Абдулазиз Комилов: «Қўшнилар билан ҳеч қандай муаммо бўлмаслигига эришиш – ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши»
Бир неча йил олдин минтақадаги чегаравий можаролар, сув бўйича тортишувлар ортидан тарқоқлигимиз бизни заифлаштирар ва бирлашиш истиқболларидан маҳрум этарди. Буларнинг барчаси асрлар давомида ёнма-ён тинч-тотув яшаб келган Марказий Осиё халқларининг қадриятларига мутлақо зид эди, дейди Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили.
«Остонада якунланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашуви минтақадаги барча мамлакатларнинг сўнгги олти йилдаги навбатма-навбат раислиги якунларини рамзий тарзда сарҳисоб қилди ва ушбу ноёб форматдаги давлатлараро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди», — дейди Абдулазиз Комилов Ўзбекистон ташқи сиёсатига бағишланган мақоласида.
Қўшнилар илк марта минтақавий кооперацияни ривожлантиришга доир ягона қараш – «Марказий Осиё – 2040» концепциясини келишиб олди. Комиловга кўра, бу ҳужжат ўзаро ҳамкорликнинг барча асосий соҳаларини қамраб олган, истиқболга мўлжалланган аниқ амалий режаларни, уларни амалга ошириш шакллари ва механизмларини белгилаб берди.
2018 йилда Остона шаҳрида ўтказилган биринчи учрашувдан буён ўтган даврда Марказий Осиё мамлакатлари анча катта йўлни босиб ўтди. Булар қаторида Марказий Осиёнинг замонавий қиёфасини ўзгартириб, минтақани тинчлик ва ҳамжиҳатлик, дўстлик ва яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик маконига айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни эслаш ўринлидир.
«Бундан бор-йўғи етти йил олдин чегараларимиз деярли тўлиқ ёпилган эди. Биз чегара ҳудудларидаги можаролар ва миналанган далаларга, транспорт блокадаларига, савдо соҳасида баланд тўсиқлар ўрнатилганига гувоҳ эдик.
Сув ресурсларидан, яйловлар ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш масалалари бўйича тинимсиз тортишувларнинг очиқ қарама-қаршиликка айланиб кетиш хавфи бор эди.
Минтақадаги баъзи кучлар ишончсизлик руҳини авж олдириш ва умумий тарихий меросимиздан ўз манфаатлари учун фойдаланиш орқали мухолифлик ва рақобатни келтириб чиқарарди. Тарқоқлигимиз бизни заифлаштирар, бирлашиш истиқболларидан маҳрум этар, минтақа салоҳиятини муштарак манфаатлар йўлида рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилар эди.
Буларнинг барчаси асрлар давомида ёнма-ён, тинч-тотув яшаб келган, бир динга эътиқод қилган, умумий урф-одат ва анъаналарга эга бўлган, минглаб кўринмас ришталар билан боғланган Марказий Осиё халқларининг маданий-цивилизациявий қадриятларига мутлақо зид эди.
Қолаверса, глобал ишонч инқирозининг чуқурлашуви ва қуролли можароларнинг кескинлашуви минтақанинг барқарорлиги ва изчил ривожланишига салбий таъсир кўрсата бошлади. Шу муносабат билан Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ва халқлари каби Ўзбекистоннинг ҳам фаровонлиги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларга, минтақада хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш манфаатларини биргаликда илгари суришга тайёрлигига боғлиқ, деган тушунча тобора мустаҳкамланди.
Шуни эътироф этиш керакки, туб ўзгаришларга, тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишга, қўшнилар билан ўзаро муносабатларни йўлга қўйишда эскирган ёндашувлардан батамом воз кечишга бўлган ижтимоий талабни чуқур ҳис қилган етакчи – Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев бўлди.
Ўзбекистон раҳбари янги яхлит Ташқи сиёсат доктринасини шакллантирди. Унда халқаро ва минтақавий хавфсизликнинг долзарб муаммолари, замонавий таҳдид ва хатарлар, янги дунё тартиботини шакллантириш ва бошқа масалаларга нисбатан Ўзбекистоннинг қарашлари ва ёндашувлари белгиланган.
Доктринада дунёнинг ривожланган давлатлари билан тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат, ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш асосида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган. Осиё, Европа, Америка ва Африканинг етакчи давлатлари, нуфузли халқаро ташкилотлар билан изчил сиёсий мулоқотни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Ушбу Доктринада Ўзбекистон Президенти томонидан Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши этиб белгиланган. «Қўшнилар билан ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги»га эришиш энг муҳим мақсад қилиб қўйилди. Ўз хавфсизлигини бошқа давлатлар хавфсизлиги ҳисобига мустаҳкамлашга йўл қўймаслик, очиқлик, прагматизм ва конструктивлик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш, проактив мулоқот тамойиллари минтақавий сиёсатнинг концептуал асосига айланди.
Ўзбекистон объектив равишда Марказий Осиёнинг келажаги учун алоҳида масъулиятни ўз зиммасига олган. Бу омил биз минтақанинг барча мамлакатлари билан умумий чегараларга эга эканлигимиз билан изоҳланади. Мамлакатимизда Марказий Осиё аҳолисининг ярмидан кўпи, минтақадаги барча халқларнинг йирик жамоалари яшайди. Ўзбекистон тараққиётининг деярли барча ҳаётий муҳим масалалари – сувдан тортиб, транспорт йўлаклари, минтақавий хавфсизлик ва савдо-сотиққача чегарадош давлатлар билан яхши қўшничилик ва олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган муносабатларга боғлиқ.
Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон раҳбари 2016 йилда Парламентга йўллаган биринчи мурожаатномасида устувор йўналишларни аниқ белгилаб, Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни мустаҳкамлашни биринчи ўринга қўйган эди. «Мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Биз яқин қўшниларимиз Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз», деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Давлатимиз раҳбари сайловдан кейин кўп вақт ўтмай Ашхобод ва Остона шаҳарларига илк расмий ташрифларини амалга ошириб, Марказий Осиё – устувор, деган тамойилни яна бир бор тасдиқлагани бежиз эмас.
Мамлакатимиз етакчиси ушбу тарихий мурожаатида Тошкентнинг яқин қўшниларга нисбатан конструктив сиёсат олиб бориш, тўпланиб қолган минтақавий муаммоларни тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ва оқилона муросага эришиш асосида ҳал этиш, минтақамизнинг қоқ марказида жойлашган мамлакат сифатида Ўзбекистон атрофида дўстлик ва фаровонлик, хавфсизлик ва барқарорлик ҳудудини яратиш борасидаги қатъий ниятини баён этди.
Ўзбекистон раҳбари томонидан ҳукумат ва ташқи сиёсат идоралари олдига минтақавий сиёсатнинг асосий вазифалари– чегараларни тартибга солиш жараёнларини якунлаш, сувдан оқилона ва адолатли фойдаланиш масалаларини биргаликда ҳал этиш, мамлакатларнинг иқтисодий, экологик, транспорт-логистика ва илмий-технологик ривожланишдаги ўзаро боғлиқлигини шакллантириш ва бошқа масалалар белгилаб берилди.
Тошкентнинг Марказий Осиёда сиёсий-дипломатик, иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги ёндашувларидаги ўзгаришлар нафақат Ўзбекистоннинг қўшнилар билан давлатлараро муносабатларини тубдан яхшилаш учун шароит яратди, балки Марказий Осиёнинг янги форматда янада жипслашиши ва интеграциялашувига замин бўлди», — дейди Комилов.
Мавзуга оид
16:51 / 12.12.2024
Америкалик таҳлилчилар Трампга Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирмасликни таклиф қилди
16:26 / 12.12.2024
Абдулазиз Комилов Туркманистоннинг «Ҳурматли эл ёшуллиси» унвони билан тақдирланди
18:38 / 11.12.2024
Марказий Осиёда одам савдоси кўрсаткичлари пасаймаяпти – БМТ
16:43 / 07.12.2024