Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги 3 та чегара божхона постларида транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилади
Қирғизистон Божхона хизматининг маълум қилишича, 6 ноябр куни Ягона ахборотлаштирилган электрон тизими дастурий таъминотида техник ишлар олиб борилади.
Фарғона вилоятидаги «Ўзбекистон» ҳамда Наманган вилоятидаги «Учқўрғон» чегара божхона постлари ҳаракатланувчи ташувчилар ва ҳайдовчилар учун вақтинча ёпилади. Аввалроқ Андижон вилоятидаги «Дўстлик» чегара божхона пости ҳаракатланувчи ташувчилар ва ҳайдовчилар учун вақтинча ёпилиши тўғрисида хабар берилганди.
Қайд этилишича, Қирғизистоннинг «Қизил-Қия» чегара божхона постида ахборот тизимларида техник таъмирлаш ишлари амалга оширилиши муносабати билан мазкур постга туташ Қувасой шаҳрида жойлашган Фарғона вилояти божхона бошқармасининг «Ўзбекистон» чегара божхона пости орқали 2024 йил 6 ноябр куни юк ва енгил автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинчалик тўхтатилади.
Шунингдек, «Кен-сай» чегара божхона постига туташ Наманган вилояти божхона бошқармасининг «Учқўрғон» чегара божхона пости орқали ҳам ҳаракат вақтинчалик тўхтатилади.
«Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат божхона хизмати маълум қиладики, Ягона ахборотлаштирилган электрон тизими дастурий таъминотини модернизация ва такомиллаштириш билан боғлиқ техник ишлар олиб борилиши муносабати билан 6 ноябр куни соат 00:00 дан 23:59 гача божхона операциялари вақтинча ишламайди», — дейилади Қирғизистон Давлат божхона хизмати хабарида.
Шу боис Қирғизистон идораси фуқаролардан техник ишлар вақтида товарлар ва транспорт воситалари ҳаракати бўйича ўз ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва олдиндан режалаштиришни сўради.
Мавзуга оид
21:34 / 05.11.2024
Қирғизистонлик аёллар 10 нафаргача фарзанд кўришга чақирилди
18:09 / 05.11.2024
Туркия Қирғизистоннинг ташқи қарзидан кечди
17:12 / 05.11.2024
Андижондаги “Дўстлик” чегара божхона постида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилади
17:05 / 04.11.2024