15:49 / 09.07.2021
9689

Қашқадарёда ҳайдовчи ЙПХ ходимлари томонидан калтаклангани айтилган ҳодисага изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида ҳайдовчилардан бири ЙПХ ходимлари томонидан калтаклангани айтилган видео тарқалди. ИИВ матбуот котиби мазкур ҳодиса юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса жорий йил 5 июль куни содир бўлган. Вилоят ИИБ ЙПХ инспектори О.Турсунов Қарши шаҳар А.Темур кўчасидаги пиёдалар йўлакчаси устида О.О. бошқарувидаги «Нексия» пиёдалар ўтишига халақит қилиб тургани учун қоидабузарликни тегишли тартибда расмийлаштирмоқчи бўлган. «Нексия» ҳайдовчиси О.О. ЙПХ ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаган. Унга ҳужжатларни тақдим этмасдан, машинада бирга бўлган хотини Х.Ш. ва ўғли Т.С. билан биргаликда жанжал кўтариб, атрофдагиларнинг эътиборини жалб қилишган.

Аёл кишининг бақириқларига тўпланган фуқаролар, ходимларнинг фаолиятига қаршилик кўрсатишган. Шу жараёнда жанжалдан фойдаланиб, ҳайдовчи автотранспортига миниб, воқеа жойидан яширинган.

Қайд этилишича, ҳозирда жанжал иштирокчиларининг барчаси аниқланиб, тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ходимларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш учун хизмат текшируви тайинланган.

Top