Ўзбекистон | 22:06 / 07.04.2019
4378
3 дақиқада ўқилади

Тошкент ахборот-технологиялари касб-ҳунар коллежида Пучон университети стандартлари бўйича мутахассислар тайёрланади 

Тошкент ахборот-технологиялари касб-ҳунар коллежида “Бошқарув қурилмаларини ишлаб чиқиш ва уларга хизмат кўрсатиш” факультетида илк талабаларни ўқитиш жараёни бошланди.  

Коллеж ўқув биносининг бир қавати Жанубий Кореянинг Пучон университети стандартлари ва дизайнига мос равишда жиҳозланди. Амалий машғулотлар учун лабораториялар кореялик ҳамкорлар томонидан тақдим этилди. Ўқув режаси ҳам Пучон университети томонидан тақдим этилган ва Ўзбекистон Республикаси стандартларига мослаштирилган. Коллеж ўқитувчилари Жанубий Кореяда амалиёт ўтадилар.

2-босқични тамомлаб, корейс тили бўйича 3-даражани олган (TOPIK) ҳамда махсус фанларни ўзлаштирган талабаларга маҳаллий намунадаги диплом берилади ва улар ўқишнинг 3-босқич бакалавр йўналишини Пучон университетида давом эттирадилар.

Тил синовларидан ўтмаган талабаларга мутахассисликка эгалигини тасдиқловчи ва касби бўйича ишлаш ҳуқуқини берувчи маҳаллий намунадаги диплом берилади. 

Махсус фанлардан «4» ёки «5» баҳо олган, лекин корейс тилидан 3-даражани ола олмаган талабаларга келгуси йилда корейс тилидан 3-даражани олишлари учун яна бир имконият берилади. Агар талаба имтиҳонни муваффақиятли топширса у келгусида 3 –босқич бакалавр йўналишини Пучон университетида давом эттириш учун ариза бериши мумкин. 

"Қурилма-дастурий комплексни ишлаб чиқиш йўналиши бўйича кадрларни ўқитиш яқин кунларда мутахассисларнинг янги тармоғини яратади ва Ўзбекистонда электроника саноатида профессионалликни сезиларли даражада оширади. Давлатимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламини ҳисобга олган ҳолда, ўз лойиҳаларини ишлаб чиқишга ва шунга мос равишда ишлаб чиқарувчи кадрларга бўлган талаб геометрик прогрессия тарзида ўсиб бормоқда”, дейди ТАТКҲК директори Дмитрий Ли.

Пучон университетида битирувчиларни ишга жойлаштиришда кўмаклашувчи махсус бўлим фаолият юритади. Ўзбекистондан Кореяга борган ТАТКҲК талабаларига ҳам тегишли ёрдам берилади. Университет малакали кадрларга қизиққан йирик корпорациялар ва фирмалар билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид