Жамият | 19:18 / 02.11.2024
73083
8 дақиқада ўқилади

Арчазордан топилган одам боши – Қўштепадаги қотиллик тафсилоти

2022 йилнинг 2 октябр куни Қўштепа туманининг Хумдон маҳалласида яшовчи Расул Имомов маҳалла идорасига бориб, раис ва профилактика инспектори келини кетиб қолганини айтади. Бунгача ҳам оилавий келишмовчилик туфайли бир неча бор кетиб қолган келин бу сафар ота уйига эмас, “келмайдиган жойга” кетган эди. Йўқолган келин топилганида маҳалла аҳли қўрқувдан ёқа ушлаб қолади: у инсон хаёлига келмайдиган ваҳшийлик қурбони бўлганди.    

Фото: Kun.uz

Бундан 2 йил олдин Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида содир бўлган жиноят кўпчиликни ҳайратдан ёқа ушлашга мажбур қилади. Негаки, қотиллик тафсилотини эшитганлар наҳотки овқат учун тортишув шу қадар ваҳшийликка сабаб бўлган бўлса, деган ўйга борарди. Аммо жиноят илдизи, унга сабаб бўлган омиллар анча чуқурроқ эди: овқат устидаги тортишув эса шу ҳолдаям лиммо-лим тўлган пиёлага сўнгги томчи бўлганди холос.    

Тўй

Расул Имомов 2011 йилда ўзи билан бирга яшайдиган учинчи фарзанди Ҳусниддинни яхши ниятларда Гулмира исмли қизга уйлантириб қўяди. Қўл-оёғи чаққон келин елиб-югуриб қайнона ва қайнотанинг хизматини қила бошлайди. У Олтиариқ тумани Файзиобод қишлоғидаги болалар соғломлаштириш санаториясида кутубхоначи вазифасида ҳам ишларди.

Тўй ўтганидан бир йилдан кейин негадир қайнона ва келин ўртасига совуқчилик тушади: Гулмира қайнонаси билан саломлашмайдиган, гап қайтарадиган одат чиқаради. Турмуш ўртоғи билан ҳам гоҳ-гоҳида жанжаллаша бошлайди. Албатта, ҳар доим бўлгани каби бу ерда ҳам қарс икки қўлдан чиққан.

Келиннинг уйга қайтиши

Арзимас кўринган бу жанжаллар бора-бора оилавий келишмовчиликка айланади ҳамда келин фарзандли бўлгач ота уйига кетиб қолади. Унинг ортидан борган турмуш ўртоғи ўша ерда бирор ой бирга яшайди ва сўнгра ишлаш учун Россияга кетади. Бироқ Россияда Ҳусниддиннинг ишлари юришмайди, 1,5 ойда депорт бўлиб ортга қайтади.

У уйига эмас, тўғри ота уйида яшаётган турмуш ўртоғининг олдига бориб, ўша ерда яшай бошлайди. Бир ой ўтгач эса хотинини олиб, ўз уйига келади.

Шу тариқа, Гулмира гоҳ ота уйига кетиб, гоҳ келинлик уйига қайтиб яшаб юради. 2022 йилнинг 1 октябр куни у яна ғойиб бўлади. Аммо бу сафар у аччиқлаб ота уйига кетмаганди.

Адирликдан топилган мурда

2022 йилнинг 2 октябр куни Расулжон Имомов маҳалла раиси ҳамда профилактика инспекторига келини кетиб қолганини айтади. Кўп ўтмай келиннинг ота уйига бормагани ойдинлашади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, Гулмиранинг яқинлари оёққа туради ва уни излай бошлашади. Қидирув ишлари кўпга чўзилмайди: Олтиариқ тумани Файзиобод маҳалласидаги фермер хўжалик ерларига туташ майдондан танадан ажратилган бош топилади. Келин мудҳиш қотиллик қурбони бўлган эди.

“Овқатни мазалироқ пиширинг, келин”

Гулмиранинг қотили аслида маҳалла раиси ва профилактика инспекторига унинг кетиб қолгани ҳақида хабар берган қайнотаси, 1958 йилда туғилган Расул Имомов эди.

2022 йилнинг 1 октябр куни соат 15:00 ларда кўчадан уйга қайтган қайнота ошхонада келини Гулмира овқат пишираётганини кўриб, унга таомни мазалироқ пиширишни буюради. Бунга жавобан келин жаҳл қилган ҳолда овқатни қўлидан келганча тайёрлашини, қандай бўлса-да, барибир уни ейишини айтади.  

Бундан ғазабланган қайнота уйда улардан бошқа ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ошхонага киради ҳамда қўли билан Гулмира Қосимованинг бўйнидан уради. Зарбадан келин ерга йиқилиб, ҳушини йўқотади.

Адирликдаги қотиллик

Расул Имомов ҳушсиз ётган келинини Matiz машинасининг орқа ўриндиғига юклаб, Фарғона тумани Оқбилол қишлоғидаги адирлик майдонига олиб боради. Атрофда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, Гулмирани машинадан тушириб, пичоқ билан кесган ҳолда бошини танасидан ажратиб олади. 

 Сўнгра қотил қайнота келинининг бошини целофан пакетга солиб, машинага қўяди. Танасини эса қўл ва кўкрак соҳаларидан бўлакларга ажратиб, адирлик яқинидаги чиқинди ташлаш жойига улоқтириб юборади. Кесиб олинган бошни эса Олтиариқ тумани Файзиобод маҳалласидаги боғдорчилик фермер хўжалигига қарашли ер майдонининг четидаги арча дарахти орасига яшириб кетади.

“Келинлик вазифасини бажармагани учун ўлдирдим”

Расул Имомов суддаги кўрсатмасида воқеани шундай ҳикоя қилиб берган: 

 “Ўша куни турмуш ўртоғим ва ўғлим уй рўпарасида жойлашган боғда ўт ўришаётганди. Невараларим эса кўчада ўйнаб юришган экан. Овқат пишираётган келинимга яхшироқ пиширишни, йўқса ошқозонда ҳазм бўлиши қийинлигини айтдим. Келиним менга гап қайтариб, нима қилса ҳам истеъмол қилишларини айтди. Шундан сўнг келин ошхона эшигини қаттиқ ёпиши оқибатида эшикнинг ойнаси синди.

Бундан жаҳлим чиқиб, келиннинг олдига бордим ва ўнг қўлим билан бўйин соҳасига урдим. Келин бетонга боши билан йиқилиб, ҳушидан кетди ва хириллай бошлади. Уни ўляпти деб ўйладим.

Ҳовли дарвозасини беркитиб, иккала қўлтиғидан кўтарган ҳолда келинни машина олдига судраб бордим ва орқа ўриндиққа ётқиздим. Машина бошқариб, катта йўлга чиқдим. Фарғона туманига қарашли Оқбилол маҳалласидаги адирлик томонга бориб, бироз дам олдим. Бу вақтда соат 18:15 лар бўлганди.

Доимо машинада пичоқ олиб юрардим. Келинни машинадан пастга тушириб, юзини пастга қаратган ҳолатда сочидан ушладим ва бўйин қисмидан кесдим. Пичоқ ўткир бўлгани сабабли бўйин тез кесилди. Бошни танадан суякларни синдириш йўли билан ажратдим. Танани жарликка ташлаб юбордим. Бошни эса ўзим билан бирга “Фарғона-Қўқон” йўлига қадар олиб келдим ва Фарғона томонга тахминан 1 км юриб, йўл бўйидаги арчанинг орасига жойлаштириб қўйдим.

Шундан сўнг уйга келдим. Ўғлим, турмуш ўртоғим ва невраларим чой ичиб ўтирган экан. Турмуш ўртоғим менга келин йўқлигини айтди.

3 октябр куни соат Олтиариқ туманидан аёл кишини боши топилгани ҳақида хабарга асосан мени ИИБга олиб бориб, келиним ҳақида сўрашди. Шунда барчасини айтиб бердим”.

Расул Имомов кўрсатмасида жиноятни бир ўзи содир этганини, нияти қилмишини яшириш бўлганини баён қилган. Шунингдек, у Гулмира Қосимовани қасддан ўлдиришига асосий сабаб оилавий келишмовчилик бўлганини, келини уни, турмуш ўртоғини, ўғлини ҳурмат қилмаганини, келинлик вазифасини бажармаганини маълум қилган.

“Энг оғир жазони беришсин”

Судда сўралган марҳуманинг отаси Н.Қосимов ушбу жиноятда нафақат Расул Имомов, балки унинг ўғли ва турмуш ўртоғининг ҳам алоқаси ва қўли бор деб ҳисоблашини билдирган.

Қизим турмушга чиққач куёвим уни кўп урадиган, ишларидан камчилик ахтарадиган бўлиб қолди. Қизим кўп маротаба фарзандларини олиб уйга келганида турмуш ўртоғим унга болалари борлигини, ҳали ҳаммаси ўз изига тушиб кетишини тушунтирарди.

Қизим Гулмирахонга унинг қайнотаси Расул Имомов ҳам руҳий тазйиқ ўтказган ҳолда уй юмушларини яхши бажара олмаётганини, овқатни ширин пиширмаётганини гапириб, асабига тегиб келган. Қизим табиатан тўғри сўз, ҳақиқатни гапирадиган, меҳнаткаш, болаларига меҳрибон ва уларни яхши парвариш қиладиган, ўзи ишлаб, болалари ва ўзини таъминлай оладиган аёл эди.

2022 йил 3 октябр куни ИИБ ва прокуратура ходимлари келиб, қизим Гулмирани қидириб топиш бўйича суриштирув ҳаракатларини ўтказишганини, излаш ишлари Қўштепа, Олтиариқ ва Фарғона туманларида ҳам амалга оширилганини билдиришди. Шу куни кечга яқин қариндошларим, қўшниларим уйга келиб, қизимнинг жасади Олтиариқ ва Фарғона туманлари ҳудудларидан топилганини, у вафот этганини маълум қилишди”, деган у.

Жазо

Расул Имомовнинг қилмиши гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда экспертиза хулосалари ва бошқа далиллар билан тўлиқ ўз исботланган. 

Суд ҳукмига кўра, Расул Имомов Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в” банди ва 134-моддаси (қабрни таҳқирлаш) 1-қисми билан айбдор деб топилган. Унга 13 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Руслан Сабуров,
Kun.uz
Суд материали асосида тайёрланди

Мавзуга оид