11:53 / 21.02.2020
1
25953

«Чемпион ҳикоялари». Ди Мария «Реал»нинг хатини йиртиб ташлагани, босиб ўтилган оғир йўл ва Месси ҳақида

2014 йилги жаҳон чемпионати финали ва оғир ўтган болалик ҳақида.

Фото: Getty Images

«ПСЖ» ҳужум чизиғи ҳақида гап кетганда, баъзида кўз олдимизга Неймар келади, баъзида Мбаппе. Икарди ва Каванидан қайси бири фойдали экани ҳақида ҳам баҳслашиш мумкин. Аммо яримҳимояга келганда, фақат бир ном атрофида тўхтаб қоламиз – Анхел Ди Мария.

Аргентиналик ярим ҳимоячи бир неча йилдан бери Париж клубининг ҳақиқий моторига айланган. Унинг учун ушбу мавсум айниқса самарали кечяпти – мавсум тугашига ҳали анча ўйинлар бўлса-да, у 8 гол урди, 13 бор шерикларига голли узатма амалга ошириб, бу борада шахсий рекордини қайд этишига яна 5 ассист қолди, холос. Биз учун футболчи ҳақида етарли маълумотдек туюладиган бу рақамлар ортида аслида нималар турганини Анхел Ди Мариянинг The Players Tribune лойиҳасига берган интервьюсидан билиб олишимиз мумкин.

Мен «Реал»дан хат олганимни ва ўқиб ҳам ўтирмасдан, йиртиб юборганимни эслайман.

Бу 2014 йилги жаҳон чемпионати финалидан бир кун олдин, эрталаб рўй берганди. Чорак финалда сондаги мушакларимдан жароҳат олгандим, лекин оғриқ қолдирувчи уколлар билан ўйнашим мумкин эди. «Нима бўлса бўлди, менга энди фарқи йўқ, ўйнашни хоҳлайман» дедим мураббийларга.

Терма жамоа шифокори Даниэл Мартинес хонага кирганида, мен оёғимга муз қўйиб ўтиргандим. Унинг қўлида конверт бор эди.

«Анхел, менга қара, сенга Мадриддан, «Реал»дан қанақадир ҳужжат келибди»

«Нима экан?», – сўрадим мен.

«Айтишларича, сен ўйнай оладиган даражада эмассан. Шунинг учун сен бугун майдонга тушишингни тақиқлашяпти».

Гап нимада эканини тушундим. Ўшанда «Реал» Хамес Родригесни қўлга киритмоқчи экани ҳақида миш-мишлар кўпайганди. Унга жой бўшатиш учун эса, мени сотишмоқчи. Шунинг учун ҳам, улар яхши пулга сотиш мумкин бўлган «маҳсулот» жароҳатини кучайтириб олишидан қўрқишарди. Шунақа. Бу - футболнинг бошқа, бизнес деб номланадиган тарафи.

Мен Даниэлдан хатни менга беришини сўрадим. Очиб ҳам ўтирмай, йиртиб юбордим ва қутига ташладим. Бу масалада ким қарор қабул қилиши керак бўлса, ўша фақат менман.

Ўша куни деярли уйқу келмади. Бразилиялик фанатлар меҳмонхона атрофида йиғилиб олиб, халақит берганликлари ҳам таъсир қилди. Аммо назаримда, агар улар бўлмаганда ҳам, ухлай олмаган бўлардим. Жаҳон чемпионати финали олдидан, бутун умр орзу қилган ҳамма нарса қаршингда, кўз ўнгингда турганида, ухлашнинг иложи йўқ.

Финалда майдонга тушишни жуда хоҳлардим, ҳатто бу менга фаолиятим якунланишига сабаб бўлса ҳам. Шу билан бирга, терма жамоамга зарар келтиришни ҳам истамасдим, албатта. Шунинг учун, уйғонишим билан, бош мураббийимиз жаноб Сабельянинг олдига бордим. У билан жуда яқин эдик ва мен агар асосий таркибда тушмоқчи эканимни айтсам, мураббийни босим остида қолдиришим мумкин эди. Шунчаки, ҳамма нарсага тайёр эканимни, ўйинда ким ўйнаши керак деб ҳисобласа, ўша футболчини тушириши кераклигини айтдим.

«Агар мени танласанг, мен, агар бошқа бўлса, у. Мен шунчаки, Жаҳон Кубогини ютишни истайман. Мени танласанг, охиригача, синиб қолгунимча, қўлимдан келганини қилишга тайёрман».

Негадир йиғи келди ва ўзимни тўхтата олмай қолдим. Шунақа палла эди, ҳис- туйғуларимни жиловламадим ҳам.

Ўйин олдидан ечиниш хонаси Сабелья асосий таркибни ўқиди ва тўлиқ спорт формасида бўлгани учун Энцо Пересни туширишини айтди. Мен бу қарорни хотиржам қабул қилдим. Ўйин олдидан ва танаффусда, мабодо керак бўлиб қолсам, тайёр туриш учун оғриқ қолдирувчи уколдан қилдириб олдим.

Аммо бу содир бўлмади. Биз ютқазиб қўйдик ва афсуски, бунга таъсир кўрсата олмадим. Бу ҳаётимдаги энг оғир кун бўлганди. Шундан кейин матбуотда мен ҳақимда бўлмағур гаплар кўпайди, финалда майдонга тушмаганимга бошқа қанақадир сабаблар келтира бошлашди. Лекин ҳозир сизларга айтиб бераётганим – айни ҳақиқат.

Фото: Getty Images

Энг кўп ўйлантирадиган ҳолат, ўшанда, мураббийнинг олдида йиғлаб юборганимда, у қандай тушунган экан? Мен учун қизиқ, асабларим дош беролмади, деб ҳисобламаганмикин? Аслида ундай эмас, ҳеч қандай асабий эмасдим. Ўта муҳим палла бўлгани учун мени ҳаяжон чулғаб олганди, ахир биз бир пайтлар имконсиз туюлган орзуга жуда яқин тургандик.

Уйимиз деворлари оқ бўлиши керак эди, адашмасам, лекин ҳеч эслолмайман шуни. Аввалига кулранг эди, кейин эса, бутунлай кўмир рангида қорайиб кетганди. Отам кўмирчи эди. Конда ишлайдиган эмас, уйимизнинг орқасида кўмир «ясарди». Дўконларда барбекю учун кичкина пакетларда сотиб оласизлар-ку, унинг ҳам ўзига яраша меҳнати бор. Ростини айтсам, жуда кир ва оғир иш.

Отам кўмирларни кичик қопчаларга жойлаб, бозорда сотиш учун тайёрларди. Албатта, у ёлғиз эмас, доим ёнида кичик ёрдамчилари бўларди. Мактабга бориш олдидан, мен ва синглим барвақт туриб отамга қарашардик. 9-10 ёшлар чамаси, кўмир қадоқлаш учун жуда мосмиз, чунки бу иш биз учун қандайдир ўйинга ҳам ўхшаб кетарди. Кўмир юкланган арава келганида, биз уларни яшайдиган уйимиз орқали ҳовлининг орқасига таширдик, шунинг учун бутун уйимиз кўмир рангида қорайиб кетганди.

Аммо тирикчилик, шу туфайли столимизда овқат бор, отам турли харажатларни, уй ижарасини шу пулдан тўларди. Хуллас, болалигимда оиламиз ёмон яшамасди, лекин кейин, отам кимгадир ёрдам бермоқчи бўлди ва ҳаётимиз бутунлай ўзгариб кетди. Бир дўсти ундан уйига кафил бўлишни илтимос қилди ва отам ишонди. Охир оқибат, у одам қарзларини тўламасдан, йўқолиб қолди. Банк эса, табиий-ки, отамга мурожаат қилди. У энди икки уй учун пул тўлаш ва оилани боқиши лозим бўлиб қолди. Ҳаётимиз оғирлашиб кетди.

Фото: Getty Images

Эсимда, дадам билан иш қилаётгандик. Ҳаво жуда совуқ, ёмғир ёғарди. Мен-ку, бир икки соат ишлаб, мактабга кетардим ва у ерда исиниб олишим мумкин эди, лекин отам кун бўйи ўша очиқ том тагида туришга мажбур эди. Агар кўмир сота олмаса, овқат учун пул қолмасди. Шунингдек, яна шуни эслайманки, бир кун ҳаммаси яхши бўлишига қаттиқ ишонардим.

Ҳаммаси учун футболдан миннатдорман. 

Баъзида кичкина безори бўлиш ҳам фойда бераркан. Мен футбол ўйнашни жуда эрта бошлаганман. Ҳатто онам менинг бу қадар тиниб-тинчимаслигимдан хавотир олиб, шифокорга олиб борган ҳам. Тўрт ёшда эдим ўшанда.

«Катта бўлсанг ким бўларкинсан? Футболчими?», – кулиб сўраганди ўшанда доктор амаки. Менинг футбол фаолиятим ана шундан бошланган.

Фото: Getty Images

Футбол жинниси эдим. Шу қадар кўп ўйнардимки, ҳар икки ойда бутсаларим йиртилиб кетарди. Онам уни тикиб, елимлаб чарчамасди, чунки янгисини сотиб олишга пул йўқ. Етти ёшларимда ростан ҳам, зўр ўйнай бошлаган бўлсам керак, маҳаллий жамоа таркибида ўйнаб, 64та гол урганман. Ҳатто радиодан келиб, мендан интервью ҳам олиб кетишганди.

Ўша йили «Росарио Сентрал»нинг болалар жамоаси мураббийи келиб, отам билан гаплашди. Мени ўз жамоасига таклиф қилмоқчи эди. Қизиқ томони, отам «Ньюэллс Олд Бойз»нинг ашаддий фанати. Онам эса «Росарио Сентрал» мухлисаси. Агар сиз Росариодан бўлмасангиз, бу қарама-қаршилик қай даражада эканини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Ҳаёт ва мамот масаласига ўхшайди. Ҳар дербида отам ва онам овозлари йўқолгунча бақиришар, кейин эса, ғолиб тараф бир ой мағлубни калака қиларди.

Ана энди, «Сентрал» мураббийи мени чақирганида, онамнинг ҳаяжонини тасаввур қилишингиз мумкин. Отам эса, бахона топа бошлади – «Яхши, лекин билмасам, у ер узоқ, тўққиз километр чиқади, машинамиз ҳам бўлмаса...»

«Йўқ, йўқ, йўқ. Хавотир олма. Ўзим бу билан шуғулланаман. Муаммо эмас», – деб қичқириб юборди онам.

Шу тариқа, Грасиэла бизнинг ёрдамчимизга айланди.

Фото: Getty Images

Грасиэла – эски сариқ велосипед, онам ҳар куни мени шунга ўтказиб, машғулотга олиб бора бошлади. Унинг олд тарафида саватча учун махсус жой, орқасида эса, ўтириб кетиш мумкин эди. Синглимга ҳам қараш кераклиги учун, дадам ён томонига ҳам ўриндиқ ясаб берди. Тасаввур қилиб кўринг, бир аёл велосипед ҳайдаб кетяпти, орқада болакай, ён томонда бир қизчани ўтирғизиб олган, олдиндаги саватчада эса, спорт кийимлари ва у–бу егулик солинган сумка. Тепалик, пастлик, хавфли ҳудудлар, ёмғирда, совуқда, қоронғида, фарқи йўқ, онам велосипед педалларини айлантиришдан тўхтамади.

Айтишим керакки, «Сентрал»даги вақтим осон кечмаган. Агар онамнинг қатъияти бўлмаганида, футболни ташлаб ҳам юборардим, балки. Икки марта, агар аниғини айтсам. 15 ёшимда жисмоний томондан жуда нимжон эдим, мураббийимиз эса, бироз томи кетиб қолган эди. У кўпроқ қўпол, бақувват футболчиларга қизиқарди. Бир куни юқоридан келган тўпга сакрамаганим учун, ўйиндан кейин ҳаммани йиғиб, менга ташланиб қолди.

«Сен ожизсан. Ҳеч нарсага эриша олмайдиган шармандасан. Сен доим омадсиз бўлиб қолаверасан», – деб бақира кетди у.

Мен тамом бўлдим. Ҳали гапини тугатмасидан, шерикларимни олдида йиғлаб юбордим ва югуриб, майдонни тарк этдим.

Уйга келибоқ, ўз хонамга қамалиб олиб, ёлғизликда йиғлайвердим. Онам нимадир бўлганини тушунди. Чунки ҳар куни машғулотдан келиб, яна футбол ўйнагани ташқарига югурардим-да. Ойим олдимга кириб, нима бўлганини сўради. Ростини айтсам, онам велосипедида мураббийимнинг олдига бориб, жанжал кўтаришидан қўрқдим. Ойим жуда хотиржам характерли эди, лекин агар кимдир болаларини хафа қилса борми... Йўқ, асло...

Кўчада муштлашдим, деб айтдим, лекин бу ёлғонлигини сезиб турардилар. Шунда ойим барча оналар қиладиган ишни қилди, жамоадошларимнинг бирининг ойисига телефон қилиб, нима бўлганини суриштира бошлади.

Фото: Getty Images

Ойим олдимга қайтиб кирганларида, мен ҳали ҳам йиғлаётгандим ва футболни йиғиштиришимни айтдим. Эртасига уйдан чиққим келмади, ўзимни таҳқирлангандек ҳис қилаётгандим.

«Сен қайтасан, Анхел. Бугун футболга қайтасан. Сен бориб, нималарга қодир эканинингни ўзинг учун исботлашинг керак!», – деди ойим.

Ўша кун ҳеч эсимдан чиқмайди. Машғулотларга қайтсам, ҳеч ким устимдан кулмади. Аксинча, менга ёрдам бера бошлашди. Агар юқоридан келаётган тўпга сакрамоқчи бўлсам, ҳимоячилар индамай қўйиб беришарди. Ўша куни мен ўзимни яхши ҳис қилишим учун ҳаракат қилишди. Тушунинг, футбол, айниқса, Жанубий Америкада жуда рақобатли ўйин, ҳамма яхшироқ ҳаётга эга бўлиш учун бир-бири билан курашади. Шунинг учун ҳам бу кунни унутмайман, чунки, шерикларим қийналаётганимни сезиб, менга мадад бўлишга уринишганди.

Мен ҳали ҳам паст бўйли, нимжонгина бола эдим. 16 ёшда ҳам «Сентрал»нинг асосий таркибида эмасдим. Отам бундан хавотир ола бошлади.

«Сенда учта вариант бор: мен билан ишга боришинг, мактабни охиригача ўқишинг мумкин ёки яна бир йил футболда ўзингни синаб кўрасан. Агар эплай олмасанг, мен билан ишлашни бошлайсан», – деди дадам бир куни овқатланиб ўтирганимизда.

Ҳеч нарса дея олмадим, чунки вазият қийинлигини тушуниб турардим, оиламизга пул керак эди. Суҳбатга онам аралашди – «яна бир йил футболга боради». Январь ойи эди.

Декабрга келиб, йилнинг охирги ойида ниҳоят, «Росарио Сентрал» таркибида майдонга тушдим. Примерада. Шу кундан менинг спорт фаолиятим бошланди.

Фото: Getty Images

Аслида эса, мана шу фаолият учун кураш анча йилдан бери давом этиб келган. Елимланган бутсалар, ёмғир остида велосаёҳат... Профессионал футболчига айланганимдан кейин ҳам, кураш давом этаверди. Бошқа йўл йўқ эди. Менимча, Жанубий Американинг ташқарисидагилар буни тўлиқ тушуна олишмайди. Бу машаққатли йўлдан юрмай туриб, ҳис қилиш қийин.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, Либертадорес Кубогида «Национал»га қарши ўйнаш учун Колумбияга боришимиз керак эди. Бизнинг самолётда учишларимиз Ла Лига ёки АПЛдан фарқ қилади. Ҳатто Буэнос-Айрес билан ҳам таққослаш қийин. Ўша пайтларда Росариода халқаро аэропорт йўқ эди. Кичик аэропортга келиб, қайси самолётни таклиф қилишса, шунга рози бўлишга мажбур эдингиз. Ортиқча саволга ўрин йўқ.

Колумбияга кетиш учун ўша аэропортга бордик – катта, юк ташийдиган самолёт турарди. Биз шунда учишимиз керак экан. Номи ҳам эсимда – «Геркулес». Рампа тушгач, ишчилар матрасларни самолётга юклай бошлади. Биз ҳам чиқиб, ўтирамиз десак, «йўқ, сизлар орқага ўтинглар» деб ҳар биримизга катта харбий қулоқчинларни тарқатишди. Қаттиқ овоздан сақлаш учун. Ҳаммамиз бир-биримизга қарар, тушунмасдик: «нима бўляпти ўзи?».

Худди шу алфозда Либертадорес Кубогида ўйнаш учун 8 соат учишимизга тўғри келди. Рампа ёпилгач, ҳаммаёқ қоронғи бўлиб кетди. Матрасларда чўзилиб ётар, бир-биримизни аранг эшитардик. Самолёт учишни бошлаганди, ҳаммамиз судралиб, самолётнинг орқасига бориб қолдик, ишонасизми? «Анови қизил кнопкага яқинлашманглар, акс ҳолда, эшик очилиб, ҳаммамиз ҳавога учамиз» деб бақирарди жамоадошларимдан бири.

Ҳалигача бу воқеани табассум билан эслайман. Аргентинада, футболчи бўлиб қолишни истасанг, нима қилиш керак бўлса, барчасига тайёр бўлишинг керак. Ўша куни қаршингда қандай самолёт, қандай шароит бўлишидан қатъи назар, сен унга ўтирасан ва норозилик билдиришга ҳаққинг йўқ.

Ниҳоят, омадинг келиб, ғолиб чиқсанг, қайтиш чиптаси бўлмаган бир самолётга ўтирасан ва... Мен учун бу имконият Португалиянинг «Бенфика» жамоаси эди. Агар кимдир менинг фаолиятим ҳақида ўқиб, «Оҳҳо, «Бенфика», кейин «Реал», «Манчестер Юнайтед» ва «ПСЖ», ажойиб карьера-ку!» дейиши мумкин, ҳаммаси ажойиб кўринади. Лекин бу даврда нималарни бошдан кечириш мумкинлигини ҳис қилиш мумкин эмас.

«Бенфика»га келганимда 19 ёшда эдим ва катта футболда атиги икки йиллик тажрибам бор эди, холос. Отам ишини ташлаб, мен билан Португалияга келганди. У ва онам ўртасида катта уммон бор эди энди. Баъзида, унинг телефонда онам билан гаплашаётиб, кўзи ёшланганини кўрганман, бир-бирларини жуда соғинишганди. Баъзида эса, бу трансфер катта хатодек туюлар, асосий таркибда тушмаганим учун қайтиб кетиш ҳақида ҳам ўйлашни бошлардим.

2008 йилдаги Олимпиада ҳаётимни бутунлайга ўзгартириб юборди. «Бенфика»да ҳамон асосий таркибда бўлмасам-да, Аргентина мени ўз сафига чорлади. Буни унутмайман – мураббий менга Лео Месси билан ўйнаш имкониятини тақдим этди. Ўзга сайёралик ва даҳо футболчи билан. Умрим давомида футбол ўйнаб энг катта завқни айнан Месси билан бирга ўйнаганимда олганман. Мендан фақат очиқ зонага югуриш талаб этиларди холос, у мени кўриб, тўпни оёқларим остига аниқ етказиб берарди. Унинг кўзлари меники каби ишламайди. У барча одамлар каби, атрофни кўзлари билан кузатиши мумкин, лекин майдонни худди тепасида учаётган қуш каби кўрарди. Мен буни ҳалигача тушунмайман.

Фото: Getty Images

Биз биргаликда барча йўлни босиб ўтдик ва бизни финалда Нигерия кутиб турарди. Менимча, бу ҳаётимдаги энг ажойиб кунлардан бири бўлган. Ўйиндаги ягона голни уриб, Аргентинага олтин медалларни тақдим этиш бахтига муяссар бўлдим. Бу ҳолатни ифодалаш қийин.

Унутманг, мен атиги 20 ёшдаман ва ҳатто «Бенфика»нинг асосий таркибига ҳам кира олмай юрган пайтим. Ота-онам ҳам бир-биридан узоқда, Аргентина таркибга жалб қилмасдан олдинги ҳолатим жуда умидсиз эди. Икки йил ичида эса, Олимпиада олтин медалларини қўлга киритдим, «Бенфика»нинг асосий ўйинчиларидан бирига айланиб, «Реал»га ўтишга муваффақ бўлдим.

Бу нафақат мен, балки оилам, яқинларим, шу пайтгача мени қўллаб-қувватлаб келган барча дўстларим учун фахр туйғуси эди. Айтишларича, отам ҳам футболчи бўлган, мендан ҳам яхши ўйнаган, лекин ёшликдаги жароҳат туфайли, орзулари барбод бўлган. Бувам эса, ундан ҳам зўр футбол ўйнаган, лекин темирйулдаги авария туфайли икки оёғини йўқотгиб, барча умидларини кўмишга мажбур бўлган экан.

Менинг орзуларим ҳам бир неча бор чилпарчин бўлиш арафасида эди. Аммо...

Отам ёни очиқ том тагида ишлашни тўхтатмас, онам ҳамон велосипед минар, мен эса, очиқ зоналарга югуришни канда қилмасдим. Билмадим, тақдирга ишонасизми, йўқми, «Реал» сафида илк голимни урганимда рақиб жамоа қайси эди, биласизми? «Эркулес» (Геркулес)!

Ҳа жуда узоқ ва қийин йўлни босиб ўтдим.

Фото: Getty Images

Ана энди, нега жаноб Сабельянинг олдида йиғлаб юборганимни тушунгандирсиз? Мен асабийлашмагандим. Ҳатто майдонга тушаманми, йўқми, буни ҳам ўйламаганман. Қўлларимни кўксимга қўйиб, шунчаки, орзуларимиз рўёбга чиқишини истардим, холос. Бизни мамлакатимиз тарихидаги афсонавий футболчилар сифатида эслашларини хоҳлагандим. Биз жуда яқин эдик...

Шунинг учун ҳам, матбуотдаги чиқишлар, менга қўйилган айблар жуда қаттиқ таъсир қилганди. Баъзида танқид чегарани билмайди ва бу нотўғри. Ҳаммамиз ҳам инсонмиз ва ҳаётимизда бошқаларга маълум бўлмаган нимадирлар содир бўлади.

Саралаш ўйинлари якунланиш арафасида мен руҳшуносга қатнай бошлагандим. Оғир даврларни бошдан кечирар, хаёлимда турли ўйлар ғужғон урарди. Бундай пайтларда, одатда оиламга суянаман, аммо бу сафар терма жамоага бўлган босим ҳаддан ташқари баланд эди. Руҳшунос менга ёрдам берди ва сўнгги ўйинларни анча эркин ва хотиржам ўтказгандим. Мен ўзимга дунёнинг энг кучли жамоаларидан бирида ўйнашимни, ўзим улғайган терма жамоа аъзоси эканимни яна бир бор эслатдим. Баъзида мана шундай оддий нарсалар ҳам футболдан қайта завқ олишда ёрдам беради.

Бугунги кунда Instagram ёки YouTube’да ўтириб олиб, ўйинларнинг натижасига қараб, хулоса қилишади. Бу футболчилар учун нима экани, қандай синовларни бошимиздан кечиришимиз ҳақида ўйлаб ҳам ўтиришмайди.

Улар мана, мен Чемпионлар Лигасида қизчамни кўтариб турганимни кўришади. Мен табассум қиляпман, демак ҳаммаси ажойиб. Аммо улар бу қизчамнинг вақтидан илгари туғилиб қолгани, икки ой касалхонада ётиб, ҳаёт учун курашганидан хабарлари йўқ.

Балки, финалдан сўнг йиғлаб турган расмимни кўриб, ғалаба туфайли йиғлаяпти, деб ўйлашар, аммо аслида, қизимнинг ёнимда эмаслигидан, шундай қувончли кунда уни эркалай олмаслигимдан йиғлаётган бўламан. 

Улар Жаҳон Чемпионати финалини томоша қилишади ва фақат ҳисобни кўришади.

0:1.

Биз бу ерга келиш учун қандай курашларни бошдан кечирганимизни тушунишмайди.

Уйдаги деворимиз ранги оқдан қандай қилиб, қорайиб кетганини билишмайди.

Отамнинг очиқ айвон тагида кўмирчилик қилганини билишмайди.

Онам ёмғир остида велосипедда мени машғулотга ташиганини билишмайди.

Геркулес ҳақида ҳам билишмайди...

Анхел Ди Мария

Мавзу
Ғолиблар тарихи
Ҳаётда ўз интилишлари ва иродаси кучи билан муваффақиятга эришган шахслар бисёр. Уларнинг ҳар бирининг қизиқ тарихи ва ҳикояси бор
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top