Жаҳон | 14:21
755
3 дақиқада ўқилади

Россия “Урушга қарши қўмита”ни “террористик” деб тан олмоқчи

РФ Бош прокуратураси Олий судга “Россиянинг Урушга қарши қўмитаси”ни “террористик ташкилот” деб тан олишни сўраб мурожаат қилди. Лойиҳа иштирокчилари орасида Ходорковский, Каспаров ва Шулман ҳам бор.

Фото: AP

Россия Бош прокуратураси “Россиянинг Урушга қарши қўмитаси”ни “террористик ташкилот” деб тан олиш ва унинг РФ ҳудудидаги фаолиятини тақиқлашни талаб қилди. Бу ҳақда жума куни, 13 февралда ТАСС агентлиги Олий суд матбуот хизматига таяниб хабар берди — судга шу мазмундаги даъво аризаси келиб тушган. Матбуот хизматига кўра, суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтказилади.

Бош прокуратура даъвоси ҳақидаги маълумотни “Урушга қарши қўмита”нинг ўзи ҳам тасдиқлаб, Россияда қолганларга таъқибдан қочиш учун ташкилот постлари остида изоҳ ёзмаслик, лайк босмаслик, шунингдек у ташкил этадиган йиғимларда қатнашмасликни тавсия қилди.

2025 йил октябр ойида Россия ФХХ (ФСБ) Михаил Ходорковский ва “Россиянинг Урушга қарши қўмитаси”нинг бошқа иштирокчиларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини эълон қилган эди. Уларни “ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаш” ва “террористик ҳамжамиятни ташкил этиш ёки унда иштирок этиш” ҳақидаги жиноий моддалар бўйича айблашмоқда.

Ташкилот иштирокчилари орасида (ЮКОСнинг собиқ раҳбаридан ташқари) сиёсатчилар Гарри Каспаров ва Дмитрий Гудков, Россиянинг собиқ бош вазири Михаил Касянов, сиёсатшунос Екатерина Шулман, ёзувчи Дмитрий Биков, актриса Татьяна Лазарева, иқтисодчилар Сергей Гуриев ва Сергей Алексашенко, тадбиркорлар Борис Зимин ва Евгений Чичваркин, журналистлар Кирилл Мартинов ва Евгений Киселев, публицист Виктор Шендерович, галереячи Марат Гелман бор.

“Россиянинг Урушга қарши қўмитаси” — 2022 йил феврал ойида хориждаги россиялик сиёсатчилар ва жамоат арбоблари гуруҳи томонидан тузилган ташкилот. Лойиҳа сайтида шундай дейилган: “Биз саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирамиз, урушга қарши россияликларни қўллаб-қувватлаймиз ва Кремл бошлаган урушга қарши чиққан одамлар учун ҳамжиҳатлик, ҳаракат ва ўзаро ёрдам маконини яратамиз”.

Сайтда кўрсатилишича, фаолият йўналишларидан бири — Украинага гуманитар ёрдам учун хайриялар йиғиш, жумладан Россия зарбалари оқибатида энергетик инфратузилмаси жабр кўраётган мамлакатдаги касалхона ва мактаблар учун портатив электр станциялари харид қилиш. Шунингдек, ташкилот урушга қарши чиққан россияликларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини хорижда ҳимоя қилишни ҳам мақсад қилади.

2024 йил январ ойида РФ Бош прокуратураси “Россиянинг Урушга қарши қўмитаси”ни “номақбул ташкилот” деб тан олгани маълум бўлган эди. РФ фуқароларига бундай ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, уларнинг тадбирларида қатнашиш ва материалларини тарқатиш тақиқланади — бунда иш жиноий жавобгарликкача етиб бориши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид