Ўзбекистон | 13:17 / 22.11.2025
5777
3 дақиқада ўқилади

Доллар курси тушгани ҳисобига ташқи қарзлардан тежалган маблағнинг бир қисми экологияга ажратилди

Ўзбекистонда Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш жамғармаси тузилиб, унга 900 млрд сўм ажратилди. Бу маблағнинг бир қисми – давлат қарзини сўндириш учун кўзда тутилган маблағ ҳисобидан берилмоқда. 2026 йилдан бошлаб автомобил импортидаги утилизация йиғимининг 10 фоизи, 2027 йилдан эса 90 фоизи шу жамғармага йўналтирилади. Жамғарма бошқарув кенгашининг 4 аъзоси жамоатчилик вакили бўлади.

Экология қўмитаси биноси / Фото: Қўмита матбуот хизмати

Ўзбекистон Экология қўмитаси ҳузурида Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилди.

Президент қарорига кўра, 2025 йилда республика бюджетидан бу янги жамғармага 900 миллиард сўм йўналтирилмоқда.

Ушбу маблағ – президент топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича фоиз тўловлари учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, октябр ойи охирида Марказий банк раиси Тимур Ишметов сўм курсининг мустаҳкамланиши туфайли давлат қарзи бўйича тўловлардан 1,3 триллион сўм тежаб қолинаётганини айтганди.

Президент қарорига кўра, янги ташкил этилган Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсали жамғармасига 2026 йилда қуйидаги тадбирлар учун мақсадли равишда 548 миллиард сўм ажратилади:

  • “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси учун – 250 млрд сўм;
  • санитар тозалаш ишлари учун – 150 млрд сўм;
  • чўлланиш ва қум кўчишининг олдини олиш мақсадида ҳимоя ўрмонларини (иҳота) яратиш учун – 73 млрд 715 млн сўм;
  • ўрмон хўжалигида махсус техникаларни харид қилиш учун – 66 млрд 285 млн сўм;
  • ҳайвонот ва ўсимлик дунёси ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар давлат кадастрларини юритиш харажатлари учун – 8 млрд сўм;

2026 йил 1 январдан бошлаб, қуйидагилар Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармасига йўналтирилади:

  • Ўзбекистон Республикаси томонидан тасарруф этиладиган углерод бирликлари савдоси натижасида ҳосил бўладиган маблағларнинг 20 фоизи;
  • атроф табиий муҳитнинг ифлослантирилганлиги ва чиқиндиларнинг жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловлари, табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилишида айбдор бўлган жисмоний ва юридик шахслардан маъмурий ва суд тартибида ундириладиган жарималар, молиявий санкциялар ва пул маблағларидан ажратмалар (10 фоиздан 100 фоизгача);
  • транспорт воситаларини “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўланадиган утилизация йиғимининг 10 фоизи.

2027 йил 1 январдан бошлаб, жамғарма даромадлари қуйидагилар ҳисобига кенгайтирилади:

  • пневматик резина шиналар ва покришкалар учун ҳамда келгусида янги жорий этиладиган утилизация йиғимларининг 100 фоизи;
  • транспорт воситаларини “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўланадиган утилизация йиғимининг 90 фоизи.

Қарор билан, Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармасининг бошқарув кенгаши ташкил этилди. Экология қўмитаси раиси раҳбарлик қиладиган кенгаш 9 аъзодан иборат бўлиб, шундан 4 нафари мустақил аъзо – жамоатчилик вакили бўлади.

Жамғарма кенгаши келиб тушган маблағлардан очиқлик ва жамоатчиликка ҳисобдорлик тамойиллари асосида фойдаланишни таъминлайди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид