Ўзбекистон | 07:34 / 12.01.2022
6387
3 дақиқада ўқилади

Ижтимоий ҳимояга муҳтож барча хотин-қизлар «Аёллар дафтари»га рўйхатга олинади

"Аёллар дафтари"га республикадаги барча ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар рўйхатга олинади. Бу ҳақда АОКАда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева иштирокидаги брифингда маълум қилинди.

Фото: Shutterstock

Таъкидланишича, ҳозирги кунда “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизимининг 3-босқичи бошланди. Айни вақтда республикадаги барча маҳаллаларда яшовчи 30 ёшдан ошган хотин-қизларни хонадонма-хонадон юриш орқали қайта рўйхатдан ўтказиш ишлари бошланган.

“Аёллар дафтари”нинг 3-босқичида  аёлларнинг муаммолари қайтадан ўрганилади. Бунда ҳеч бир ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қиз четда қолиб кетмаслигига алоҳида эътибор берилади. “Аёллар дафтари”нинг 3-босқич ишлари жорий йил 10 февралида якунланади.

“Аёллар дафтари”нинг 3-босқичида қуйидаги хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилмайди: “Темир дафтар”га киритилган оилалардаги хотин-қизлар ва фарзанди “Ёшлар дафтари”га киритилган аёллар; “Аёллар дафтари”нинг 1- ва 2-босқичларида 1-тоифа бўйича рўйхатга олинган ҳамда доимий иш ўрни билан таъминланган ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган хотин-қизлар.

Қайд этилишича, “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича ҳуқуқий-норматив ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. 

Лойиҳага мувофиқ, 2022 йилда “Аёллар дафтари”га хотин-қизлар қуйидаги 6 та тоифалар бўйича рўйхатга олиниши режалаштирилмоқда:

1-тоифа: ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар. Бунда бандлиги таъминланмаган, аммо ишлаш истагида бўлган, даромад манбаига эга бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади.

2-тоифа: тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар. Бунда бандлиги таъминланмаган, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади.

3-тоифа: боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар. Бунда боқувчиси вафот этган ёки жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган ёхуд руҳий касалликка чалинган, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек боқувчиси бедарак йўқолган ҳамда никоҳи бекор қилинган эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳамда ФҲДЁ органларининг маълумотномасига кўра ёлғиз аёллар киритилади.

4-тоифа: ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар. Бунда меҳнатга лаёқатсиз, ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизлар киритилади.

5-тоифа: уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар. Бунда нотурар жойларда истиқомат қилаётган, доимий турар жойи йўқ ёки турар жойида яшаш учун шароити бўлмаган, шунингдек, бир хонадонда 3 ва ундан ортиқ оила бўлиб яшаётган, бироқ ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади.

6-тоифа: қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизлар. Бунда ногиронлиги бўлган фарзандини парваришлаётган эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид