Жаҳон | 22:43 / 02.09.2025
14867
3 дақиқада ўқилади

Украина дунёда биринчи бўлиб жангларда сунъий интеллектга эга дронлар галасидан фойдаланишни бошлади

Ҳарбий экспертларнинг айтишича, бундай технология дрон уруши эволюциясининг кейинги босқичи ҳисобланади.

Фото: The Wall Street Journal

Украина дунёда биринчи бўлиб дронлар галасининг жанг майдонида ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун сунъий интеллектдан фойдалана бошлади. Ушбу инновацион технология жанговар ҳаракатлар келажагининг даракчисидир, деб ёзди The Wall Street Journal.

Ҳарбий экспертларнинг айтишича, бундай технология дрон уруши эволюциясининг кейинги босқичи ҳисобланади. У бир вақтнинг ўзида ўнлаб ёки ҳатто минглаб дронларни шаҳар ёки алоҳида ҳарбий объект бўлсин, душман мудофаасини енгиб ўтишга имкон беради.

Юқори мартабали украиналик офицер ва дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи компания вакили сўзларига кўра, ўтган йилнинг кўп қисмида Украина фронтда дронлар билан оммавий ҳужумлар уюштирган. Илгари бундай ҳолатлар ҳақида хабар берилмаган бўлса-да, таҳлилчиларнинг айтишича, бу жангда дронлар галасидан мунтазам фойдаланишнинг биринчи ҳолати. Гала замонавий урушда оммалашиб бораётган икки кучни бирлаштиради: сунъий интеллект ва дронлар.

Swarmer стартапи томонидан ишлаб чиқилган дастурий таъминот дронлар галасига қайси бири биринчи бўлиб ҳужум қилишини ҳал этиш имконини беради. Шунингдек, агар, масалан, учувчисиз учиш аппаратларидан бирининг батареяси қуввати тугаб қолса, улар мослашиши мумкин, деди бош директор Сергей Куприенко.

«Сиз нишонни белгилайсиз, қолган барчасини дронлар бажаради. Улар биргаликда ишлайди, улар мослашади», деб тушунтирди у.

Swarmer технологияси биринчи марта Украина кучлари томонидан минани ўрнатиш учун тахминан бир йил олдин қўлланилган. Шундан бери у душман нишонларига - бевосита босқинчиларга, уларнинг техникаси ва Россия инфратузилмасига зарба бериш учун ишлатилади. Дастурий таъминот одатда 3 та дрон учун ишлатилади, аммо саккизта дрон билан қўллаш ҳолатлари бўлган. Шунингдек, у 25 та дрон билан синовдан ўтказилган.

«АҚШ, Хитой, Франция, Россия ва Жанубий Корея гала технологиясини ривожлантираётган давлатлар қаторига киради. Аммо таҳлилчилар Украинадаги операциялар ҳақида эшитмагунча, унинг жанговар ҳаракатларда мунтазам ишлатилишидан бехабар эканини айтган. АҚШ бу технологияни камида 2016 йилдан бери, учта қирувчи самолётдан 100 дан ортиқ кичик дронларни учирганидан бери ўрганиб келмоқда», деб қўшимча қилади нашр.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид