Жаҳон | 14:00 / 04.06.2024
19054
6 дақиқада ўқилади

Россия ҳудудига АҚШ қуролларида зарба йўллашга рухсат берилди. WP тафсилотларни аниқлади

Музокараларга Харкив областидаги вазият таъсир кўрсатган.

Serhii Mykhalchuk / Global Images Ukraine / Getty Images

Россия қўшини юриш қилаётган Харкив областидаги вазият АҚШни украин ҳарбийларига Россия ҳудудидаги нишонларга Америка қуроллари билан зарба йўллашга рухсат беришга ишонтирган. Бу ҳақда ёзган The Washington Post нашри мақоласида Украина Оқ уйни тақиқни бекор қилишга кўндириш учун 17 кун давомида қандай ҳаракат қилгани тасвирланган.

Март ойидаёқ мулозимлар РФ қўшини Харкив яқинидан ўтган Россия-Украина чегарасида қўшин тўплаётганини пайқашган. Март ойи ўрталарида авиабомбалар билан Харкив области шиддатли равишда  ўққа тутила бошланган, бу ҳужумлар оқибатида ҳудуднинг энергетика инфратузилмаларига жиддий шикаст етказилган ва областнинг катта қисми электрсиз қолган.

Мақолада айтилишича, Украина раҳбарияти ўшандаёқ вазиятдан ташвишга тушган, аммо ўша вақтдаги қалтисликни ҳам англаб турган, чунки ўшанда АҚШ конгресси Киевга 61 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам ажратиш масаласида ҳамон баҳслашаётганди. Шунинг учун ўшанда Киев Америка қуролларини РФ ҳудудидаги нишонларга қўллаш бўйича тақиқни олиб ташлашни талаб қилмасликка қарор қилган, ҳолбуки АҚШ расмийлари, The Washington Post нашри қайд этишича, аллақачон фронтдаги вазиятни хавотир билан кузатаётганди.

Хусусан, март ойида Киевга АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ташриф буюрган ва украиналик расмийларни Харкив яқинида чегара бўйлаб мудофаа позицияларини тайёрлашга чақирган. Аммо, Украини қуролли кучлари истеҳкомлар қуришга уринаётганида уларни Россия артиллерияси ўққа тутиб турган. Шу туфайли украин ҳарбийлари тун бўйи ишлашига тўғри келган.

Апрел ойи охирида АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллайди ва қурол етказиб беришни бошлайди. Аммо бу жуда кеч рўй беради ва тайёрланган юришни тўхтата олмайди.

Газета саволларига жавоб қайтарган Украина қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари ҳисоблашича, РФ қўшини Харкив областига юришни украинлар ғарб қуролларини қўллашга тақиқ туфайли уларга халал бера олмаслигини билган ҳолда режалаштирган ва уюштирган. 10 май куни Россия юриш бошлаганида, унинг қўшини тезлик билан Харкив яқинида Украинанинг шимолий чегарасини кесиб ўтган ва шаҳарни оккупация хавфи остида қолдирган.

Украиналик ҳарбийлар Россия армияси юришнинг дастлабки кунларида амалда ҳеч қандай қаршиликсиз Россия ҳудудидан туриб уларни ўққа тута олганини айтишган. Аммо, уларнинг сўзларига кўра, агар Украина Америка қуролларидан РФ ҳудудидаги нишонларга зарба бериши мумкин бўлганида, бунинг олдини олиш мумкин эди.

13 май куни, юриш бошланганидан уч кун ўтганида, Украина раҳбариятининг «йўқотадиган нарсаси йўқ» эди. Украиналик мулозимлар Америка қуролларини Россия ҳудудидаги нишонлар бўйлаб зарбалар беришда фойдаланишга рухсат беришни сўраб, расман Вашингтонга мурожаат этган. The Washington Post маълумотига кўра, Украина вакиллари 90 дақиқа давомида видеоалоқа орқали АҚШнинг хавфсизлик масалалари бўйича юқори мартабали мулозимларини (Жейк Салливан, Пентагон раҳбари Ллойд Остин ва Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, кичик Чарлз Браун) Харкиб босиб олинишининг олдини олиш учун Россия билан чегара орқали жавоб зарбалар йўллашга қўйилган тақиқни бекор қилиш зарурлигига ишонтиришган. Мақолада айтилишича, украин расмийлари бошқа нарсалар қатори РФ қўшини Украина қуролли кучлари позициялари ва тинч аҳоли вакилларига қандай эмин-эркин зарба бера олаётгани ҳақида гапиришган. Бу мулоқотдан кейин америкалик мулозимлар украинларнинг илтимосини АҚШ президенти Жо Байденга етказишга ва унга тақиқни ечишни маслаҳат солишга рози бўлишган.

15 май куни Салливан билан гаплашганидан кейин Байден чекловларни юмшатишга розилик берган, бироқ шартлардаги ўзгаришларни батафсил тавсифлаш ва янги сиёсатни амалга оширишга тайёргарлик кўришни сўраган. Бу жараёнга икки ҳафта вақт кетарди, аммо яқинда Киевдан қайтган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен президент билан суҳбатда фронтдаги вазият жиддийлигини айтган. Якунда Оқ уй янги қоидаларни ишлаб чиққан ва 30 май кунидан улар кучга кирган. Хусусан, The Washington Post маълумотига кўра, АҚШ Украина қуролли кучларига РФ ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба бериш учун 50 мил атрофидаги (80 километрдан ортиқ) масофага ҳаракатланувчи HIMARS реактив артиллериясини қўллашга рухсат берган, аммо ҳозирча ATACMS каби узоқ масофага ҳаракатланувчи қуроллардан фойдаланиш бўйича чекловларга ўзгартириш киритилмаган.

Москванинг огоҳлантириши

Украина президенти Володимир Зеленский аввалроқ Ғарб мамлакатлари ўз қуролларидан фойдаланишга чеклов ўрнатиши «ноҳақлик» эканини айтган, шу билан бирга Украина ўз ҳамкорларининг қўллаб-қувватловини хавф остига қўя олмаслигини тан олганди.

Россия ғарб қуроллари ўз ҳудудидаги нишонларга қарши қўлланиши эҳтимолига ғазаб билан муносабат қилган.

«НАТО мамлакатлари вакиллари, айниқса Европадагилар, айниқса кичик давлатлардагилар — улар умуман нима билан ўйнашаётгани ҳақида ўзларига ҳисоб бериши керак. Улар аҳоли тиғиз яшайдиган кичик ҳудудга эга давлат нимани англатишини ёдда тутишлари керак. Бу Россия ҳудуди ичкарисига зарбалар бериш ҳақида гапиришдан олдин ёдда тутиш керак бўлган фактор», — деганди ўтган ҳафтада Владимир Путин.

Россия раҳбари зарбани украин кучлари берган тақдирда ҳам, унинг мамлакати ҳудуди ичкарисига йўлланган ҳар қандай зарба учун жавобгарлик ғарблик етказиб берувчилар зиммасида эканини қўшимча қилганди.

Кремлдагилар Байденнинг рухсати ҳақида ҳеч нарса маълум эмаслигини айтишган. 

«Йўқ, айнан шундай қарор ҳақида бизга ҳеч нарса маълум эмас. Бизга маълумки, Америкада ишлаб чиқарилган қуроллар аллақачон Россия ҳудудига зарба беришга уриниб кўрган. Биз учун шунинг ўзи етарли ва бу АҚШнинг ушбу можародаги иштироки даражасини яққол ифодалайди», — деган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков брифингда журналистларга.

Мавзуга оид