Ўзбекистон | 16:58 / 13.01.2019
4752
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Ҳиндистон транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор

Фото: ТИВ матбуот хизмати

2019 йилнинг 12 январь куни Самарқанд шаҳрида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув давомида икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги асосий масалалар кўриб чиқилди.

Вазирлар томонидан Ўзбекистон делегациясининг «Вибрант Гужарат — 2019» Халқаро инвестиция саммитида иштирок этиши ва режалаштирилаётган олий даражадаги музокараларнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

2019 йилги икки томонлама тадбирлар юзасидан фикр алмашиш доирасида парламентлар ва ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга, Ўзбекистон-Ҳиндистон ишбилармон доиралари ва молия институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қизиқиш билдирилди.

Вазирлар транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан трансафғон транзит коридорларини очишдан манфаатдор эканлигини изҳор этди.

Юқорида қайд этилган минтақавий масалалар Самарқанд шаҳрида очилаётган Афғонистон иштирокидаги «Ҳиндистон—Марказий Осиё» мулоқотининг биринчи вазирлар учрашувида муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда.

Марказий Осиё давлатлари билан Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорликнинг янги шакли кооперацияни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳар бир иштирокчи давлатнинг ривожи учун янги имкониятлар очишига вазирлар ишонч билдирди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Суҳбатда Ҳиндистон Элчиси Винод Кумар ҳам иштирок этди.

Мавзуга оид