Жаҳон | 08:35
3898
3 дақиқада ўқилади

Z-блогерлар: РФ армияси Купянск устидан назоратни йўқотди

Купянскда РФ ҳарбийлари учун вазият “жуда ҳам ёмон”, шаҳар устидан назорат йўқотилган, деб қайд этди йирик Z-блоглар. Улардан бири фронтдаги вазият ҳақида РФ Мудофаа вазирлигини “юқорига” нотўғри ахборот узатганликда айблади.

Фото: Украина президенти офиси

Украина Қуролли кучлари Харкив вилоятидаги Купянск шаҳри устидан назоратни қайта тиклади — бу шаҳарни эгаллагани ҳақида РФ ҚК Бош штаби аввалроқ Россия президенти Владимир Путинга ҳисобот берган эди. Бу ҳақда РФ Мудофаа вазирлиги билан боғлиқ Telegram-канал — “Рыбарь” 24 декабр, чоршанба куни хабар қилди. Унинг маълумотларига кўра, Купянскда Россия қўшинлари учун вазият “жуда ҳам ёмон”.

“Купянскнинг ўзида вазият, юмшоқ қилиб айтганда, жуда ҳам ёмон, шарқий соҳилда ҳам худди шундай”, — дейилади хабарда. Шунингдек, Оскол дарёсининг ғарбий соҳилидаги “анчагина плацдарм”нинг бир қисми йўқотилгани таъкидланади. Хусусан, Кондрашовка, Радковка ва Московка қишлоқлари. Бундан ташқари, “Рыбарь” ёзишича, УҚК сут-консерва комбинати атрофи устидан назоратни ҳам қўлга олган.

Telegram-канал маълум қилишича, Купянскда фаолият юритаётган РФ армиясининг бўлинмаларидан бири декабр ойида “ёлғон ҳисоботларни беришга уриниш” чоғида, ноябрда “озод қилинган” аҳоли пунктларидан бирининг яқинида, деярли 150 ҳарбийини йўқотган.

Канал муаллифига кўра, ноябр ойида Купянск тўлиқ назоратга олингани ҳақидаги илк баёнотлар шаҳарда “фақат ўта кичик гуруҳлар” ҳаракат қилаётган пайтда айтилган. “Бироқ шаҳарда меъёрий мустаҳкамланиш — баёнотдан олдин ҳам, кейин ҳам — бўлмаган”, — деб хулоса қилади “Рыбарь”.

Telegram-канал, шунингдек, ҳарбий қўмондонлик “юқорига” узатаётган ёлғон ахборот фронтдаги вазиятга зарар етказаётганини урғулайди: “Юқорига вазият ҳақида нотўғри докладлар берилиши оқибатида, Купянскни олиш ва тозалаш учун ‘керак бўлмаган’ захиралар бошқа участкаларга кўчириб юборилди”.

“Рыбарь” баёнотларини бошқа йирик Z-блоглар ҳам қўллаб-қувватлади. “Два майора” канали Купянск олингани ҳақидаги хабарларни “ахборот-психологик операция” деб атади, унда “биз ўзимиз ўзимизни мағлуб қилдик” дейилади. “Военный обозреватель” эса Россия ҳарбийлари Купянск ҳудудининг деярли барчаси устидан назоратни йўқотганини билдирди.

Декабр бошида, Америка делегациясининг Москвадаги тинчлик музокаралари арафасида, РФ ҚК бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Владимир Путинга гўёки Волчанск эгаллангани ва Купянск “олингани” ҳақида ҳисобот берган.

Ўша куни УҚК Купянскнинг катта қисми Украина назоратида эканини маълум қилди. Бу, шунингдек, DeepState украин таҳлилий лойиҳасининг 3 декабр ҳолатига кўра харитасига ҳам мос келади.

DeepState ҳаммуассиси Руслан Микула DW’га берган изоҳида, мудофаа кучлари “жиддий илгарилашга эга бўлмаган” россияликларни сиқиб чиқаришга уринаётганини айтди, шаҳарни қуршаб олиш ҳақида эса умуман гап кетмаётганини таъкидлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид