Тожиали ота чорбоғига ёғочдан лифт ясаган. Баҳаво тепаликка лифтда кўтарилиб ошна-оғайнилари билан суҳбат қуради. Қайиқда сузиб балиқ овлайди, асалари, узум парваришлаб яхшигина даромад олади. “Инсон доим ҳаракатда бўлиши, ҳаётдан завқланишни билиши керак”, – дейди анчагина тетик отахон.

Фарғона вилоятининг Қўштепа тумани Қоражийда қишлоғида яшовчи Тожиали ота Нортожиев билан суҳбатлашсангиз дилингиз яйрайди. Отахон лифтни нима мақсадда ясагани, кичиккина балиқчилик кўли, асалари ҳақида сўзлаб берди.

Тожиали Нортожиев

“Мана шу ҳовузни 20 йил аввал балиқ боқиш мақсадида қазиганман. Ҳар йили балиқ кўпайтириш учун уруғ ташлайман. Куз ойларида тайёр бўлиб етилган балиқларга қармоқ ёки тўр ташлаб тутиб қариндошларга, маҳаллага савоб учун тарқатамиз.

Балиқ овлаётган одам бор диққатини бир ишга қаратиб фақат шу билан машғул бўлар экан. Бошқа дунё машғулотларини унутиб фақат балиқ овлашга асосий эътиборини бераркан. Шунинг учун ҳам балиқ тутиш умрни узайтиради. Асабларининг тинчланишига олиб келади.

Ният қилганман, Худо хоҳласа 100 ёшга кирсам ҳам балиқ боқиш, асалари кўпайтириш билан шуғулланаман.

Асаларининг инсон соғлиғига катта фойдаси бор, ҳатто заҳри ҳам шифо одамзодга. Ибн Сино бобомизнинг тайёрлаган кўп дорилари таркибида асал бор. Асалари боқиш ҳам кунлик юмушим. Улардан олинган асални савдо учун ишлатмаймиз, тижорат билан шуғулланмаймиз. Асални йўқсил оилаларга ҳам хайрия қиламиз.

Аллоҳ қувватимизни бериб турса ҳар куни кўлга келиб балиқларни овқатлантириб тураман. Боғимизда 3-4 хил узум навлари бор. Ризққа яраша ҳар йили ҳосил бериб турибди. Бу узумларни 13-14 йил аввал экканман ва яқинда бошқа хил навларни ҳам олиб келиш ниятимиз бор.