Жамият | 19:09 / 31.03.2020
11611
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш тарғиботи доирасида болалар учун интерфаол ўйин яратилди

Бугун, 31 март куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида koronavirusinfouz телеграм-канали администратори Ҳикматилла Пўлатов канал фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди. 

Унинг айтишича, Телеграм мессенжери яратувчиси Павел Дуров Ўзбекистонда расмий маълумотларни тарқатаётган ушбу канал тарғиботига катта ёрдам берган.

“Коронавирус инфекцияси Ўзбекистонда аниқланганида, ижтимоий тармоқларда жуда кўп фейк хабарлар тарқаб кетди. Шу сабабли биз расмий, ишончли хабарлар каналини очишга қарор қилдик. Айни вақтда бу канал устида жуда кўп одам ишламоқда. Каналимизни оммавийлаштиришда жуда кўпчилик ёрдам берди.

Жумладан, Телеграм мессенжери асосчиси Павел Дуров томонидан уч кун ичида расмий саҳифа эканлигини кўрсатувчи “галочка” берилди. Бундан ташқари, мессенжердан фойдаланадиган ҳар бир ватандошимизга телеграм-саҳифамиз ҳақида хабарнома юборилди.

Кўряпмиз, айрим давлатларда  шифокорлар ишга чиқишмаяпти. Лекин бизникилар ҳамиша коронавирусга қарши курашга тайёр турибди. Бизнинг шифокорлар жуда кўп иш қилишмоқда. Буни эътироф этиш даркор. Душманга қарши кураш тарғиботи ҳамма жойда бўлиши керак. Бу бутун дунё қўллаётган тажриба”, дейди Ҳикматилла Пўлатов.

У шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев ғояси асосида интерфаол ўйин яратилганини маълум қилди.

Пўлатовнинг сўзларига кўра, ушбу ўйин учта – ўзбек, рус ва инглиз тилларида бўлиб, болаларни санитария-гигиена қоидаларига амал қилишга ундашга ёрдам беради. Унинг таъкидлашича, мазкур ўйиндаги қаҳрамонлар миллий анъаналаримизга мос ҳолда тасвирланган. Ўйин якунида болаларга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари эслатиб ўтилади. 

“Мазкур ғоя бўйича ЮНИСЕФ билан иш олиб бормоқдамиз. ЮНИСЕФ вакиллари ушбу ғоя БМТ бош котиби Антониу Гутерришга тақдим этилишини, унинг тарғиботи кучайтирилишини маълум қилишди”, деди Пўлатов.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид