Жаҳон | 20:36 / 17.04.2020
17557
7 дақиқада ўқилади

Тиббиёт ходимларига нисбатан дискриминация — АҚШ–Канада чегарасидаги ҳолат мисолида

Пандемия даврида тиббиёт ходимларини эъзозлаш билан бирга, уларга вирус тарқатувчи деб қараб, дискриминация қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Тахминан 1600 нафар тиббиёт ходими Канаданинг Виндзор шаҳридан АҚШнинг коронавирус авж олган Детройт шаҳрига қатнаб ишламоқда. Аммо улар вирус ташувчиси бўлиб қолиши мумкин, деган хавотирлар бор.

АҚШнинг Детройт ва Канаданинг Виндзор шаҳарларини Детройт дарёси ажратиб туради. Икки томонни сувости туннели ва Элчи деб ном берилган йирик кўприк боғлаб туради.

The New York Times чоп этган «Детройтда улар қаҳрамон, Канадада эса уларни потенциал хавф деб кўришмоқда» сарлавҳали мақолада шу ҳақда сўз боради.

Пандемия туфайли АҚШ-Канада чегарасини кесиб ўтиш ҳозир кўпчилик учун иложсиз. Лекин Лаура Дуфресне каби Канадада яшаб, АҚШда ишлайдиганлар учун чегарани кесиб ўтиш – доимги кун тартибининг бир қисми бўлиб қолмоқда.

Виндзор-Детройт ўртасидаги тафовут ва яқинлик

Дуфресне хоним – Онтарио штатининг Виндзор шаҳридан Детройтга ишга борадиган 1 600 ҳамшира ва тиббиёт ходимларидан бири. У яшайдиган Виндзор шаҳрида 217 минг аҳоли бор. Детройт эса 4 миллионлик аҳолига эга мегаполис.

Виндзорда инфекция тарқалиши нисбатан назорат остига олинган бўлса, Детройт – АҚШнинг инфекция энг авж қолган нуқталаридан бири.

Мисс Дуфресне каби тиббиёт ходимлари бу вазиятда ўзларининг тиббий бурчини бажариб, ноқулай ҳолатга тушмоқда. Канада расмийлари потенциал хавф олдида ўзларини қўпол тутишмоқда, натижада соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ҳатто уйларида ҳам касаллик ташувчиси сифатида ўзларини босим остида сезишяпти.

Бу фақат виндзорликлар учун эмас, балки бутун Канадага тааллуқли. Сабаби АҚШда вирус тарқалиши авж олиб кетган, Канадада эса беморлар сони қўшнисига қараганда 22 баробарга кам.

Бошқа мамлакатларда ҳам тиббиёт ходимлари шифохоналардан чиқиб, уйларига қайтишаётганда жамоатчилик томонидан ўзларига вирус тарқатувчилар тарзида муносабатда бўлишаётганини сезишмоқда.

Масалан, Мексикада расмийлар тиббиёт ходимларига нисбатан бир нечта ҳужум ва дискриминация содир бўлганини қайд этишди. У ерда ҳамширалар ҳужумга учраган, автобуслардан тушириб юборилган ва уларга хлор сепилган.

Бу каби ҳолатлар Виндзор расмийлари олдига қандай қилиб қўшниларига ёрдам бериш ва бир вақтнинг ўзида фуқароларини ҳимоя қилишни амалга ошириш вазифасини қўймоқда.

«Ўйлайманки, бу қийин вазиятда қўшниларимизни ташлаб қўйишимиз керак эмас. Бироқ биз ҳар бир қадамимизда фуқароларимизни, тиббиёт ходимларимизни ҳимоя қилаётганимизга ва хавфни имкон даражасида қисқартираётганимизга ишончимиз комил бўлиши керак», дейди Виндзор-Эссекс тиббиёт бирлашмаси тиббий офицери Важид Аҳмад.

Айтиш жоизки, Канада-АҚШ чегараси 21 мартда ёпилган, фақатгина маълум тоифа касб эгаларигина чегарадан ўтишига рухсат бор.

Детройт ва Виндзор шаҳарларини Детройт дарёси ажратиб туради. Одатий кунларда бир шаҳардан иккинчисига кўприк ёки сувости туннель йўли орқали бир неча дақиқада ўтиб олиш мумкин.

Детройт ва унинг атрофидаги ҳудудларда вирусдан зарарланиш ҳолатлари 20 мингга яқинни ташкил этмоқда. Бутун Канада бўйлаб эса 30 мингга яқин зарарланиш ва 1200га яқин ўлим қайд этилган.

Детройтда аҳоли сони Виндзордагига қараганда 20 баравар кўп. Инфекция юқтириш ҳолатлари ва ўлимлар сони бир неча ўн каррага фарқ қилади.

Доктор Важид Аҳмаднинг айтишича, Виндзордаги касаллик юқтиришнинг ҳар учинчи ҳолати АҚШга кунлик ишлаш учун борадиган тиббиёт ходимларига боғлиқ.

Тиббиёт ходимининг кун тартибидаги ўзгариш

Доктор Дуфресне 11 йилдан бери Детройтдаги турли касалхоналарга Виндзордан қатнаб ишлайди.

«Чегара қўриқчилари ҳурмат билан муносабатда бўлишяпти. Канада чегара хизмати томонидан барча тиббиёт ходимлари машиналарига қатнов учун махсус стикер берилган», дейди доктор Дуфресне.

Бироқ Дуфреснеда энди кучли дезинфекциядан иборат ишдан кейинги алоҳида кун тартиби ҳам бор.

У машинасини гаражга қўйиши биланоқ тезда барча кийимларини ва сумкаларини ювиш учун ажратади, машинани дезинфекция қилиб, сўнг ювинишга киради.

«Мичигандаги ҳолатни Виндзорга солиштиришнинг ўзи даҳшатли. Мен хавфдан огоҳман ва уни чеклашга ҳаракат қиламан. Лекин ўз беморларимга қарашдан воз кечмайман», – дейди Лаура.

Шунингдек, унга Виндзордаги айримлар таклиф қилгандек, мактаб ёшидаги икки боласидан ойлаб ёки ҳафталаб ажралиб Детройтда бирор меҳмонхонага кўчиб ўтиш нияти ҳам йўқ.

«Детройт – каръера учун қулай шаҳар…»

Одатда, Детройт шифохоналари Виндзордагиларни фаоллик билан ишга қабул қилиб келган. Доктор Дуфресненинг айтишича, Виндзордаги кичик шифохонларга солиштирганда Детройтда ишлаш карьера қилиш учун ҳам яхши. Виндзорда мураккаб тиббий ёрдам ёки алоҳида тиббий парваришга муҳтож беморлар шаҳардан 120 мил (193 км атрофида) узоқликдаги вилоят шифохоналарига юборилади.

Доктор Аҳмад шунча тиббий ходимининг Виндзордан доимий ишга қатнашига қарамай, уларнинг қатнови статистикаси юритилмаслигини айтмоқда.

Ҳенри Форд тиббиёт тизими маълумотларига кўра, Детройтдаги 6та тиббий муассасанинг 6200 ҳамширасидан 538 нафари – канадаликлар.

Масалан, Дуфресне – жарроҳлик ҳамшираси, у ишлайдиган гуруҳнинг қарийб 40 фоизи Виндзорда яшайди.

Қандай қилиб чегарадан ўтувчиларни камайтириш мумкин

Доктор Аҳмаднинг фикрича, Канада расмийлари тиббиёт ходимлари чегарани камроқ кесиб ўтишига эътибор қаратиши керак. Бунда уларни Детройт меҳмонхоналарида қолишга жалб қилиш, ярим ставкаликларга чегарани кесиб ўтишга рухсат бермаслик ва эҳтиёж бўлса, халқаро қатновчиларни уйларида ўзларини оиласидан изоляция қилишга эришиш кабилар амалга оширилиши мумкин.

Дуфресне эса баъзи ҳамкасблари ижтимоий тармоқларда танқидга учраганини, улардан бири ҳатто банкка киритилмаганини айтмоқда.

«Менимча, одамлар қўрқяпти. Уларда нотўғри ахборотлар кўп», – дейди у.

«Тиббиёт ходими учун чегара аҳамиятсиз...»

Кўпчилик тиббиёт ходимлари ўзларининг касаллик рискини камайтириш бўйича мутахассис эканликлари ва Виндзордаги ҳолатни ҳам тушунишларини таъкидлашмоқда.

«Баъзи одамларнинг ичи негативга тўлган. Ахир тиббиёт ходимлари савдо марказларида айланиб юришгани йўқ-ку», – дейди Детройтдаги шифохоналардан бирининг административ тиббиёт ходими Заин Исмоил.

Заин Детройтдан ўз уйига – Виндзорга қайтганида ташқарига чиқмайди. Рўзғорга керакли нарсаларни дўстлари харид қилиб олиб келиб беришмоқда.

«Агар сен тиббиёт ходими бўлсанг, қайси чегара эканининг фарқи йўқ: сен битта йўлдан боришинг керак», деб ҳисоблайди Заин Исмоил.

Мавзуга оид