Жаҳон | 15:33 / 30.05.2021
38873
8 дақиқада ўқилади

АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетиши Марказий Осиё давлатлари учун нимани англатади?

АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши хавфсизликка янги таҳдидларни келтириб чиқаришдан ташқари, бир қанча жиддий иқтисодий оқибатларга ҳам олиб келади.

Фото: Matt Cardy/Getty Images

2021 йил 1 майдан эътиборан Қўшма Штатлар расмий равишда Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни бошлади. Жо Байденнинг янги маъмурияти АҚШ ва НАТОнинг Афғонистон заминидаги ҳарбий иштирокини 11 сентябрга қадар тугатишни режалаштиряпти.

Айни пайтдаги Афғонистон ҳукумати ичида манфаатдор ва сиёсий гуруҳлар ўртасидаги ҳокимият учун кураш ва ҳарбий жиҳатдан тобора кучайиб бораётган толиблар мамлакатда АҚШ томонидан таъминланган куч мувозанатини ўзгартириш учун аниқ имкониятларга эга. Бу сиёсий вазиятнинг беқарорлашиши ва ҳарбий таҳдидлар ошишидан хавфсираётган Марказий Осиё мамлакатларини жиддий ўйлашга мажбур қилмоқда.

Шунингдек, ўзларининг геосиёсий ёки геоиқтисодий манфаатлари йўлида АҚШ томонидан қолдирилган вакуумни тўлдиришга интилаётган ташқи ўйинчиларга айни вазият қулай бир имконият яратмоқда.

АҚШ қўшинларининг расмий равишда чиқиб кетиши Марказий Осиё мамлакатлари учун Афғонистонга яқинлигини ҳисобга олган ҳолда алоҳида аҳамиятга эга ва бу қатор стратегик оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу нуқтайи назардан, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг 23 апрель куни Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари билан С5 + 1 доирасидаги учрашувини АҚШнинг минтақадаги мажбуриятларини таъминлашга уриниш ва бошқа минтақаларга сигнал бериш сифатида баҳолаш мумкин.

АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетаётган бўлса-да, минтақа Қўшма Штатлар ташқи сиёсатида муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзоднинг май ойи бошларида Тошкент, Кобул ва Душанбега амалий ташрифи давомида эҳтимол АҚШ қўшинларини Марказий Осиёда жойлаштириш бўйича таклифлар билдирилган бўлиши мумкин.

Бу омиллар шуни кўрсатадики, АҚШнинг минтақага нисбатан сиёсати учун янги нуқтайи назар шаклланиши мумкин.

АҚШ Афғонистонни тарк этишининг Марказий Осиё давлатларига иқтисодий таъсири

АҚШ Афғонистонни тарк этишининг оқибатларини турли йўналишларда таҳлил қилишда иқтисодий жиҳатдан ёндашиш жуда муҳимдир.

Биринчидан, минтақада савдо ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш билан боғлиқ сиёсий ва иқтисодий омиллар келажакдаги тараққиёт учун асос яратади. Афғонистонда Марказий ҳукуматнинг заифлашиши ва радикал гуруҳлар вакилларининг ҳокимият тепасига кўтарилиши мамлакатнинг ривожланишини ўнлаб йиллар орқага қайтариши ва келажакда жаҳон ҳамжамияти учун ҳал қилиш анча қийин бўлган янги муаммоларни олиб келиши мумкин.

Афғонистондаги ички можаронинг чуқурлашиши мамлакатнинг шимолий чегаралари устидан назоратни сусайтиради. Ўз навбатида, бу Тожикистон учун контрабанда ва гиёҳванд моддалар савдоси оқимининг мисли кўрилмаган даражада кўпайишига олиб келиши мумкин.

Туркманистон нафақат минтақа учун, балки асосий ташқи шериклари, биринчи навбатда, Хитой ва Россия, шунингдек, Жанубий Осиё мамлакатлари учун стратегик аҳамиятга эга бўлган фойдали қазилмалар конлари ва халқаро газ қувурларига эга мамлакат ҳисобланади. Унинг Афғонистон ҳудудидан ўтадиган муҳим инфратузилма объектлари хавф остида бўлади ёки қўшимча равишда кучли ҳимояга муҳтож бўлиб қолади.

Вазият кескинлашса, Ўзбекистон ҳукумати томонида «Аср лойиҳаси» сифатида талқин қилинган, Марказий Осиё мамлакатлари Афғонистон ва Покистон орқали денгиз портларига энг қисқа вақт ичида чиқиш имкониятига эга бўлиши кутилаётган «Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли хавфсизлиги ҳам сўроқ остида қолади.

АҚШ қўшинларининг Афғонистонда бўлиши минтақа учун нима сабабдан муҳим эди?

АҚШ қуролли кучлари ва унинг иттифоқчиларининг Афғонистонда бўлиши қуролли гуруҳларга қарши курашда ҳал қилувчи роль ўйнаган. Буни рақамлар ҳам исботламоқда. Афғонистонда вазият мураккаблашган 2011 йилда мамлакатда 98 мингдан зиёд америкалик ҳарбийлар ва 41 мингга яқин коалиция қўшинлари жойлаштирилган эди. Афғонистон мудофаа кучлари ва Ички ишлар вазирлигининг 300 мингдан ортиқ вакиллари уларни қўллаб-қувватлаган. Бундан ташқари, худди шу даврда Афғонистонда 120 мингга яқин хусусий пудратчилар ишлаган, улардан қарийб 23 минг нафари АҚШ хусусий ҳарбий пудратчилари ҳисобланган.

Турли манбаларга кўра, АҚШ қўшинлари киргандан бери фақатгина ҳарбий кампаниянинг ўзига, реконструкция дастурларини ҳисобга олмаганда, 750 миллиарддан 1 триллион долларгача маблағ сарфлаган. Ушбу кучлар, шубҳасиз, бир қатор экстремистик гуруҳларнинг кучайишига тўсқинлик қилиб келди.

Ўз навбатида, минтақа мамлакатлари ушбу давр мобайнида ҳарбий соҳага ажратадиган маблағларни сезиларли даражада камайтирган. АҚШнинг чиқиб кетиши эса қўшни мамлакатларда мудофаа харажатлари ошишига олиб келиши мумкин.

Афғонистоннинг нисбатан тикланиши ва минтақадаги савдо алоқалари

Сўнгги 18 йил ичида АҚШ ва бошқа бир қатор донорлар Афғонистонда қайта қуриш учун 143 миллиард доллардан кўпроқ ёрдам кўрсатди. Ажратилган маблағлар Афғонистон ҳукумати, афғон армияси, ички ишлар вазирлиги ва давлат миллий хавфсизлик хизматларини молиялаштириш учун ишлатилди. Бундан ташқари, Жаҳон банки каби йирик халқаро ташкилотлар томонидан катта миқдордаги маблағлар ажратилди (19 йил давомида қарийб 6 миллиард долларлик имтиёзли кредитлар). Ташқи инвестициялар Афғонистон ЯИМга сезиларли таъсир кўрсатди ва бу 2019 йилга келиб тахминан 19,29 миллиард долларни ташкил этди.

Халқаро молиявий ва гуманитар кўмак иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорликнинг муҳим омили эди. Иқтисодиётнинг ривожланиши қўшимча иш ўринлари яратиш билан бирга, аҳолига сифатли таълим олиш имкониятини ҳам тақдим этди. Айнан шундай мураккаб таъсирга эга ва муқобил иқтисодий ва ижтимоий йўлларни тақдим этиш орқали жангарилар сафларини янги аъзолар билан тўлдиришни чеклаши мумкин. Шу пайтгача бу лойиҳаларнинг катта қисми Қўшма Штатлар молиявий имкониятлари асосида амалга оширилди.

Хорижий сармоялар ва молиявий кўмак Афғонистонга ташқи шериклар, шу жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратди. Масалан, Қозоғистон учун Афғонистон муҳим савдо шеригига айланди, ҳозирда Қозоғистон қишлоқ хўжалиги ва нефть маҳсулотларининг асосий импортчиси ҳисобланади. 2019 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 401 миллион доллардан ошди. Агар Афғонистондаги вазият ёмонлашса, Қозоғистон ва Ўзбекистон (сўнгги тўрт йил мобайнида ўзаро савдо ҳажми қарийб 800 млн долларни ташкил этган) каби давлатлар ўз маҳсулотлари учун муҳим бўлган бозорлардан бирини йўқотиши хавфи мавжуд.

Сўнгги 20 йил мобайнида АҚШ Марказий Осиёга Афғонистондаги ҳарбий ва геосиёсий манфаатларининг призмаси сифатида қаради. Мамлакат қўшинлари олиб чиқиб кетилишидан кейин минтақанинг Вашингтон учун аҳамияти пасаяди. Минтақада Америка сармоясининг улуши ҳеч қачон юқори бўлмаган бўлса-да, айни вазиятдаги иқтисодий инқироз фонида молиявий оқимларнинг ҳар қандай пасайиши сезиларли ҳисобланади. Шунингдек, минтақада кучлар нисбати жиҳатдан ҳам АҚШнинг иштироки аҳамиятлидир.

Хулоса ўрнида

Минтақа давлатлари ва Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг ҳозирги даражасини ҳисобга олиш умуман тўғри эмас. Коронавирус пандемияси туфайли кучайиб бораётган протекционизм ва деглобализация каби тенденцияларни ҳам ҳисобга олиш керак. Денгизга тўғридан тўғри чиқиш имконига эга бўлмаган минтақа давлатлари учун Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган савдо йўлларини ташкил қилиш ва Покистон, Ҳиндистон ва Яқин Шарқ бозорларига тўғридан тўғри киришни амалга ошириш стратегик асосий мақсадлардан биридир.

Афғонистондаги вазиятнинг ёмонлашиши турли инфратузилма лойиҳалар тақдирига таъсир қилиши мумкин, масалан, халқаро электр узатиш линиялари ва янги темир йўл ва магистрал йўллар, шунингдек, TAPI газ қувури лойиҳаси.

Қолаверса, Афғонистондаги «Толибон» мавқейининг мустаҳкамланиши ва ички сиёсий инқирознинг кучайиши, шубҳасиз, хорижий инвесторлар ва бизнес вакилларини минтақа давлатларига инвестиция киритишдан тийиши мумкин.

Шундай қилиб, Марказий Осиё учун АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши хавфсизликка янги таҳдидларни келтириб чиқаришдан ташқари, жиддий иқтисодий оқибатларга ҳам олиб келади.

Мавзуга оид