Жаҳон | 12:33 / 11.10.2022
16700
3 дақиқада ўқилади

Байден Украина шаҳарларига зарбаларни қоралади ва Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ваъда қилди

У ушбу ҳужумлар Американинг Украина халқини узоқ вақт давомида қўллаб-қувватлаш қарорини янада мустаҳкамлашини таъкидлаган.

Фото: Gage Skidmore

АҚШ президенти Жо Байден Россиянинг Украина шаҳарлари бўйлаб 10 октябр куни йўллаган ҳаво зарбаларини қатъий қоралади. Бу ҳақда Оқ уй сайтида хабар қилинган.

«АҚШ бугун Россия томонидан Украинага, жумладан Киевга қарши берилган ракета зарбаларини кескин қоралайди. Бу ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди ва яраланди, ҳеч қанақасига ҳарбий мақсадлари бўлмаган объектлар вайрон қилинди. Бу зарбалар яна бир бор Путиннинг украин халқига қарши ноқонуний урушининг ҳаддан ташқари шафқатсизлигини намойиш этади», — дейилади баёнотда.

У қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, жабрланувчиларга тезроқ соғайиб кетишини тилаган.

Байден украиналик ҳамкасби Володимир Зеленский билан телефон орқали мулоқотда Вашингтон Киевга «ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган» ёрдам, жумладан, энг илғор ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришига ишонтирган.

«Бу ҳужумлар Украина халқини қанча керак бўлса шунча қўллаб-қувватлаш қароримизни янада мустаҳкамлайди. Иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан биз Россияни тажовузкорлиги учун жазолашда давом этамиз, Путин ва Россияни ваҳшийлик ва ҳарбий жиноятлар учун жавобгарликка тортиб, Украина кучларига ўз мамлакати ва эркинлигини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ёрдамни берамиз.

Биз яна бир бор Россияни бу асоссиз тажовузни зудлик билан тўхтатишга ва ўз қўшинларини Украинадан олиб чиқиб кетишга чақирамиз», — дея қайд этган Америка президенти.  

10 октябр куни Россия қўшинлари Украина бўйлаб ёппасига ракета ёғдирди, натижада 14 киши ҳалок бўлиб, 97 киши яраланган. Киев маркази ва бутун мамлакат бўйлаб фуқаролик инфратузилмалари шикастланган, 1300 дан ортиқ аҳоли яшаш манзиллари чироқсиз қолган.

Энергетика инфратузилмаси ўққа тутилгани ва зарарлангани туфайли, Украина ўз энергия тизимини барқарорлаштириш учун 11 октябрдан Евроиттифоққа электр энергияси экспортини тўхтатиб туришга қарор қилди. Шунингдек, аҳолидан юклама ошиб кетмаслиги учун электр энергиясини тежаш сўралган.

Ғарб давлатлари Россия ракета зарбаларини қатъий қоралаб, буни «варварлик» ва «ҳарбий жиноят» деб баҳоламоқда.

Путин ракета зарбалари 8 октябр куни Қрим кўпригида рўй берган портлаш учун жавоб эканини айтган. Кремлда бу ҳодиса «теракт» деб баҳоланган ва уни Украина махсус хизматлари уюштиргани даъво қилинган.

Forbes нашри ҳисоблашича, Россия 10 октябр куни Украина бўйлаб ракета зарбалари бериш учун камида 400 миллион доллар (700 миллионгача) сарфлаган. Бу сумма фақат нишонларга теккан 41 ракета ва 11 та дронни ўз ичига олади. 

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия шу куни Украина ҳудудига 84 ракета учирган, шундан 43 таси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали тутиб қолинган. Шунингдек, 24 та учувчисиз учиш қурилмаларидан 13 таси уриб туширилган.

Мавзуга оид