Ўзбекистон | 21:23 / 08.02.2021
14670
1 дақиқада ўқилади

Табиий газни юридик шахсларга бозор тамойиллари асосида сотиш йўлга қўйилади

Ўзбекистонда 2021 йилнинг 1 июнига қадар табиий газни юридик шахсларга бозор тамойиллари асосида сотиш механизми ишлаб чиқилади. Бу – президент фармони билан тасдиқланган 2021 йилги давлат дастурига киритилди.

Дастурда қуйидагилар назарда тутилган:

  • табиий газни бозор тамойиллари асосида улгуржи сотиш босқичлари ва муддатларини аниқлаш;
  • биржа савдоларида иштирок этадиган табиий газ истеъмолчиларини «Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими»га (АСКУГ тизими) уланган табиий газ оқимини автоматик равишда тўхтатувчи мосламалар билан жиҳозлаш;
  • Энергетика вазирлиги, «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ўртасида табиий газ истеъмоли юзасидан электрон маълумот алмашишни йўлга қўйиш.

2021 йилнинг 10 мартига қадар суюлтирилган газни бозор тамойиллари асосида сотиш механизмини жадаллаштириш ҳам белгиланди.

Бунда суюлтирилган газ бозорида рақобат муҳитини яратиш, ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг қувватларини ошириш рағбатлантирилади. Бундан ташқари, аҳоли ва корхоналарнинг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини қондириш учун қулай шарт-шароит яратиш назарда тутилган.

Мавзуга оид