Жаҳон | 22:14 / 24.05.2021
17296
12 дақиқада ўқилади

«Давлат қароқчилиги». Ғарб Минскдаги воқеага қандай жавоб бермоқда?

Ғарбдаги сиёсатчилар Ryanair авиакомпаниясининг бортида мухолифатчи журналист Роман Протасевич бўлган самолёти Минскка мажбуран қўндирилганини кескин қораламоқда. Билдирилаётган таклифлар қаторида Беларусь билан ҳар қандай авиақатновларни тўхтатиш ҳам бор. airBaltic авиакомпанияси ушбу мамлакат устидан учишни тўхтатган. ОАВда қўшимча санкциялар ҳам жорий этилиши ҳақида ёзишмоқда. Кремль ҳозирча вазият юзасидан расмий муносабат бермаяпти.

23 май куни Афинадан Вильнюсга рейсни амалга оширган Ryanair авиакомпанияси самолёти бортда мина жойлаштирилгани ҳақидаги ёлғон сигнал туфайли диспетчер томонидан Минск аэропортига йўналтирилди. Самолётга қўнгунига қадар МиГ-29 қирувчиси ҳамроҳлик қилиб борди. Reuters агентлиги хабарига кўра, ЕИнинг айрим етакчи сиёсатчилари буни самолёт ўғирланиши деб атамоқда. Аэропортда Протасевич ва унинг севган қизи - Россия фуқароси бўлган София Сапега қўлга олинган.

26 ёшли Протасевич - мухолифатчиларнинг биринчи рақамли ресурсига айланган, Беларусь ҳукумати томонидан экстремистик ташкилот деб эълон қилинган Nexta телеграм-канали асосчиларидан биридир. Беларусда журналистга қарши уч модда бўйича жиноий иш очилган, улардан бири бўйича 15 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, у самолётдалигида Беларусда ўзига ўлим жазоси таҳдид солаётгани ҳақида гапирган.

Flightradar24.com сайти маълумотларига кўра, самолёт Литва ҳаво кенгликларига киришига икки дақиқа қолганида Минскка томон йўналтирилган. Унинг йўловчилари Минск аэропортида етти соат ўтказилгач, парвозни давом эттириш учун қўйиб юборилган, рейс Вильнюсга - олти нафар йўловчини Минскда қолдириб учган.

Аэропортда самолётни Литва бош вазири Ингрида Шимоните қарши олди. «Бу ўхшаши йўқ вазият жиддий текширувларни талаб этади», - деди у.

Ryanair Минскка қўнишни Беларусь ҳукумати талаб қилганини тасдиқлаган. «Рейс экипажи Беларусь ҳаво ҳаракати бошқармаси томонидан бортда хавфсизликка потенциал таҳдид борлиги ҳақида огоҳлантирилди ва бортни энг яқин аэропорт — Минскка йўналтириш ҳақида кўрсатма олди», дейилади баёнотда.

Ryanair раҳбари Майкл О'Лири Ирландия радиосига берган интервьюсида, унинг компанияси самолёти Беларусь ҳукумати томонидан тўхтатилишини давлат қароқчилиги акти деб атади.

«Кўриниб турибдики, ҳукуматнинг мақсади самолётдан журналист ва унинг ҳамроҳини тушириб қолдириш бўлган... Биз бортдан [Беларус] КГБнинг бир неча агентлари ҳам тушиб қолган деб ҳисоблаймиз», деган Ryanair ижрочи директори.

Беларусдаги давлат нашрлари эса учувчиларнинг ўзи Минск аэропортига қўнишни сўрашгани ҳақидаги версияни айтишда давом этишмоқда. БЕЛТА агентлиги президент Александр Лукашенко ҳарбийларга Ryanair самолётини қўриқлаб бориш бўйича шахсан топшириқ бергани ҳақида ёзган.

Беларуснинг ОНТ телеканали диспетчернинг Ryanair рейси экипажи билан суҳбати сифатида аудиоёзувни тақдим этди. Унинг биринчи парчасида аэропорт хавфсизлик хизмати (айнан қайси аэропортлигига аниқлик киритилмаган) электрон почтасига Афинадан Вильнюсга учаётган самолёт бортида портловчи қурилма борлиги ҳақида хабар келгани айтилади. Иккинчи ёзувда эса рейс экипажи Минскка қўниш ҳақида мустақил қарор қабул қилгани келтирилади.

Душанба куни Беларусь транспорт вазирлиги вазиятни текшириш бўйича махсус комиссия тузилгани ва «яқин вақтлар ичида барча маълумотлар эълон қилиниши»ни билдирган.

«ЕИнинг қатъиятсизлиги заифлик сифатида кўрилади»
Самолёт мажбуран қўндирилиши Европа Иттифоқи бўйлаб, хусусан, Германия, Франция, Польша ва самолёт учиб кетган Греция томонидан бирдек қораланди. «Блумберг» агентлигининг ёзишича, бу мамлакатлар Минск билан муносабатларда санкциялар жорий этиши кутилмоқда.

Европанинг қатор расмий шахслари ҳам Беларусга янги санкциялар билан таҳдид қилишган, Reuters агентлигининг ёзишича, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса самолёт мажбуран қўндирилиши ва журналист ҳибсга олинишини шокка солувчи акт деб атаган, Протасевични зудлик билан озод этишни талаб қилган. У АҚШ ЕИдаги ҳамкорлар, Литва ва Греция расмийлари билан Ryanair самолётининг Беларусга қўндирилгани юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёрлигини билдирди.

«Мазкур ҳолатда самолёт фавқулодда қўндиришга мажбурланганини инобатга олиб, Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилотини мазкур ўйланмай қилинган ҳаракат юзасидан тезкор тарзда йиғилиш ўтказишга ва мазкур вазиятлар юзасидан тафтиш бошлашга чақирамиз, бунда уларга амалий кўмак беришга тайёрлигимизни билдирамиз», деган АҚШ давлат департаменти раҳбари.

Литва президенти Гитанас Науседа НАТО ва ЕИ бўйича иттифоқчиларни Беларусь режими томонидан халқаро фуқаролик авиациясига солинаётган таҳдидга қарши зудлик билан чоралар кўришга чақирди.

Ўз навбатида, Литва прокуратураси вакили Эляна Мартинонененинг хабар қилишича, мамлакат бош прокуратураси самолётни террорчилик мақсадларида олиб қочиш ва одамларга нисбатан халқаро ҳуқуқ нормаларига зид равишда муомала қилингани факти юзасидан судга қадар ҳаракатлари бошлаган.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Ryanair авиакомпанияси самолётини Минскка мажбуран қўндириш ҳолати бўйича айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди.  Унинг маълум қилишича, самолёт билан боғлиқ воқеа Евроиттифоқ саммити кун тартибига киритилган. Бу масала душанба куниёқ, форум ишининг биринчи кунида муҳокама қилинади. 

Европа Кенгаши раиси Шарл Мишел ҳодиса «оқибатларсиз қолмаслиги»ни таъкидлади. Эҳтимолий вариантлар орасида — Беларусь ҳаво кенгликларидан ўтадиган парвозларни тақиқлаш, Belavia авиакомпаниясининг Европа Иттифоқи мамлакатлари аэропортларига учишини тақиқлаш, шунингдек, самолёт билан боғлиқ ҳодисага алоқадор одамларга қарши шахсий санкциялар бор. airBaltic авиакомпанияси парвозлар Беларусь ҳудуди осмонидан ўтмаслиги учун аллақачон уларнинг йўналишини ўзгартиришни бошлади.

АҚШ Давлат котибининг сўзларига кўра, президент Жо Байденнинг маъмурияти шериклар билан Беларусь ҳукуматига нисбатан келгусида қандай қадамлар ташланишини мувофиқлаштирмоқда. Унинг баёнотида, йўловчи самолётга ҳамроҳлик учун ҳарбий авиация қўллангани жиддий хавотирга солиши ҳамда текширув ўтказишни талаб қилиши қайд этилган.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг твиттери орқали ҳодиса жиддийлиги ва халқаро текширувни талаб қилиши ҳақида ёзди. 

Ирландия ташқи ишлар вазири Саймон Ковни (Ryanair авиакомпанияси айнан шу мамлакатда жойлашган) эса шундай деди: «ЕИнинг ҳаракатсизлиги ёки қатъиятсизлигини Беларусдагилар заифлик сифатида қабул қилишади».

Янги санкциялар ва парвозларга тақиқлар бўладими?
Ўтган йилда Беларусда Александр Лукашенко ҳокимиятига қарши кенг кўламли намойишлардан кейин АҚШ, ЕИ, Британия ва Канада режимнинг вакилларига қарши санкциялар жорий этганди. Бундай чоралар беларуслик қарийб 90 нафар амалдорга, жумладан, Лукашенкога ҳам тааллуқли эди.

«Мажбурлаш актини амалга оширган ҳолда Беларусь ҳукумати йўловчилар ва экипаж хавфсизлигини хавф остига қўйди», деди душанба куни Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель.

«Блумберг» маълумотига кўра, душанба куни Брюсселда бошланадиган саммитда эҳтимолий санкциялар муҳокама қилинади ва унинг якунига кўра жисмоний ва юридик шахслар санкцияга учраши, ЕИнинг барча авиакомпаниялари Беларусь устидан парвоз қилишни тўхтатиши ҳамда «Белавиа» авиакомпаниясига Европа аэропортларига қўниш тақиқланиши мумкин.

Бундан ташқари, агентликнинг ёзишича, транзит бутунлай (қуруқлик орқали ҳам) тўхтатилиши мумкин. Бу қадамлар Ryanair самолёти билан рўй берган ҳодисага қадар ишлаб чиқилаётган ва кейинги ойда тақдим этилиши мўлжалланган санкциялар пакетини тўлдиради.

АҚШ Сенатининг халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси раиси Боб Менендес Беларусга парвозлар тўхтатилишини ёқлаб чиқди.

Менендес ва Европанинг етти давлати парламентларининг хорижий ишлар бўйича қўмиталари раҳбарлари (Литва ва Британия ҳам) қўшма баёнот бериб, йўловчи самолёт мажбуран Минскка қўндирилишини қароқчилик акти деб баҳолашди.

Баёнот муаллифлари Беларусь устидан ҳар қандай учишларни, жумладан, ушбу мамлакатга ва ушбу мамлакатдан рейсларни тақиқлашга чақирди, шунингдек, НАТО ва ЕИ раҳбариятига қўшимча санкциялар қўллаш таклифи билан мурожаат қилинди. Блинкен Беларусь ҳукуматининг ҳаракатларини тўлиқ тергов қилишни талаб қилди, унинг фикрича, бу ҳаракатлар йўловчилар ҳаётига, шу жумладан, АҚШ фуқаролари ҳаётига таҳдид бўлган.

Латвиянинг airBaltic авиакомпанияси бундан буён Беларусь устидан учмайди. Бу ҳақда Латвия ахборот вазири Талис Линкайтс маълум қилди. Венгриянинг Wizz Air лоукостери ҳам Беларусь ҳаво кенгликларини четлаб ўтмоқда. Росавиация матбуот хизмати хабар қилишича, Россия авиакомпаниялари Беларусга кириш ва чиқиш парвозларини давом эттирмоқда. Ryanair самолётлари ҳам мамлакат устидан учишда давом этмоқда.

«Белаэронавигация» давлат компанияси вакили «Интерфакс» учун берган интервьюсида алоҳида авиаташувчилар мамлакатни айланиб учаётган бўлса-да, Беларусь ҳаво кенгликларида барқарор авиатрафик сақланаётганини маълум қилган: «Катта визуал ўзгариш йўқ... Айрим компаниялар Беларусни айланиб учмоқда, аммо бу одатий вазият, компаниялар маршрутларни мустақил тарзда ўзгартиришлари мумкин. Умуман айтганда, улар бутунлай Беларусни айланиб ўтишни бошлади деб айта олмайман».

АҚШ Давлат котиби Фуқаролик авиацияси халқаро ташкилотининг (ICAO) йиғилишини ўтказишга чақирди. Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская ташкилотни Беларусни ташкилотдан чиқариб ташлашга чақирди, ICAO эса ташкилот бу ҳодиса фуқаролик авиацияси фаолиятининг тамойиллари белгилаб берилган Чикаго конвенцияси бузилиши бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Беларусь ТИВ эҳтимолий санкциялар бўйича хабарларга муносабат билдирди. «Бир қатор мамлакатлар ва Европадаги тузилмалар душманона баёнотлар беришга шошилаётгани ҳайратланарли. Вазият тўғридан тўғри кескинлашмоқда. Ҳеч қандай холисликка интилиш кўринмайди. Бунинг ўрнига яна санкциялар ҳақидаги шиорлар янграмоқда», дея вазирлик вакили Анатолий Глазнинг сўзларини келтирган РИА Новости.

Москванинг реакцияси
Россия ТИВ расмийси Мария Захарова Ғарб давлатларининг Ryanair рейси бўйича бераётган баҳоларига қўшилмаслигини билдирган.

«Ғарб Беларусь ҳаво кенгликларида рўй берган ҳодисани «шокка туширувчи» деб атаётганидан шокка тушмоқдаман. Ёки барча ҳолатлардан шокка тушиш керак: АҚШ сўрови билан Боливия президенти самолёти Австрияда мажбуран қўндирилишидан ҳам, Украинада Беларусь самолёти парвоздан 11 дақиқа ўтиб ортга қайтарилиши ва «Антимайдан» фаоли бортдан тушириб қолдирилишидан ҳам. Ёки шу каби бошқа ҳолатларнинг ҳеч биридан шокка тушмаслик керак», дея ёзди у фейсбукдаги саҳифасида.

«Биз ушбу вазиятни шошилмасдан, мавжуд барча маълумотлар асосида баҳолаш тарафдоримиз», дея маълум қилган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Кремль матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Песков журналистларнинг саволларига авиация вакиллари жавоб бериши кераклигини айтди. «Ҳозирдан айтишим мумкин, мен Ryanair самолёти бўйича ҳеч қандай изоҳ бермайман. Маълум халқаро авиация қоидалари мавжуд ва бу ўринда айнан халқаро авиация ҳукумати ўз баҳосини бериши керак», дейди у.

Унинг сўзларига кўра, Кремлда Протасевич билан бирга қўлга олинган россиялик Сапега ҳақида «ҳеч қандай маълумот йўқ». У Минскдан Вильнюсга Россиянинг тўрт фуқароси учмагани ҳақидаги саволга шундай жавоб қайтарди: «Биз кимлар учгани, қаердан учгани ҳақидаги маълумотларга эга эмасмиз». Бортда россиялик жосуслар бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминга эса у шундай жавоб берди: «Бу мен энг охирги бўлиб изоҳ беришим мумкин бўлган гап».

BBC мониторинг хизмати хабарига кўра, Россиядаги давлат телеканаллари Минскнинг ҳаракатларини оқлашга уринмоқда ва 2013 йилда Боливиянинг ўша вақтдаги президенти Эво Моралеснинг самолёти Австрияга мажбуран қўнгани билан параллел ўтказилмоқда. Телеканаллар Беларусь ҳукуматининг расмий версиясини ифода этишмоқда.

АҚШнинг Европадаги қуролли кучларининг собиқ қўмондони Бен Ҳожес Reuters учун берган интервьюсида Беларусь армиясининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими россияликларники билан чамбарчас боғланганига эътибор қаратган.

«Агар Беларусь ҳаво кенгликларида нимадир бўлса, Кремль, ёки ҳеч бўлмаса Россия қуролли кучлари бундан бехабар бўлиши мумкин эмас», деган Бен Ҳожес.

Мавзуга оид