Андижон вилоятидаги “Дўстлик” чегара божхона пости ҳаракатланувчи ташувчилар ва ҳайдовчилар учун вақтинча ёпилади. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Қирғиз Республикасининг “Достук” чегара божхона пости ахборот тизимларида техник таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Шу муносабат билан мазкур постга туташ Андижон вилояти божхона бошқармасининг “Дўстлик” чегара божхона пости орқали 2024 йил 6 ноябр куни юк ва енгил автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик тўхтатилади.
Хабарда енгил машиналар Андижондаги “Хонобод” чегара божхона пости орқали, юк машиналари эса Намангандаги “Учқўрғон” чегара божхона пости орқали ҳаракатланиши мумкинлиги билдирилган.
Аввалроқ Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги “Учқўрғон” чегара божхона пости очилганди. Ундан аввалроқ эса Андижон вилоятидаги Қирғизистон билан чегарадош “Қорасув” чегара божхона пости 14 йиллик танаффусдан сўнг қайта очилгани хабар қилинганди.











