Спорт | 13:34 / 05.10.2023
27767
22 дақиқада ўқилади

«ПСЖ» шимолда музлади, «Барселона» юлдузларини йўқотди. ЕЧЛда кун ўйинлари

Чемпионлар лигасида чоршанба оқшомида ўтказилган 2-тур ўйинлари, голлар ва гуруҳлардаги вазият.

Фото: JAMES GILL/GETTY IMAGES

F гуруҳи

«Нюкасл» гранд бўлишга интилмоқда: «ПСЖ» тор-мор этилди ва ЕЧЛда 20 йил ичидаги илк ғалабага эришилди

«Нюкасл» — «ПСЖ» 4:1
Голлар:
Алмирон (17), Берн (39), Лонгстафф (50), Шер (90+1) — Эрнандес (56). 
«Нюкасл» – Поуп, Триппиер, Шер, Ласселс, Берн, Гимараэс, Лонгстафф, Тонали (Андерсон, 65), Алмирон (Мёрфи, 71), Гордон (Таргетт, 90), Исак.
«ПСЖ» – Доннарумма, Ҳакими, Маркинос, Шкриняр, Эрнандес, Угарте (Витиня, 64), Заир-Эмери, Дембеле, Мбаппе, Коло-Муани (Барколя, 57), Рамуш.
Огоҳлантиришлар: Эрнандес (38), Ҳакими (43), Бруно Гимараэс (45), Дембеле (67), Гордон (70), Заир-Эмери (81), Поуп (87).

«Нюкасл» мухлислари айни вақтда энг яхши даврларини бошдан кечирмоқда: улар бу дамларни клубнинг зиқна хўжайини Майк Эшлининг 14 йиллик бошқаруви даврида сабр билан кутишди, бу даврда жамоа икки бор АПЛни тарк этди ва мухлислар беҳисоб аламли мағлубиятларга чидашга мажбур бўлишди. Аммо клуб Саудия Арабистони суверен фондига сотилганидан икки йил ўтиб фанатлар ўз севимлиларининг Чемпионлар лигасидаги узоқ кутилган ғалабасига гувоҳ бўлишди — таркибида Мбаппе бўлган «ПСЖ» устидан йирик ғалабага.

«Қарғалар» асосий еврокубокка 20 йиллик танаффусдан кейин қайтишди ва бу қайтишни ўзига хос тарзда нишонлашмоқда. 1-турда «Нюкасл» сафардан очко олиб қайтганди, энди эса «Сент-Жеймс Парк» стадионида ниҳоят Чемпионлар лигаси мадҳияси куйланди.

«ПСЖ» бу ўйинда инглизларни максимал даражада ҳайрон қолдиришга қарор қилганди. Луис Энрике шунчаки агрессив эмас, ҳаддан ташқари агрессив ўйнашни мақсад қилганди. «Барселона»да, Испания миллий жамоасида ва бошқа клубларида у ҳамиша майда пас ва мудофаадан аста-секинлик билан чиқишни афзал кўрган, кўпинча марказий форвардларсиз, «алдамчи тўққизлик» билан ҳаракат қилган. Бу ўйинда эса — бирданига тўрт нафар ҳужумчи туширилди: Мбаппе, Коло Муани, Рамуш ва Дембеле. Энрике бу мавсумда аввал ҳам ҳужум чизиғида турли жойлашувларни синаб кўрганди, аммо ҳали бу қадратли тўртлик бир вақтда бошланғич таркибдан ўрин олиши кузатилмаганди.

Бундай ғалати 4-2-4 схемаси вертикалликка асосланганди — бу ҳам Энрике учун хос бўлмаган танлов. Ҳимоячилар «Нюкасл» форвардларини олдинроқда прессинг қилишга жалб қилиб, бу орқали ҳужумга узун пас бериш орқали уларни ўйиндан узиб қўйиш кўзда тутилганди. Мураббийнинг режасига кўра, бу ҳолатда парижликларнинг тўрт форварди «Нюкасл»нинг тўрт ҳимоячиси билан бирга-бир қолиши керак эди. Бундай услубни Роберто Де Дзерби «Брайтон»да қўллайди, фақат у ерда барчаси автоматизм даражасига чиқарилган, «ПСЖ» эса биринчи ўйинданоқ буни ўзлаштириши қийин иш эди.

Қолаверса, парижликлар ҳимоячилари босим остида идеал ҳаракат қила олишмади ва узун узатмалар ҳам ўхшамади. 17-дақиқада Маркиниос ўз жарима майдони ичида жуда ёмон ўйнаб тўпни йўқотди, Доннарумма Исакнинг биринчи зарбасини қайтарди, аммо Алмирон қайтган тўпга зарба бериб уни ожиз қолдирди ва «Сент-Жеймс Парк»ни ларзага келтирди, у «қарғалар»нинг ЕЧЛда Алан Ширердан кейин гол урган илк футболчисига айланди.

Эдди Ҳау Энрикенинг тузоғига тушмади — «Нюкасл» бош мураббийи меҳмонларни кучли прессинг қилмоқчи эмасди, унинг футболчилари олдинга ташланмай, одатий 4-5-1 схемаси бўйича ўрта блокда хотиржамлик билан ҳимояланишди ва барча зоналарни ёпишди. Албатта, мезбонларнинг ўйини ҳам бенуқсон эмасди, масалан, 5-дақиқадаёқ Дембеле ҳисобни очишга яқин бўлганди, биринчи голдан кўп ўтмай эса Рамуш жарима майдони ташқарисидан берган зарба ўта хавфли чиқди.

Аммо «Нюкасл» майдонда яхшироқ эди — дастлабки ярим соат ўтаётганида Шер бурчакдан узатилган тўпни дарвозага йўллашига бир бахя қолди, бу ишни 39-дақиқага бориб барибир бошқа бир ҳимоячи Берн уддалади. Гол урилган ҳужум узоқ давом этди: тўп бир неча бор у томондан бу томонга ўтди, Доннарумма икки бор қутқарди, лекин Шкриняр билан тўп учун курашда устун келган баланд бўйли ҳимоячининг зарбасидан кейин тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтди, кейин эса «Нюкасл» футболчилари бу гол видеотакрор орқали тасдиқланишини узоқ (еврокубок учун рекорд даражадаги 100 сониядан ортиқроқ) кутишди - тўп дарвоза чизиғини тўлиқ кесиб ўтганига, пас берган футболчи офсайдда эмаслигига ва ва ҳужум давомида Лассалс қўл билан ўйнамаганига ишонч ҳосил қилиш талаб этилди.

Фото: JAN KRUGER/GETTY IMAGES

Танаффусда Энрике футболчиларнинг жойлашувларини ўзгартириши кутилганди, аммо у барчани ажаблантирган ҳолда барчасини ўз ҳолида қолдирди. Бу эса фақат «Нюкасл» фойдасига ишлади: Ҳау кийим алмаштириш хонасида ўз шогирдларига парижликлардаги номутаносибликлардан қандай қилиб яхшироқ фойдаланиш кераклигини ўргатиши табиий эди ва 50-дақиқадаёқ ҳисоб йирик кўринишга келтирилди — Триппиер қийинчиликсиз «ПСЖ» мудофаасидаги улкан тешикни топди, Лонгстафф идеал очилиб, зарба берди, Шкриняр позиция танлашда хато қилди ва унга қаршилик кўрсатмади, Доннарумма ўз дарвозасидан учинчи голни олиб чиқди.

Фақат шундан кейингина французлар жамоаси уйғониб, илк бор дарвоза соҳаси томон аниқ зарба берди. Ва шу зарбанинг ўзиёқ голга айланди, лекин бу голда ҳужум тўртлиги иштирок этмади: марказий ҳавбек Заир-Эмери тўпни жарима майдони ичига ташлаб берди, унга етиб борган ҳимоячи Эрнандез бир тегиниш билан дарвозабонни ожиз қолдирди.

Баъзида бундай голлар жамоага импулс бериши ва ўйиннинг кечишини буткул ўзгартириб юбориши мумкин. Аммо бу сафар эмас. Парижликлар шундан кейин ҳам ўзига ўхшамади, айниқса Мбаппе жамоа мухлисларининг ҳафсаласини пир қилди — «ПСЖ» етакчиси фақат 85-дақиқага бориб дарвоза томон илк бор зарба берди ва ўз даражасидан анча паст ўйин кўрсатди.

«Нюкасл» Чемпионлар лигасига тасодифан қайтмагани ва яна кўп йиллар турнирда иштирок этмоқчи эканини намойиш этди. Қўшимча дақиқалар бошланганида Шер фантастик гол урди ва якуний ҳисобни ўрнатди.

«Қарғалар» икки йилча олдин АПЛда қолиш учун курашаётганди (жамоа АПЛда 23-турдан кейин хавфли зонада эди), аммо Саудия Арабистонидан келган сахий қўллар туфайли жамоа нафақат ЕЧЛга йўлланма олди, балки гранд жамоани тор-мор этиб, «ўлим гуруҳи»да пешқадам бўлиб олди.

«Боруссия» Д — «Милан» 0:0
«Боруссия» Д – Кобел, Рюэрсон, Ҳуммелс, Шлоттербек, Бенсебайни, Ройс (Нмеча, 72), Жан, Брандт (Адейеми, 64), Ўзжан, Мален (Байно-Гиттенс, 72), Фюллкруг (Мукоко, 85).
«Милан» – Менян, Калабрия (Флоренци, 69), Томори, Тиав, Эрнандес, Побега (Адли, 58), Рейндерс, Муса, Пулишич (Чуквуэзе, 70), Леау, Жиру (Окафор, 69).
Огоҳлантиришлар: Шлоттербек (19), Рейндерс (23), Жан (25), Ҳуммелс (81), Муса (88).

Статистика ҳам баъзан парадоксал бўлади. Масалан, биринчи турда рақамларга қараб барчасини тушуниш мумкин эди — «Милан» «Нюкасл»га ўйин бермаган ва йигирмадан ортиқ зарба йўллаганди. Дортмундда эса «россонерилар» танаффусга қадар бирор марта дарвоза соҳаси томон аниқ зарба бера олмади. Кимдир ўйлаши мумкин — мезбонлар бунга йўл қўймаган деб. Амалда эса Стефано Пиоли жамоасининг омадсизлиги давом этди, вазиятлардан бирида Жиру бир неча метрдан туриб тўпни дарвоза тўсини устидан юқорига қарата тепишни уддалади. Меҳмонларда яна голли вазиятлар бўладигандек туюларди, аммо ўйин охиригача ҳисоб очилмай қолди: натижада «Милан» илк бор Чемпионлар лигасини кетма-кет икки голсиз дуранг билан бошлади, қолаверса, қизил-қоралар жамоасида асосий еврокубокда илк бор қаторасига тўрт ўйиндан иборат голсиз серия қайд этишди.

26 октябр. ПСЖ — Милан, Нюкасл — Боруссия

Н гуруҳи

«Барселона» икки етакчисини йўқотиш эвазига ғалабага эришди

«Порту» — «Барселона» 0:1
Гол:
Торрес (45+1).
«Порту» – Кошта, Мариу (Нико Гонсалес, 85), Кардозу, Карму, Венделл, Ромариу Баро (Эванилсон, 64), Эуштакиу, Варела (Консейсау, 85), Пепе, Торимий (Намасо, 85), Галено (Ҳайме, 85).
«Барселона» – тер Стеген, Канселу, Кунде, Араухо, Балде, Гундўған, Ромеу (Роберто, 69), Гави, Фелиш (Лопес, 69), Ямал (Алонсо, 80), Левандовски (Торрес, 34).
Огоҳлантиришлар: Жоау Канселу (13), Фабиу Кардоза (28), Араухо (29), Гави (36), Кунде (47), Жоау Феликс (50), Сержи Роберто (86).
Четлатиш: Гави (90).

Сўнгги вақтларда Хавининг иши унча юришмаяпти. Яқинда лазаретдаги Педри ёнига Френки де Йонг қўшилганди, ўтган ҳафта охиридаги тур ўйинида Рафиня жароҳат олди, «Драгау»даги ўйиннинг биринчи бўлимида эса Левандовскини алмаштиришга тўғри келди. Бу йўқотиш келажакда ўз таъсирини кўрсатиши тайин, чоршанба куни эса поляк футболчисининг сафдан чиқиши жамоага фойдали бўлди, дейиш ҳам мумкин. Унинг ўрнига тушган форвард Ферран Торрес биринчи бўлим охирида майдон марказида рақиб хатосидан кейин тўпни эгаллаб олган Гундўғаннинг узатмасидан ҳисобни очди.

Иккинчи бўлимда эса бу устунлик бой бериладигандек кўринганди. Кўк-анорранглиларни ақл бовар қилмас подкат амалга оширган Кунде қутқарди, у дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борган Пепе Акинонинг оёқлари остидан тўпни олиб қўйди. Кўп ўтмай худди шундай номер Араухо томонидан такрорланди. Ҳолбуки бу вақтда «Порту»нинг кўпчилик футболчилари голни нишонлашга тайёр турганди. Лекин бу улар учун сўнгги хафагарчилик бўлиб қолмади. Кейингиси арбитр тўп жарима майдони ичида Жоау Канселунинг қўлига теккани учун пеналти белгилаганида рўй берди, аммо мониторга яқинлашган Энтони Тэйлор ўз қарорини ўзгартиришга мажбур бўлди. Видеотакрордан кейин маълум бўлишича, бу ҳужум вақтида тўп дастлаб уни қабул қилиб олаётганида Эуштакиунинг қўлига теккан.

Ниҳоят Торимийнинг қайчи услубида дарвозани ишғол этиши миллиметр офсайд туфайли бекор қилинди. «Барса» «аждарлар»ни қаторасига беш ўйинда мағлуб этди, аммо клуб бу ўйинда Левандовскидан ташқари яна бир футболчисидан айрилди. Кейинги турда каталонияликларга Гави ёрдам бера олмайди, у қўшимча вақтда майдон марказида, кераксиз вазиятда фол ишлатди ва иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этди.

Фото: JOSE MANUEL ALVAREZ/GETTY IMAGES

Умуман олганда, Хави кўк-анорранглилар бошқарувидаги юбилей юзинчи ўйинидаги ғалабаси ўзига татимади.

«Антверпен» – «Шахтёр» 2:3
Голлар:
1:0 – 3 Муя, 2:0 – 33 Баликвиша, 2:1 – 48 Сикан, 2:2 – 71 Ракицкий, 2:3 – 76 Сикан.
«Антверпен» – Бютез, Батай, Алдервейрелд, Кулибали, Вейндал (Иленикена, 83), Эккеленкамп (Валенсия, 74), Кейта (Юсуф, 83), Вермерен, Муя (ван ден Босҳ, 88), Баликвиша, Янссен.
«Шахтёр» – Ризник, Конопля, Ракицкий, Матвиенко, Азаров, Степаненко, Зубков, Назарина, Крискив, Судаков, Сикан (Швед, 87).
Огоҳлантиришлар: Кейта (12), Конопля (36), Янссен (37), Ракицкий (66), Сикан (82), Алдервейрелд (88).

Барселонадаги 0:5 ҳисобидан кейин «Антверпен» том маънода дарвозасини қулфлаб қўйди. Марк ван Боммел жамоаси миллий биринчиликда қаторасига уч ўйинни голсиз дуранг билан якунлади, аммо сешанба оқшоми Белгиянинг амалдаги чемпионлари дарвозабони Бютез учун чинакамига қора кунга айланди. Биринчи бўлимдаги 2:0 ҳисоби кўп жиҳатдан ушбу француз дарвозабон айби билан иккинчи бўлимда 2:3 кўринишига ўзгарди. Албатта, жарима зарбасидан кейинги рикошетда у ҳеч нарса қила олмасди, аммо биринчи ва айниқса учинчи гол учун айб — яққол дарвозабоннинг зиммасида. Муҳим эпизодда Бютез бурчак зарбасидан қочиш учун тўпга майдон чизиғида етиб олди, аммо бу билан у ишни фақат ёмонлаштирди, рақиб эса бўш қолган дарвозани нишонга олиш имкониятига эга бўлди.

25 октябр, Барселона – Шахтёр; 26 октябр, Антверпен – Порту

Е гуруҳи

Гризманндан шедевр

«Атлетико» – «Фейеноорд» 3:2
Голлар:
0:1 – 7, автогол Эрмосо, 1:1 – 12 Мората, 1:2 – 34 Ганцко, 2:2 – 45 Гризманн, 3:2 – 47 Мората.
«Атлетико» – Облак, Молина (Рикелме, 79), Аспиликуэта, Эрмосо, Витцел, Коке, Саул, Де Паул (Лиоренте, 46), Гризманн (Корреа, 79), Мората, Лино (Галан, 62).
«Фейеноорд» – Велленройтер, Гертрюйда, Траунер (Ниукоп, 74), Ганцко, Ҳартман, Тимбер, Виффер (Лингр, 74), Зерруки (Жаҳонбахш, 78), Стенгс, Игор Пайшао, Уэда (Минте, 60).
Огоҳлантиришлар: Аспиликуэта (33), Саул (41), Мората (45), Стенгс (53), Лино (56).

Ўйин арафасида Диего Симеоне «Фейеноорд»ни мақтовларга кўмиб ташлаганди ва нидерландлар тезда бунга муносиб бўлишга киришди. Тимбернинг Уэдага узатмаси Эрмосонинг автоголи билан якунланди. Мората тезда ҳисобни тенглаштирди, аммо меҳмонларни бу чўчита олмади. Улар нафақат «матрасчилар»нинг ялпи ҳужумларини бартараф этишди, балки дадиллик билан ҳужумлар уюштиришди. Натижада марказий ҳимоячи Ханцко меҳмонларни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди, кейинги вазиятда эса унинг ҳимоядаги шериги Траунер орадаги фарқни оширишига бир бахя қолди.

Испанлар бўлимга қўшиб берилган дақиқалар охирида рақиб  жарима майдонидаги саросимадан фойдаланди, Гризманн қайчи услубидаги зарба билан ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлим эса Моратанинг иккинчи голи билан бошланди, шундан кейин «Атлетико» ўз маҳоратини ишга солиб, натижани ушлаб қолди. «Фейеноорд»га ўйин охиридаги штурмлар ёрдам бермади, жамоа дарвозабони Велленройтер беш марта (!) мадридликлар жарима майдонига етиб келди. Афтидан, мадридликларга сўнгги дақиқада гол урган «Лацио» дарвозабони Проведел бошидаги лаврлар ушбу ҳамкасбига тинчлик бермаган.

«Селтик» — «Лацио» 1:2
Голлар:
Фуруҳаси (12) — Весино (29), Педро (90+5). 
«Селтик» – Ҳарт, Жонстон, Скейлз, Филлипс (Картер-Викерс, 62), Тэйлор, Макгрегор, О`Райли, Ҳатате (Паулу Бернарду, 72), Маэда, Ян Хён Жун (Палма, 62), Фуруҳаси (О Ҳён Гю, 86).
«Лацио» – Проведел, Габаррон, Романиоли, Ҳюсай, Луис Альберто (Гендузи, 68), Весино, Камада, Ладзари (Марушич, 84), Фелипе Андерсон (Исаксен, 68), Дзаккани (Педро, 84), Иммобиле (Кастелянос, 72).
Огоҳлантиришлар: Филлипс (45), Луис Алберто (61), Кастелянос (74), Палма (82), Весино (90), Сепе (90).

Қадрдон «Селтик Парк» стадионида «келтлар» жамоаси қанотлар ўсиб чиққандек ўйнайди. Фақат жонбозликнинг ўзи савиядаги фарқни йўққа чиқаришга имкон бермайди. Шу даражадаки, «Селтик» ўн йилдан буён ЕЧЛ гуруҳ босқичларида ўз уйида ғалаба қозона олмаган. Бу сафар ҳам муваффақият яқиндек кўринган бўлса-да, ғалаба қозонишнинг имкони бўлмади. Ғалаба голига айланиши мумкин бўлган гол ҳам урилганди. Палма ўйин давомида «Лацио»ни бир неча бор қутқарган Проведелнинг яқин бурчагини аниқ нишонга олганди.

Аммо аргентиналик футболчи голни футболкасини ечиб нишонлагани учун сариқ карточка олгани етмагандек, VAR микроскопик офсайд қайд этиб, голни бекор қилди. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмасди. Ўйинга қўшиб берилган бешинчи дақиқада майдоннинг иккинчи қисмида тўп йўқотилиши қимматга тушди, 169 сантиметр бўйга эга Педро бош билан аниқ зарба бериб, «Лацио»га ғалаба келтирди. Команда Маурицио Сарри жамоаси 90-дақиқадан кейин бешафқат махлуққа айланмоқда.

25 октябр, Фейеноорд – Лацио; 26 октябр, Селтик – Атлетико.

G гуруҳи

Ҳоланд тўхтаса, Алварес бор

«Лейпциг» — «Манчестер Сити» 1:3
Голлар:
Опенда (48) — Фоден (25), Алварес (84), Доку (90+2). 
«Лейпциг» – Бласвих, Симакан, Клостерманн, Лукеба, Раум, Форсберг (Шешко, 70), Шлагер, Зайвалд (Айдара, 85), Симонс, Поулсен (Баумгартнер, 75), Опенда (Вернер, 70).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Уокер, Диаш, Гвардиол, Аканжи (Доку, 72), Люис, Грилиш (Аке, 72), Силва (Нунеш, 87), Родри, Фоден (Алварес, 79), Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Аканжи (65), Шлагер (72), Раум (78).

«Лейпциг», табиийки, ўтган мавсумдаги шармандали мағлубият учун жавоб қайтариш мақсадида майдонга чиққанди. Жамоа март ойида «Этиҳад»да рўй берган 0:7 ҳисоби комплексларидан ҳам халос бўлиши талаб этиларди. Аммо биринчи бўлимда «ҳўкизлар» учун ҳеч қандай ижобий сигнал кўринмади. Зарбалар бўйича 1:10 кўрсаткичи, тўпга эгалик қилиш бўйича 72 фоиз устунлик «Манчестер Сити»да бўлди. Табиийки, гол ҳам «шаҳарликлар» томонидан урилди. Голлар сони иккита бўлиши ҳам мумкин эди, аммо Бернарду Силва бўш бурчак қаршисида туриб ҳам тўпга яхши мослаша олмади. Аммо португалиялик футболчи ўз узатмаси билан рақиб мудофаасини доғда қолдирди, Люиснинг узатмасидан кейин эса Фоден қулай позициядан туриб ҳисобни очди.

Умуман олганда, мезбонлар учун ёруғлик кўринмаётганди, аммо Марко Розе танаффусда жамоани ўзига келтирди. Шунчаликки, иккинчи бўлим Опенданинг голи билан бошланди, Поулсен уни деярли яккама-якка вазиятга чиқариб юборди. Бу муваффақият ўйин табиатини ўзгартирмаган ва голдан кейин ҳам «Лейпциг» кўпроқ ҳимояланишига тўғри келган бўлса-да, мезбонлар узоқ вақтгача ҳисобни ушлаб туришди. Масалан, узоқ устун қаршисида йиқилаётиб зарба берган Ҳоланднинг омади келмади, бошқа вазиятда дарвоза тўсини ёрдамга келди.

Хосеп Гвардиоладан қандайдир ўзгача чора талаб этиларди ва у буни жокерлари орқали амалга оширди. Алварес Докунинг узатмасидан кейин узоқ бурчакка айланма зарба бериб, ғалаба голини урди. Немислар жамоаси катта қийинчилик билан натижага эришишга ҳаракат қилаётганди, аммо ўтказилган голдан кейин жамоада таклиф этадиган нарса қолмади. Қўшиб берилган дақиқаларда эса энди Алвареснинг узатмасидан кейин белгиялик вингер якуний ҳисобни ўрнатди. «Сити» ушбу рақибга қарши сафарда фақат учинчи ўйинга келиб ғалабага эришди — мағлубият ва дурангдан кейин.

«Црвена Звезда» — «Янг Бойз» 2:2
Голлар:
Ндиайе (35), Букари (88) — Угринич (48), Иттен (61, пеналти).
«Црвена Звезда» – Глазер, Драгович, Жига, Родич (Олайинка, 62), Иванич, Ҳванг Ин Бом, Букари, Стаменич (Лучич, 69), Митрович (Катаи, 70), Мияйлович, Ндиайе (Крассо, 80).
«Янг Бойз» – Рачоппи, Жанко, Бенито (Аменда, 47), Камара, Гарсия, Угринич, Нияссе, Малес (Чаива, 74), Элиа, Иттен (Ганвула, 75), Монтейру.
Огоҳлантиришлар: Ндиайе (18), Иванич (45), Ҳванг Ин Бом (58), Малес (64), Букари (65), Мияйлович (73), Камара (74), Драгович (74), Нияссе (90).

Бу амалда учинчи ўрин ва Европа Лигаси йўлланмаси учун баҳс бўлди. Биринчи бўлимда «Црвена Звезда» устунлик қилди, мезбонларнинг голи видеоёзувни узоқ ўрганишдан кейин ҳисобланди. Иккинчи бўлимда вазият ўзгара бошлади. Аввалига Угринич Монтейронинг пасидан кейин ҳимоячилар ортида очилиб, ҳисобни тенглаштирди. Кейин тўп ҳимоячилар қўлига тегиши туфайли Иттен пеналтини аниқ ижро этиб, «Янг Бойз»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Аммо қизил-оқлар Букарининг ўйини эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди, биринчи голда пас берган ганалик футболчи ўткир бурчакдан аниқ зарба бериб, бутун ўйин давомида швейцарияликлар ғалабаси учун қўлидан келган барча ишни қилган дарвозабонни хатога мажбур қилди.

26 октябр. Лейпциг – Црвена Звезда, Янг Бойз – Манчестер Сити

Кун статистикаси

  • Турнир тарихида 1-бор Япониянинг тўрт нафар вакили — Фурухаси, Маэда, Ҳатате («Селтик») ва Камада («Лацио») ЕЧЛ ўйинида бошланғич таркибда тушди.
  • «ПСЖ» 4 йилдан буён ЕЧЛда биринчи бўлимда иккита гол ўтказиб юбормаганди.
  • Бу турда 8 жамоа биринчи бўлиб гол ўтказиб юборганига қарамай, якунда ғалабага эришди. Бу ЕЧЛда янги рекорд ҳисобланади.
  • «Барселона» ҳужумчиси Ферран Торрес асосий еврокубокдаги голлари сонини 10 тага етди, у бунгача тўққиз голини «Валенсия» ва «Манчестер Сити» сафида урган.
  • 16 ёшу 83 кун — ЕЧЛда бошланғич таркибдан ўрин олган энг ёш футболчининг ёши. Барселоналик Ямал Селестино Бабаяронинг рекордини уч кунга яхшилади.
  • 17 ёшу 210 кун — яримҳимоячи Заир-Эмери «ПСЖ»нинг асосий еврокубокда голли пас муаллифи бўлган энг ёш футболчиси бўлди.

Мавзуга оид