Иқтисодиёт | 17:56
634
2 дақиқада ўқилади

QR-код орқали тўловларни амалга ошириш тартиби тасдиқланди

QR-код орқали тўловларни амалга оширишнинг ягона тартиби ҳамда ягона QR-код тизими иштирокчиларининг вазифалари белгиланди.

Фото: Getty Images

Адлия вазирлиги ягона QR-код бўйича идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат президент фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган, ушбу фармон билан барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар учун босқичма-босқич ягона QR-код орқали тўловларни қабул қилиш тизими жорий этилиши белгиланган.

Ҳужжатда QR-код орқали тўловларни амалга оширишнинг ягона тартиби ҳамда ягона QR-код тизими иштирокчиларининг вазифалари белгиланди.

Ягона QR-код – фойдаланувчиларга исталган банк ёки тўлов ташкилотининг мобил иловаси орқали тўловларни амалга ошириш имконини беради.

Мазкур қоидалар қуйидагиларни назарда тутади:

- QR-кодлар статик ва динамик турларга ажратилади;

- барча тўлов тизимларининг ягона QR-код тизими орқали ўзаро интеграцияси таъминланади;

- QR-код тизими оператори томонидан тўловлар ҳақидаги маълумот ва ҳисоб-китоблар автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади ва реал вақт режимида QR-код тизими иштирокчиларига етказилади;

- QR-код тизими доирасида мижозларни қўллаб-қувватлаш хизмати ва мурожаатларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни юклаб олиш имконияти яратилади.

Қоидаларга кўра, ҳар бир фойдаланувчига мобил иловалар орқали QR-кодни сканерлаш, тўлов суммасини тасдиқлаш ва ҳар бир операция бўйича онлайн маълумотнома олиш ва транзакциялар тарихи билан танишиш имконияти тақдим этилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид