Жамият | 13:49 / 18.04.2021
180204
7 дақиқада ўқилади

Маҳр – аёлнинг ҳақи. Унинг миқдори қанча ва қандай адо қилинади? 

Никоҳ – мўминнинг ҳаётидаги муқаддас ришта. Бу жараёнда куёвнинг келинга маҳр бериши эса амалга оширилиши фарз ҳисобланган амаллардир. Бу орқали биргаликдаги ҳаёти давомида эркакнинг аёлга нафақа қилиши лозимлиги уқтирилади. Хўш, аёллар ўзларига бериладиган маҳр ҳақида нималарни билади?

Kun.uz маҳрнинг нима эканлиги ва унга нима берилса жоизлиги юзасидан сўровнома ўтказди. Табиийки, бу жараёнда турмуш қурганларга савол берилди ва натижаларга кўра маҳрни кўпроқ совға деб тушунадиган аёллар кўпчиликни ташкил қилди. Баъзилар буни никоҳ пайтида эшитишганини айтишди. Маҳр ҳақида умуман билмайдиган аёллар ҳам учради. Шундан келиб чиққан ҳолда бу масалада билимга эга бўлган замондошларимиздан ҳам фикр сўрадик.

Одинахон Муҳаммад Содиқ, олима:

– Маҳр бу аёл ва эркак ўртасида ақди никоҳ қилинган пайтда келинга бериладиган молиявий ҳақ ҳисобланади. У аёл кишининг ҳаққидир. Қуръони Каримда 4 ўринда уни беришга буйруқ қилинган. Пайғамбаримиз с.а.в ҳам «Маҳр бериш учун бир темир узук бўлса ҳам топгин», дея уйланадиган кишига маҳр беришга буйруқ қилганлар.

Маҳрни куёв беради – унинг ота-онаси эмас. Бу билан унга оилабошилик масъулияти англатилади. Маҳр миқдорининг энг ками 4,25 грамм тиллага тенглаштирилади. Шу қийматдан тушмаслиги керак. Энг кўпининг эса чегараси йўқ: ҳисобсиз мол-мулк бўлиши ҳам мумкин.

Турмуш қурадиган ёшларимизга маҳр бериш ва олиш фарзи ҳақида таълимот берилиши лозим. Йигитларга зиммасидаги маҳр бериш, қизларимизга маҳр талаб қилиш ҳуқуқлари, миқдори ҳақида англатиш керак бўлади. Ҳозирги пайтда бу масалани кўпчилик яхши англамаяпти. Буни никоҳ пайтида ёшларга англатиш имом-домлаларнинг вазифасига киради. Никоҳ пайтида келинда ҳаяжон ёки уят ҳисси туфайли буни сўрай олмаслиги мумкин. Шундай вазиятда унинг отаси ёки ака-ука, яқинларидан бирига бу вазифа юклатилади. Келиннинг номидан маҳр миқдорини эълон қилиб, талаб қилишлари жоиз бўлади.

Маҳр берилиш муддатига кўра иккига бўлинади: муъажжал, яъни тезлатиб бериладиган маҳр ва муажжал, яъни кейинроқ бериладиган маҳр. Келишилган маҳрнинг бир қисмини тўй пайтида бериш, қолганини вақт ўтиб айтилган муддатида бериш мумкин. Айниқса ҳозир бу муддатни гувоҳлар иштирокида келишиб олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бошқа қарзлар каби маҳр ҳам эркакнинг зиммасида то вафотига қадар тураверади.

Маҳрга қўлга киритиладиган мол-мулк берилиши вожиб бўлади: у тилла, пул уй-жой бўлиши мумкин. Маънавий нарсалар маҳр сифатида берилмайди – улар маҳр бўла олмайди, чунки улар қўлга киритиладиган мулк эмас. Агар уй-жойдан маълум хоналар ажратиб берилса, ўша хона унинг мулки ҳисобланади. Агар сабабларга кўра турмуш давом этмайдиган бўлса, ўша жой унинг мулкидир, истаса кириб яшаши, истаса унинг қийматини сўраб, ҳисоблаб ҳаққини олиши мумкин. Эр-хотин бўлиб яшагандан кейин қанақа айб билан ажрашган тақдирда ҳам аёл маҳрини олиши шарт. Авваллари бу қозилар орқали ҳал қилинган. Исломий давлатларда бу қонунга киритилган: эркак киши маҳрни айтилган вақтда бермаса тегишли тартибда қонунан ҳал қилинади. Бизда кўпинча имом-домлаларга мурожаат қилинади.

Саййид Аҳмад Сайдаралиев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими мутахассиси:

Маҳр масаласи Ислом шариатида жуда муҳим масалалардан бири эканлигига унинг айнан Қуръони Каримда зикр қилиниши кифоя қилади. Нисо сурасида «Модомики никоҳ билан аёллардан фойдаланар экансиз, уларнинг белгиланган, ўлчанган маҳрларини бериб қўйинг» дейилган. Афсуски охирги пайтда бу масала анча оқсаб қолди. Кўп ҳолатда шунчаки никоҳ пайтида бир сидра зикр қилинади, аммо амалда ҳеч нарса қилинмайди. Уни бир эслаб ўтилади, кейин эса аёл киши кечиб юборади деган фикр пайдо бўлиб қолди. Аёллар ўзининг маҳр деган ҳаққи борлигини, уни чин кўнгилдан олишлари мумкинлигини сезмаган, билмаган ҳолатлар кўп. Ҳатто маҳр нима эканлигини билмайдиган аёллар қанча. Маҳр бу аёл кишининг ҳаққидир. Унга бераётган нарсамиз бевосита ўзининг тасарруфида бўлиши керак. Оилада, ижтимоий ҳолатда ишлатиладиган нарса бўлмаслиги керак. Масалан, кир эвиш машинаси, телевизор ёки мебел кабилар бўлмаслиги керак. Маҳрнинг миқдори бугунги кунда 1,5-2 млн атрофида бўлиши керак. Бу энг кам маҳр миқдори ҳисобланади. Бундан кам бўлмаслиги лозим, кўпининг чегараси йўқ.

Гулчеҳра Маткаримова, юридик фанлар доктори:

– Бугун никоҳга киришиш жараёнида эркак ва аёл муносабатларига аҳамият берилмай қўйди. Ҳамманинг хаёлида фақат тўй қилиш. Никоҳ шартномаси маҳрнинг замонавий кўриниши ҳисобланади. Бу бизга Европадан кириб келмаган. Олдин ҳам Ўрта Осиё ҳалқларида никоҳ шартномаси мавжуд бўлган. Маҳр ҳам бекорга киритилмаган. Бу аёлни ҳимоя қиладиган механизм. Ўша аёлнинг турмуши бузиладиган ёки эри вафот этадиган ҳолатларда аёлни ҳимоя қилиш. Маҳр беришдан қочиш жуда ёмон ҳолатларга олиб келмоқда. Никоҳ шартномаси тузишни, маҳр беришни исташмайди. Айримлар келинни уйига рўйхатга қўйишни истамайди, оқибатда фарзандлари билан кўчада қолиш ҳолатлари рўй беради.

Яқинда бир ёшгина тақводор келин мурожаат қилди. Турмуш ўртоғи жуда катта қори йигит экан. Буни қарангки, маҳрида ҳеч нарса йўқ. Шундай билимли, ҳамма нарсани тушунадиган инсонлар ўртасида маҳр муносабатларига жиддий қарамас экан, оддий дунёвий инсонлардан нима талаб қиламиз?

Демакки, Ислом маърифатини сингдиришимиз керак, уни тарқатишдан чарчаш керак эмас. Масалан, Францияда бундай дарслар киритилган, бизга ҳам керак шу нарса. Тарбия каби дарсларда ўргатишимиз лозим. Диншунос эмасман, лекин ота-боболаримиз маҳрни қандай берилиши ҳақида сингдиришган бизга. Биз ҳам болаларимиз онгига сингдириб бориш, уни одатга айлантиришимиз керак.

Ҳозирда Оила кодекси янгидан ишланди, назаримда бу кодексда мана шу масалаларниям инобатга олиш керак. Ёки бунинг мажбурият ҳиссини, масъулиятини кўтаришимиз керак. Чунки аёллар мулксизлиги жамиятга жуда катта зарар келтиряпти. Бу масала устида диншунос олимларимиз, депутатларимиз ишлаши керак. Маҳрни одатга айлантириш, масъулият юкини юқорига кўтариш лозим. Агар бунга юридик шакл бериш имкони бўлса уни киритиш ёки бунга имкон бўлмаса, болаларимиз онгига сингдириш, тарбиялашда эътиборни кучайтиришимиз керак.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади

Мавзуга оид