Ўзбекистон | 09:05 / 09.08.2021
30574
11 дақиқада ўқилади

Тошкентни одам босиб кетмади ёхуд менинг пропискага кириш тарихим

“Тошкент пропискасини англатувчи паспортдаги думалоқ муҳр... Вақти келса, шу битта муҳрли ҳар қандай нотавон ҳам мени ёки болаларимни тепкилаб ўтиши мумкин эди”, – дея ёзади журналист Аброр Зоҳидов. У ўз мақоласида “Тошкент Республикаси” фуқароси бўлиш билан боғлиқ аянчли ва аламли хотираларини ёдга олади.

“Орзуга етишишдан кўра орзунинг ўзи гўзалроқ” деган гап бор. Кўпчилигимиз ниманидир орзу қилиб яшаймиз, вақтлар келиб ўша орзумиз ушалади. Аммо унутувчанмиз, ўша неъмат худди азалдан бўлгандек, у билан яшаш оддий ҳолатдек тута бошлаймиз ўзимизни.

Тошкент пропискаси ҳам бир вақтлар ушалмасдек туйиладиган орзу эди.

Оғриқлар

Мен Тошкент пропискасига ўтишни 8 йил кутганман. Лекин 15-20 йил кутган одамларни ҳам, ўтолмай ўз юртига (қизиқ ибора, Тошкент кимнинг юрти экан) қайтиб кетганларни ёки чин дунёга равона бўлганларни ҳам биламан. Яъни пойтахт рўйхатидан ўтиш шу қадар муаммо эдики, кўпчиликнинг бунга умри етмай қолган.

Аввал ҳам келиб-кетиб юрганим учун Тошкентдан қариндошим номига квартира харид қилгандим. 2010 йилда кўпчилик ҳазил аралаш муболаға қиладигандек поездга таваккал осилиб эмас, расмий таклифга кўра ишга келдим. Уйим бор, ишим бор, оз-моз жамғармам бор – бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек. Аммо дарҳол бир кемтикликка дуч келдим: қизимни боғчага жойлаш керак – прописка, ўғлим мактабда ўқишни бошлаши керак – прописка, чақалоғимизга поликлиника рўйхати – прописка, аёлим ишга жойлашиши – прописка...

Булар-ку, майли, давлат ташкилотларининг талаблари. Кунларнинг бирида пастимизда ижарада яшайдиган қўшни “болаларинг юрганда шовқин қиляпти” деб тўполон кўтарди. Узр сўрадим, имкон қадар тинчлантирдим. Лекин бир гапи ўйиб кетди: “Бу ер сенинг қишлоғинг эмас, агар яна бир марта шундай қилсаларинг, участковойни чақираман!”

Нашъа қилди, гапдан қолмадим. “Ака, мен-ку ўз уйимда яшаяпман, сиз ижарада турсангиз, участковой чақирсангиз, биринчи навбатда ўзингизга муаммо бўлади-ку?!” деганимда кўксига муштлаб (муболаға қилмаяпман), лабидан шоҳ жумлани учирди: “Менинг пропискам – Тошкентники!”

Писиб қолдим. Бу менга нисбатан унинг катта устунликка эга эканини англатиш билан бирга, менинг ўз ватаним пойтахтида иккинчи (балки, бешинчи) даражали одам эканлигимни эслатиб қўйганди.

Вақти келса, паспортида менда йўқ битта муҳрли ҳар қандай нотавон ҳам мени ёки болаларимни тепкилаб ўтиши мумкинлигини билдирарди...

Ичимга ютишдан, сабр қилишдан ўзга иложим йўқ эди. Шунда ўзимга қатъий қарор қилдим – нима қилиб бўлса ҳам, қанча пулим кетса ҳам, Тошкент пропискасига кираман!

Лекин тез орада англадимки, чучварани хом санабман.

Мендан бойроқ ва ақллироқларнинг минглари бунинг чорасини топа олмай юрган экан.

Эшик тақиллашидан ҳадикда йиллар ўтди

Вақтинча прописка билан яшаб турдик. Вақтинча прописканинг ўзи ҳам алоҳида мавзу.

Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Орада ҳатто вақтинча прописка ҳам тўхтатиб қўйилди. Кунларнинг бирида ўғлим бир синфдошининг пропискаси йўқлиги туфайли мактабга келмай қўйгани, кейинчалик ота-онаси билан қишлоғига кўчиб кетишга мажбур бўлганини айтиб берди.

Ўғлим синфдоши учун, мен ўзи ҳам ҳадикда турган ўғлим учун юрагимиз оғриди...

Оғзаки топшириқ олдида судлар ҳам ожиз

Хаёлимда бир фикр тинмай чарх урарди – нима қилсам, пропискага кираман?!

Мумкин бўлган ҳамма йўлларини ўйлаб чиқдим ва ҳайратда қолдим. Конституцияда Ўзбекистон фуқароси мамлакатнинг истаган жойида яшаши мумкинлиги ёзилган-у, унинг ортида қонун билан бу чекланиши мумкинлиги тиркалган. Яъни амалда қандайдир қонун ёки қарор мамлакат Конституциясидан устунлигини баён этилган.

Тахминан 15-16 йил битта иллатли ёпиқ доира, руслар таъбири билан айтганда “замкнутый круг” амал қилди: пропискага кириш учун номингизда уй бўлиши керак, номингизга уй олиш учун эса пропискангиз бўлиши лозим! Қойилмисиз?!

Демак, Тошкент шаҳридан номимга уй сотиб олишнинг бирор қонуний йўли йўқ. Кимдир маслаҳат берди – суд орқали ўтказиш мумкин. Яъни ўзаро қарзи туфайли “қарздор” менга уйини бермоқчи бўлади, суд қарори билан уйга эгалик ҳуқуқи олишим мумкин. Лекин суриштирсам, зарур ҳолатда қўлланиладиган бу лазейка ҳам “юқори”нинг оғзаки кўрсатмаси билан ёпиб қўйилган: судьялар “уй сотилиб, қарз ундириб берилсин” деган мазмунда қарор чиқариб бераркан.

Номи бор-у ўзи йўқ Махсус комиссия

2010 йилга бориб нафақат Тошкент шаҳрида, балки Тошкент вилоятида ҳам прописка тақатақ ёпилди.

Кимдир шу масалани кўтарса, “Тошкентга пропискага кириш учун Махсус комиссия қарори лозим...” деган стандарт жавоб айтиларди.

Аммо у комиссия қачон йиғилиши, тонналаб топширилган ҳужжатлар қай пайтда кўриб чиқилиши ҳақида ҳеч ким лом-мим демасди.

Паспорт столи билан тил бириктириб...

Тўғри, кимлардир 5-10 минг долларлаб сарфлаб, аллақандай йўллар билан паспортга муҳр урдириб олишганди. Аммо мен ҳам режалаштираётган бу ишнинг миси чиқди – биометрик паспортга ўтилганда бундай пропискалар бекор бўлиб кетди.

Улгурганларнинг кўплари паспорт столидаги “учар”ларнинг жиноий шеригига айланиб, сотиб олинган пропискасидан айрилгани етмагандай, судланганлик тамғасини ҳам бўйинларига илиб олишди. Мен ҳеч бўлмаса шунга аралашиб қолмаганимга шукр қилардим.

Ўлик орқали прописка

Лекин битта йўл бор экан – васиятнома! Яъни Тошкент пропискали одам ўз номидаги уйни менга васият қилиб қолдирса, вафотидан кейин ўша уй мерос ҳуқуқи асосида менинг номимга ўтаркан. Нақадар уятли, хижолатли йўл. Ҳар қандай қаралса ҳам, кимнингдир ўлимини кутгандек бўлаверасан. Лекин бошқа илож йўқ эди.

Зир югуриб кекса танишларни излай бошладим. Узоқроқ, лекин жуда очиқкўнгил қариндошимизни топдим. Хола бир оғиз гап билан рози бўлди. Номига уй олдим, зарур ҳужжатларни расмийлаштирдик, васиятнома ҳам қилинди. Лекин бу ҳали биринчи қадам эди холос. Юқорида айтганимдай, хижолатли кутиш даври бошланганди.

Мантиқсизликни қаранг, кексами ёшми, ким биринчи у дунёга кетиши номаълум. Аммо мавжуд тизимнинг шафқатсиз талаблари шундай йўл тутишга мажбур қилганди.

Ажрашиш... Ва тошкентликка уйланиш...

Йиллар ўтаверди. Битта усул камлик қилиши ҳақида ўйлай бошладим. Бу орада расмий никоҳ орқали пропискага киришга рухсат берилди. Албатта, маълум шартлар асосида. Бироқ амалласа бўлади.

Ўзимнинг никоҳимни бекор қилиб, ким биландир “фиктив” никоҳланишнинг даҳмазаси кўп экан. Болалар ёш, қолаверса, менинг ёшимдаги никоҳланувчилар дурустгина сўрашарди. Эртага ажрашиш ҳам муаммо бўлишидан ҳайиқдим.

Бошқа йўлини ўйладим – ота-онамнинг никоҳларини бекор қилдим ва отамни бир таниш аёл билан расмий қайддан ўтказмоқчи бўлдим. “ЗАГС”га ариза бериш учун бордик ҳам. Ҳар нарсанинг ҳикмати бўлади – маълум ҳақ эвазига никоҳга кириб турмоқчи бўлган хола паспортини унутиб қолдирган экан. Қайтдик ва мен ҳам фикримдан қайтдим.

Ўртада ота-онамни расман ажраштирганим қолди.

Иккинчи васиятнома

Яна йиллар ўтаверди. Менга васиятнома берган холам ҳаёт. Кунларнинг бирида бир уйни сотиб олишни таклиф қилишди. Уй кекса рус кишининг номида, чол оғир аҳволда экани учун набираси Россиядан келиб, уйини сотиб, бобосини ҳам олиб кетмоқчи экан.

Бориб вазиятни тушунтирдик, уй учун керакли пулни бердик, фақат уйни расмийлаштирмай, васиятнома қилиб қолдиришга кўндирдик. Набираси ҳам бизнинг заруратимизни билиб қолди ва бобосининг вафотидан кейин ўлим қоғозидан кўчирма юбориш учун “арзимас” 2 минг доллар талаб қилди. Иложсиз эдим, рози бўлдим. Чол кетди, васиятнома билан уй қолди. Яна кута бошладим.

Қўлимда иккита васиятнома, иккита уй, яна ўзим яшаб турган уй. Жами учта уйим бор, лекин пропискам йўқ!

Сал шабада эсгандай бўлди, аммо...

Бу орада давлат бошқарувида катта ўзгариш бўлди. Жуда жиддий ўзгариш. 25 йиллик давр якунига етди ва янгиси бошланди. Янги давр муждалари орасида менга тегишлиси ҳам бор эди. Гарчи прописка тизими бекор бўлмаган бўлса-да, янги қурилган уйлардан харид қилган ва маълум миқдорда бож тўлаганларга Тошкент пропискаси бериладиган бўлди.

Ўзим ёқтирган, лекин кўп вақтимни оладиган ишимни ташладим. Энди бор эътиборимни пул топишга қаратдим. Мақсад аниқ эди – янги уйларга яраша маблағ тўплаш ва пропискага кириш.

Маълум миқдорда йиққанимдан кейин янги уйларни суриштира бошладим. Прописка омили туфайли бундай хонадонларнинг нархи ҳам кўкка сапчиган экан. Аммо яна иложсиз эдим, қайсидир бир йўл билан Тошкент дарвозасига калит топишим шарт эди.

“Хушхабар” – чол ўтибди

Янги уйни танлаб турган вақтимда Россиядан бир қарашда жуда хунук, лекин менга умид бағишлайдиган хабар келди. Чол вафот этибди...

Набираси ҳужжат учун пулни жўнатишимни сўради. Ўтириб ҳисоб-китоб қилдим, янги уй олсам маъқулми ёки васиятномага кўра кирсам. Ҳар иккиси ҳам қонуний. Ўйлаб қарасам, васиятнома орқали кириш арзонга тушаркан. Қолаверса, барибир васият бўлиб қолган уйга эгалик ҳуқуқимни расмийлаштиришим зарур.

Пулни жўнатдим, ҳужжатни олдим. Ва ниҳоят васиятнома асосида уйга эгалик ҳуқуқини қўлга киритдим.

Мана ўша думалоқ муҳр!

2018 йилда Тошкент пропискасига эга бўлдим!

Паспортимга қўйилган муҳрни кўриб, қандай ҳолатга тушганимни таърифлаб бера олмайман. Фақат икки кўзим ҳам милт-милт ёшга тўлганини айтсам кифоя.

* * *

Кўп ўтмай истаган юртдошим, яъни Тошкент пропискаси бўлмаганлар ҳам ўз номига уй харид қилиши ва шу орқали пропискага кириши мумкин бўлди. Олдинлари айтилганидек, Тошкентни одам босиб кетмади.

Бу масалада инқилобий ўзгаришлар бўлганини бир мисол билан тушунтираман: вилоятдаги жияним ўқишини кўчириши учун Тошкент пропискаси зарурлигини айтди. Эрталаб етиб келишни тайинладим. Соат 9 да пойтахтга етиб келди. Бир уйни номига расмийлаштирдик (уй сотишда олдингидек бир олам ҳужжат тўпланмаслиги алоҳида мавзу). Шу куннинг ўзида янги “мулкдор”га уй ҳужжатлари топширилди. Шу иш куни тугамасидан жиянимнинг қўлида Тошкент пропискасига ўтгани тўғрисида қоғоз турарди!

Шунақа гаплар азизлар...

Буларнинг барчаси – Аброр Зоҳидовнинг бошидан ўтган ҳақиқатлар

Мавзуга оид