Жамият | 10:54 / 08.08.2025
4369
3 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сохта табиблардан огоҳлантирди

Вазирлик асосан оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган фуқаролар «ғайритабиий қобилиятларга эгалиги»ни иддао қилаётган шахсларга алданиб қолаётганини қайд этган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни ижтимоий тармоқлардаги сохта табиблардан огоҳ бўлишга чақирди.

Вазирлик матбуот хизмат хабарида сўнгги йилларда давлат томонидан халқ табобатини ривожлантириш, соҳани замонавий соғлиқни сақлаш тизимига изчил интеграциялаш, бу йўналишда мутахассислар малакасини оширишга катта эътибор қаратилаётгани қайд этилган. Натижада бугун мамлакатда 150 та тадбиркорлик субъекти тегишли лицензия асосида халқ табобати йўналишида фаолият юритиб келяпти.

Бироқ яратиб берилган ушбу имкониятларга қарамай, кейинги пайтларда тегишли ҳуқуққа эга бўлмасдан, рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш билан шуғулланаётган ҳамда бу орқали инсонлар соғлиги ва ҳаётига жиддий хавф туғдираётган сохта табиблар сони кўпайиб боряпти.

«Энг ёмони, хасталиклардан тез, осон, асоратсиз, муҳими, табиий усул билан ва уй шароитида халос бўлишни истаган юртдошларимиз “ғайритабиий қобилиятларга эга”лигини иддао қилаётган, турли йўллар орқали одамлар ишончига кириб, ҳеч қандай тасдиқланмаган ҳамда тегишли синовлардан ўтмаган “хизмат”ларни таклиф этаётган бундай кимсаларга алданиб қолмоқда.

Айниқса, ижтимоий тармоқлар бу каби шубҳали хизматларни кенг тарғиб қилувчи платформага айланиб бораётгани, уларнинг асосий аудиторияси ҳам, мижозлари ҳам оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган фуқароларимиз бўлаётгани афсусланарлидир», дейилади ССВ муносабатида.

Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда сохта табиблик билан шуғулланиб, ўзини реклама қилаётган ҳолатлар ва қўлланаётган муолажа усуллари далилларга асосланган тиббиётнинг даволаш услубларига кирмаслигини билдирди.

Бундай сохта усуллар белгиланган диагностика ва даволаш миллий клиник протоколлари ҳамда стандартларига мутлақо мувофиқ эмаслиги таъкидланган. Қолаверса, юқоридаги муолажалар билан шуғулланаётган шахсларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фаолият юритишлари учун ҳеч қандай лицензия берилмаган.

«Шундай экан, ижтимоий тармоқлардаги сохта табиблардан огоҳ бўлинг! Ўзингиз, оила аъзоларингиз ва яқинларингиз саломатлигини хавф остига қўйманг!» дея огоҳликка чақирди вазирлик.

Маълум қилинишича, 2024 йилда лицензиясиз тиббий фаолият юритгани учун 38 та юридик шахснинг ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида, 2025 йилнинг 1 июл ҳолатига эса 24 та юридик шахс молиявий жаримага тортилган.

«Бугунги кунда юртимизда сохта табиблик фаолиятига чек қўйиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика халқ табобати илмий-амалий маркази томонидан мунтазам равишда ўқув-семинарлар ҳамда профилактик тадбирлар ўтказиб борилмоқда»,  дейилади вазирлик хабарида. 

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид