Ўзбекистон | 12:50 / 09.09.2022
4716
3 дақиқада ўқилади

Тошкентни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш осонми? 

Соҳадаги муаммолар, аварияларни келтириб чиқарувчи сабаблар ва тезкор ечимлар, мавсумга тайёргарлик ишлари, электр энергияси билан беталафот таъминот «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» АЖ фаолияти талқинида ўрганилди. 

Электр энергияси бугунги кунда инсоният учун сув ва ҳаводек энг зарур бўлган неъматлар қаторига кириб улгурган. Хонадонда рўзғор ишларини, ишлаб чиқариш заводи, хизмат кўрсатиш обектларида эса бирор юмушни электр таъминотисиз амалга оширишни тасаввур қилиш жуда мушкул.

Шаҳарни узлуксиз электр билан таъминлаш шубҳасиз масъулиятли касблардан саналади. Kun.uz мухбирлари Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида ходимлар билан жойлардаги носозликларни бартараф қилиш жараёнига, диспетчерлик хизмати ишларига ичкаридан назар солди.

Танишувни диспетчерлик марказидан бошладик. Махсус кабеллар схемаси орқали Тошкент шаҳрида жойлашган юқори кучланишли линиялардаги ҳолат назорат қилиб турилиши ҳақида тушунча берилди. "Авариялар содир бўлишининг олдини олиш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилади. Мурожаатлар орқали бирор ҳудуддаги электр тармоғида узилиш кузатилса, тезда аниқлаб, муаммони бартараф қилиш учун ишчи гуруҳ юборилади", - дейди Диспетчерлик маркази ходими Мурод Иманқулов.

«Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» АЖ томонидан “ПҚ-72” президент қарорига кўра, 2022-йилги режа бўйича 388,8 км ҳаво электр узатиш тармоғи ҳамда 101 та трансформатор пунктини реконструкция модернизация қилиш белгиланган. Жумладан, 68,9 км электр узатиш тармоғини янгидан қуриш, 319,8 км электр узатиш тармоғини реконструкция қилиш ҳамда 32 дона трансформатор пунктини янгидан ўрнатиш ва 69 дона трансформатор пунктларини реконструкция қилиш белгиланган. 

Жорий йилнинг учинчи чорагига келиб, Тошкент шаҳрининг барча туманларида режа қилинган ишларнинг аксар қисми бажарилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Мисол учун, Сергели туманида ҳозирда 29,5 км масофада электр узатиш тармоғи ва 9 дона трансформатор, Мирзо Улуғбек туманида эса 4,5 км электр узатиш тармоғи ва 5 дона трансформатор пунктларида реконструкция ва модернизация ишлари амалга оширилди.

Кўрсатув тайёрлаш жараёнида Шайхонтоҳур туман электр таъминоти корхонаси бош муҳандиси Исроилов Азизнинг меҳнат фаолиятига тўхталдик. Муҳандис Исроилов режалар асосида қуйидаги маълумотларни берди: “Туманда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида олдиндан белгилаб қўйилган режа асосида ҳаракатлаяпмиз. Ҳозирги ҳолатда, Шайхонтоҳур тумани бўйича 56та трансформатор пунктлари тўлиқ таъмирланди ҳамда 77,7 километрлик паст кучланиш ҳаво электр узатиш тармоқларини мукаммал таъмирдан чиқардик”.

Маҳаллий ва улгурчи истеъмолчилар сони тобора кўпайиб бораётгани сабабли ҳудудларда юқори қувватли трансформаторлар ўрнатилаётганини масалага ижобий ечим сифатида кўриш мумкин. «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» АЖ куз-қиш мавсумига юқори даражадаги масъулият билан тайёр эканлигини маълум қилади.

Мавзуга оид