18:50 / 28.07.2020
16951

Қўрқув ва ҳаяжонни қандай жиловлаш мумкин? Абитуриентларга психолог тавсиялари

Олдинда олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари. Аслида ҳар қандай имтиҳон эмоцияларга бой, ҳаяжонли ўтади. Имтиҳон муддатлари ва шароитлари мавҳум бўлган ҳозирги пандемия шароитида эса абитуриентларнинг ҳаяжони ва хавотири икки ҳиссага ортади.

Тошкент давлат педагогика университети ўқитувчиси, психология фанлари номзоди Гулмира Бойузакова абитуриент учун муҳим аҳамиятга эга бўлган имтиҳонда ҳаяжонни жиловлаш бўйича тавсиялар билан бўлишди.

Aбитуриентнинг имтиҳон вақтида муваффақиятга эришиши икки омилга боғлиқ: назарий ва психологик тайёргарлик. У мавзуларни қанчалик яхши ўзлаштирган бўлса ҳам, имтиҳон вақтидаги ҳаяжон душманга айланиши мумкин.

Диққатни жамланг. Титул варағини тўлдириш каби барча расмиятчиликларни бажариб бўлгач, диққатни жамлашга ва атрофни унутишга ҳаракат қилинг. Сиз учун фақат вазифалар матни ва соатлар мавжуд бўлиши керак. Қатъий белгиланган вақт жавоблар сифатига таъсир қилмаслиги керак. Жавобни киритишдан олдин саволни икки марта ўқинг ва сиздан нима талаб қилинаётганини тўғри тушунганингизга ишонч ҳосил қилинг.

Осонидан бошланг. Тест ечишни сизда шубҳа туғдирмайдиган саволларга жавоб беришдан бошланг. Узоқ ўйлантирадиган саволларга кўп тўхталманг. Шунда анча тинчланасиз, юклама енгиллашади. Мия янада аниқ ишлай бошлайди. Қолган бутун куч ва диққатни қийин саволларга йўналтириш мумкин бўлади.

Шошилманг, вазифани охиригача ўқинг. Вазифани биринчи сўзлариданоқ унинг шартини тушунаман деб шошқалоқлик қилманг. Бунда энг осон саволларга ҳам хато жавоб бериш эҳтимоли ошади. Шошқалоқлик натижасида жавоби миянгизда нақд бўлган саволни ҳам бой беришингиз мумкин.

Фақат ҳозирги вазифа ҳақида ўйланг. Янги вазифани ўқиётганда аввалги ҳамма нарсани унутинг. Тестлардаги вазифалар бир-бири билан боғлиқ эмас, шунинг учун сиз илгари қўллаган қоидалар ва формулалар янги вазифани тўғри ҳал қилишга халақит беради.

Муваффақиятсизликни унутинг. Агар биронта тестга жавобни билмасангиз, бу муваффақиятсизлик таъсирида қолиб кетманг. Янги саволни янги имконият сифатида қабул қилинг. Аввалги вазифалар натижасидаги тушкунлик кейинги топшириқлар самарасига таъсир кўрсатмасин.

Истисно қилинг. Тўғри жавобни билмасангиз, нотўғрилигига ишончингиз комил бўлган жавобларни кетма-кет чиқариб ташланг. Бу вариантлар ўртасида танлов доирасини торайтиради.

Текшириб кўринг. Бажарган топшириқларингизни текшириб чиқишга вақт ажратинг, ҳеч бўлмаганда кўз югуртириб, хатоларни кўриш учун вақт топинг.

Тахмин қилинг. Аниқ жавобга ишончингиз комил бўлмаса, интуитив равишда бирор вариантни танланг. Баъзида интуицияга ишониш керак.

Абитуриентларнинг ота-оналари учун маслаҳатлар

  • Имтиҳон арафасида фарзандингизнинг ташвишини кучайтирманг – бу тест  натижасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ота-оналарнинг ҳаяжони ҳар доим болаларга ўтади.
  • Фарзандингизни хурсанд қилинг, уларни яхши ишлари учун мақтанг.
  • Унинг ўзига бўлган ишончини оширинг, болалар муваффақиятсизликдан қанчалик кўп қўрқсалар, хато қилиш эҳтимоли шунчалик юқори бўлади.
  • Фарзандингиз ўзини қандай ҳис қилишига эътибор беринг, сиздан бошқа ҳеч ким унинг чарчоғини, соғлиги ёмонлашишини сеза олмайди ҳамда бунинг олдини олмайди.
  • Унинг ўқиш режимини назорат қилинг. Имкониятидан ортиқча юкламани бўйнига олишига йўл қўйманг. Дарс қилиш ва ҳордиқ чиқариш ўз вақтида бўлаётганига эътибор беринг.
  • Уйда дарс қилиш учун қулай жой ажратиб қўйинг. Унга ҳеч ким халал бермаслигига ишонч ҳосил қилинг.
  • Фарзандингизни имтиҳонга тайёргарлик техникаси билан таништиринг. Барча маълумотларни ёдлаб олмасдан, уларнинг асосий мағзини тушуниш кераклигини уқтиринг.
  • Фарзандингизга имтиҳонда вақтни тўғри тақсимлай олишни ўргатинг.  
  • Фарзандингиз имтиҳон арафасида етарли даражада ухлаши керак. Унинг имтиҳонда қанча балл олиши мумкинлиги ҳақида ташвишга солманг ва имтиҳондан кейин танқид қилманг. Балл кўрсаткичи унинг ҳақиқий имкониятини ўлчай олмаслиги ҳақидаги фикрни унга сингдиринг.
Мавзу
Қабул-2020
20 июнь куни ОТМларга ҳужжат қабул қилиш бошланди. Имтиҳонлар 1 август куни бошланиши режалаштирилмоқда.
Барчаси
Top