Жаҳон | 13:33 / 19.05.2025
12888
2 дақиқада ўқилади

Россияга киришда QR-код талаб қилинади

Ушбу тартиб 2025 йил 30 июндан ишга тушади. QR-кодга ариза беришни сафардан 72 соат олдин амалга ошириш керак.

Фото: AP

Визасиз тартибда Россияга борадиган чет эл фуқаролари, жумладан, ўзбекистонликлар ҳам чегарада QR-код кўрсатишлари керак бўлади. Тартиб жорий йил 30 июнидан амалда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими хабар берди.

QR-код «Госуслуги RuID» мобил иловаси орқали олинади. Бунинг учун иловада рўйхатдан ўтиб, шахсий кабинет яратиш, сўнг фотосурат ва шахсий маълумотлар юклаб, Россияда бўлиш муддатини кўрсатиш лозим.

QR-код учун ариза сафардан камида 72 соат олдин берилиши шарт. Агар Россияга бориш зарурати тўсатдан (масалан, оғир касаллик ёки яқин қариндош вафоти) пайдо бўлса, аризани 4 соат қолганда ҳам топшириш мумкин.

Бундай рўйхатдан ўтишдан Беларус фуқаролари, 6 ёшгача болалар, шунингдек,  виза, вақтинчалик ёки доимий яшаш рухсатномасига эга шахслар озод этилади.

6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун аризани уларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари топширади — уларда ҳам шахсий рўйхатдан ўтиш коди бўлиши шарт.

Бу тартиб Россия ҳукуматининг 2024 йил 7 ноябрдаги “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерациясига кириш ҳамда чиқиш қоидалари, шартларини синовдан ўтказиш бўйича тажриба ўтказилиши тўғрисида”ги қарори асосида амалга киритилмоқда.

Асрор Абдуназаров
Тайёрлаган Асрор Абдуназаров

Мавзуга оид