2025 йил ўзбек футболи учун эътиборли воқеаларга бой бўлди. Сўнгги ўн йиллик, янги аср, умуман, футболимиз тарихида шу пайтгача кузатилмаган ҳодисалар биргина йилга сиққанининг ўзи – мухлислар учун эсда қоларли давр бўлганини кўрсатади. Қуйида бу воқеалар бирма-бир эслаб ўтилади.

Абдуқодир Ҳусанов АПЛда

Бир йил олдин шу пайтларда Абдуқодир Ҳусановга «Манчестер Сити» қизиқаётгани ҳақидаги хабарлар чиққанида кўпчилик бу рўй беришига ишонмаганди. Ўзбекистонлик ҳимоячи у пайтларда «Ланс»да энди ўзини кўрсата бошлаган, унинг маҳоратига ўзбек мухлисларида шубҳа бўлмаса-да, бирданига энг чўққига, Пеп Гвардиоланинг «қўлига» бориб тушишни Ҳусановнинг ўзи ҳам орзу қилган бўлса-да, бу шу қадар тез рўй беришини ўзи ҳам кутмагани тайин.

Аммо бу содир бўлди. 2025 йил бошида бутун дунё ўзбекистонлик ҳимоячи ҳақида билиб олди, тармоқлардан Ўзбекистон миллий жамоаси, Ҳусановнинг ўйинлари ҳақида маълумотлар қидира бошлашди. Ҳусанов феврал ойидаёқ «Челси»га қарши дебют қилди, кейин бир қатор ўйинларда бошланғич таркибда тушиб, жамоа учун қийин даврда ўзини кўрсатди. У мавсум давомида асосий таркибдан тушиб қолди, аммо бу нормал ҳолат – «Манчестер Сити» каби топ-жамоа рўйхатида бўлиш, деярли ҳамма ўйинда қайдномадан ўрин олиш ҳам жуда катта воқеа. Эрлинг Ҳоланд билан бирга машғулотлар эса ҳеч қайси расмий ўйин бермайдиган тажрибани тақдим этиши шубҳасиз.

2025 йилда Абдуқодир Ҳусанов жами 19 ўйинда «Манчестер Сити» либосида кўриниш берди – АПЛда 11, Чемпионлар Лигасида 3, ички кубок ўйинларида 4 ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 1 марта. Англия кубогида «Лейтон Ориент» дарвозасига гол ҳам урди. Килиан Мбаппе, Винисиус, Муҳаммад Салоҳ, Сон Ҳёнг Мин, Александр Исак, Виктор Йокереш каби номдор ҳужумчиларга қарши ҳаракат қилди. Энг муҳими, айнан 2025 йилда Ҳусанов исми энди футбол олами учун бегона эмас, унинг устунликлари, камчиликлари маълум ва доим ҳимояни кучайтириш мақсадида трансфер бозорига чиққан топ-жамоалар учун вариант сифатида тилга олинаверади. 

U17 жамоаси – Осиё чемпиони

Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси охирги бор 2012 йилда, Дилшод Нуралиев қўл остида қитъа чемпионига айланганди. Ислом Исмоилов шогирдлари тарихда иккинчи марта мана шундай совринга эга бўлишди.