақдим этилишини сўраб, молия вазири Тимур Ишметов, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ва бошқаларга топшириқ берган.
Мавзуга оид
12:20 / 19.12.2024
Франция кассация суди Саркозига ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди
17:16 / 17.12.2024
Қирғизистон бош вазири коррупция туфайли истеъфога чиқарилган бўлиши мумкин
15:17 / 17.12.2024
Даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жорий этилмагани ислоҳотлар самарадорлигига таъсир қиляпти — Антикоррупция агентлиги
16:14 / 16.12.2024