Ўзбекистон | 17:28 / 20.04.2020
29053
6 дақиқада ўқилади

«Ўқувчиларнинг кийиниши масаласига тўғридан тўғри аралашиш чекланади» – Баҳсли қарор лойиҳаси бўйича изоҳ берилди

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари ўринбосари Аслиддин Одилов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонда таълим сифатини оширишдаги турли муаммолар ва инспекция фаолияти юзасидан қатор саволларга жавоб берди.

Суҳбат давомида Одилов инспекция томонидан regulation.gov.uz порталига жойлаштирилган ва жамоатчилик томонидан кескин эътирозлар билан кутиб олинган «Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси мақсади ҳамда ҳужжат лойиҳасининг кейинги тақдири борасидаги саволга ҳам тўхталиб ўтди.

Маълумот учун, ҳужжатда нодавлат таълим муассасалари ўқувчиларининг кийимига турли дин ва конфессиялар ҳамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига хос бўлган ҳарбий ва идоравий формали кийим-бош кийиб юришга йўл қўймаслик таклиф қилинган.

«Биз ҳар қандай ҳаракатни амалга оширишдан аввал унга нисбатан халқнинг фикрини ўрганамиз.

Оддий ҳолат, мактаб формаси бўйича эътирозлар аввал ҳам бўлган, лекин бу борада масъул ташкилотлар сукунат сақлашни ўзига тўғри стратегия деб билган. Биз ҳам сукунат сақлаб, жим турсак бўларди, лекин фикр билдирдик.

Ижтимоий тармоқларни кўряпсиз, қайсидир олий таълим муассасасида талаба калта пайпоқда келса, уни дарсга қўйишмаяпти. Қайсидир мактабда эса ўқувчининг сочи узунлигини линейкада ўлчашяпти. Демак, биз бу борадаги низоларни ўрганиш ва уни ҳал қилишда умумий қолип ишлаб чиқиш учун ҳам халқнинг фикрини ўрганишимиз керак эди», – дейди инспекция мутасаддиси.

Аслиддин Одилов

Нодавлат таълим муассасалари ўз номи билан нодавлат экани ва бу каби муассасаларда ўқувчиларининг ташқи кўринишига қатъий талаблар қўйилиши болаларнинг танлаш ва ўзини ифода этиш эркинлигини чеклашга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Одилов қуйидагича муносабат билдирди.

«Инспекция таълим сифатини хоҳлайди. Агарда ўқувчида уни таълим сифатидан чалғитувчи, дарсда диққатини бузувчи, уйга борганда дарс тайёрлашига халақит берувчи ва ўқитувчини эшитишга халақит берувчи нарсалар бўлса, биз унга барҳам беришимиз керак.

Ҳужжатни умумхалқ муҳокамасига қўйдик ва таклиф йиғдик. Минг раҳмат, фуқаролар фаол бўлишди ва жуда яхши таклифлар беришди. Эндиликда бу таклифларни таҳлил қилган ҳолда умумий лойиҳа ишлаб чиқяпмиз ва уни яқин кунларда эълон қиламиз», – деди Аслиддин Одилов.

Инспекция мутасаддисига лойиҳадаги жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган бандлар ўзгардими ва умуман, таклифлардан кейин нималар ўзгармоқда мазмунида қўшимча савол берилди.

Одиловга кўра, тайёрланаётган янги лойиҳада ўқувчиларнинг кийиниш масаласига тўғридан тўғри аралашув ҳолатлари чекланади.

«Биринчидан, сочни линейкада ўлчаш, калта пайпоққа қараб ўқишга киритмаслик каби амалиётлар бартараф этилади.

Иккинчидан, таълим тарбия йўналишида таълим муассасаларининг ўзига кўпроқ мустақиллик берилади. Бунга кўра, таълим ташкилоти раҳбарияти қандайдир амалиёт ўқувчининг сифатли таълим олишига ҳалақит беришини сезса, ўзларининг тартибларини киритиши мумкин бўлади», – деди у.

Таъкидланишича, инспекцияга ҳам фарзандини қандайдир сабаблар билан дарсларга киритмаслик бўйича ота-оналардан кўплаб эътирозлар билдирилади. Бу борада эса қандайдир тартибнинг ўзи йўқ.

«Биз қонуний ечим таклиф қилдик ва бу жараёнда фақат регулятормиз. Яъни биз фақат умумий қолипни қўйиб берамиз. Бундан келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш режалаштирилган.

Бу ерда кимнингдир ҳуқуқини чеклаш кўзланмаган.

Сиз нодавлат дедингиз, Биз учун давлат, нодавлат – бир хил тушунча. Иккаласига бир хил ҳуқуқ ва эркинлик берилиши керак.

Биз давлат ва нодавлат деган тушунчадан воз кечишимиз керак. Улар таълим ташкилоти. Уларга сифат ҳам, фаолиятига доир имкониятлар ҳам бир хил бўлиши керак. Дискриминация нотўғри масала. Бизнинг позициямиз шундай.

Бу низоли вазият ва таклиф охирги қарор эмас», – деди инспекция раҳбари ўринбосари.

Мавзу бўйича муҳокамада сайт мухбири Аслиддин Одиловга инспекцияда кийиниш ва бир хил форма амалиётининг таълим сифатига таъсири борасида бирор ишончли таҳлил бор-йўқлиги борасида савол берди.

«Бизда айнан форма масаласининг таълим сифатига таъсири бўйича илмий изланишлар йўқ. Афсуски йўқ, Ўзбекистонда қилинмаган бу нарса, хорижда эса бор.

Ҳар бир қарор илмий асосланган бўлиши керак. Биз шунинг учун ҳам хорижий тажрибага мурожаат қиляпмиз. Бу нарса хорижда қилинган, у бўйича яна қайта изланиш қилишга ҳожат йўқ. Биз тезлаштирилган усулдан фойдаланяпмиз. Таълим сифати бўйича илгарилаб кетган давлатларга етиб олишимиз керак. Биз гибрид моделдан кетяпмиз, унга кўра ўзимизнинг хусусиятлардан келиб чиқиб, хориж тажрибасини оламиз», – деди Аслиддин Одилов саволга жавобан.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров

Мавзуга оид