Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кападзе мураббийлар штабида кўп вақт қолмоқчи эмас
Миллий жамоанинг собиқ бош мураббийи янги бош мураббийга вақтинча ёрдамчилик қилиши, навбатдаги йиғинлардан кейин жамоада қолмаслиги мумкинлигини айтди.
Ўзбекистон миллий жамоасининг эндиликда собиқ бош мураббийи Тимур Кападзе янги бош мураббий Фабио Каннаваронинг штабида фақат вақтинча ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаши мумкин.
У навбатдаги йиғинлардан кейин ўз йўлида давом этиши мумкинлигини айтиб ўтди.
«Жамоага омад тилайман. Ўзбекистон терма жамоаларида 4 йилдан зиёд фаолият олиб бордим ва ўйлайманки, уни муносиб бажара олдим. Янги бош мураббийга муваффақият тилайман.
Ушбу ва кейинги ўқув-машғулот йиғинида жамоага ёрдам бераман қолганини вақт кўрсатади», – деди Кападзе.
ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов эса янги бош мураббий олиб келиш орқали Кападзега ҳурматсизлик кўрсатилмагани ҳақида гапирган.

«Сречко Катанец бошчилигудаги жамоа билан Жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилгач, шартнома муддати узайтирилиши кўзда тутилган эди. Бироқ бош мураббийнинг саломатлиги кутилмаганда ёмонлашди.
Унинг мураббийлар жамоаси эса академияда, турли терма жамоаларимизда фаолият юритишлари кутилмоқда.
Мураббий тайинлашда халқаро экспертлар, таҳлилчилар ва мураббийлар кенгаши томонидан доимий равишда ўрганишлар давом этди. Тимур Кападзенинг салоҳияти ва мураббийлик маҳоратига заррача шубҳа йўқ, унга нисбатан ҳурматсизлик қилинмади. Мақсадимиз биргаликда халқаро даражада ривожланишдан иборат.
Мақсадимиз ҳар куни ривожланиш, биз футболи ривожланаётган мамлакатлардан биримиз, тизимли равишда ишларимизни йўлга қўйиб олишимиз керак. Каннаваро келиши биланоқ, ёшлар жамоаларимиз мураббийлари билан кўришди, суҳбатлашди, таҳлилий ишларни бошлаб юборди, бу профессионализм.
Ўз ишимизга танқидий ёндашиб, бугун кечагидан яхшироқ бўлишга интилишимиз керак», деган у.
Ўзбекистон миллий жамоаси октябр ойида иккита ўртоқлик учрашуви ўтказиши режалаштирилган. 9 октябр куни Тошкентда Кувайт билан, 13 октябр куни Малайзияда Уругвай билан ўйинлар ўтказилади. Катта эҳтимол билан, шу ўйинлардан кейин Кападзе штабни тарк этади.