Ўзбекистон | 09:09 / 05.11.2021
7450
6 дақиқада ўқилади

Театр томошабин билан барҳаёт: Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри бу борада нималар қиляпти?

Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри сўнгги йиллар давомида нафақат республикамиз, балки жаҳон саҳналарида ҳам ижодий ишлар билан иштирок этиб, катта ютуқларни қўлга киритиб келмоқда. Биргина сўнгги уч йилда эришилган ютуқлар салмоғи ҳам кишини қувонтиради.

Фото: Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри

Жумладан, театр жамоаси 2019 йилнинг 25 июл-2 август кунлари Россиянинг Самара вилоятида ўтказилган “Русь. Эпохи объединения” фестивалида иштирок этди. Шунингдек, 11-15 сентябр кунлари Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи халқаро фестивалда Х.Хурсандовнинг “Бобомнинг орзуси” спектакли намойиш этилди. Ушбу фестивалда жамоа “Энг яхши спектакл либоси” номинацияси билан тақдирланди. Театр директори Ў.Маҳматқуловга фестивалнинг “Театр ривожига қўшаётган муносиб ҳиссаси учун” махсус дипломи топширилди.

Фото: Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри
Фото: Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри

2020 йилнинг 22-25 феврал кунлари Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Евросиё халқаро театрлар ассоциацияси кенгаши йиғилишида театр директори Ў.Маҳматқулов ҳамда санъатшунос Ойбек Кападзе ҳам иштирок этди.  

Туркиянинг театр соҳасидаги энг нуфузли “TIYATRO” газета-журналида Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри тарихи, бугуни ва истиқболи хусусида “Янги Ўзбекистонда Қашқадарё театри”, “Ўзбекистондан саломлар” каби бир нечта мақолалар чоп этилди.

Фото: Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри

Театримиз нафақат маҳаллий, балки хорижий давлатларга ҳам ижодий гастрол фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Жорий мавсумда Истанбул-Малтепа театрининг бош режиссёри Кубулай Ерделикара ва Адам Тосун томонидан Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрида “Давлат буюртмаси” асосида Н.Гоголнинг “Тентакнинг ёзмалари” асари саҳналаштирилди. Ушбу спектакл 12 май куни кенг жамоатчиликка намойиш этилди ва алоҳида эътироф этилди.

5-9 август кунлари Евросиё халқлари театрлари ассоциациясининг илк йиғилишида Туркия, Ўзбекистон, Озарбойжон, Украина, Гуржистон, Сербия, Испания, Португалия, Польша, Косова, Франция, Болгария ва Қозоғистондан келган театр ижодкорлари ва мутасаддилари иштирок этишди. Аҳамиятли томони, улар орасида санъатшунос Ойбек Вейсал ўғли Копадзе ва Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри директори Ўткир Маҳматқулов ҳам бор.

Евросиё халқаро театрлари ассоциациясига Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри ҳам аъзо сифатида қабул қилинди.

Фото: Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри
Фото: Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри

Театр ижодий жамоаси 7-10 октябр кунлари Туркия давлатининг Малтепа шаҳрида бўлиб ўтган халқаро театрлар фестивалида Н.Гоголнинг “Тентакнинг ёзмалари” спектакли билан иштирок этиб, халқаро фестивалнинг Гран-при мукофоти билан тақдирланди. Ушбу спектаклда бош қаҳрамон Попрешчин образини маҳоратли актёр Ғайрат Ҳусайинов ижро этди.

Фото: Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри

Сўнгги йилларда театр жамоаси томонидан бир қатор спектакллар муваффақиятли саҳналаштирилди. Хусусан, “Қўнғироқли алдоқчи”, “Юрт қадри”, “Нажот дарвозаси”, “Лайли ва Мажнун”, “Бобомнинг орзуси”, “Орол бобо”, “Адвокатлик осонму?”, “Жаннатга йўл”, “Оқ кема” ва “Хуш вақт” каби спектакллар томошабинлар эътирофига сазовор бўлди.

Охирги йилларда театр ижодий фаолиятини янада яхшилаш, замонавий руҳ олиб кириш ҳамда актёрларнинг янги қирраларини очиш мақсадида таниқли устоз режиссёрлар билан ҳамкорлик алоқалари кучайди. Жумладан, Ўзбекистон санъат арбоблари Баҳодир Йўлдошев, Олимжон Салимов, Мансур Равшанов, Карим Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Баҳодир Назаров, Абдураҳмон Абдуназаров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Мирза Азизов, Марат Азимов, Нодира Маҳмудова, тажрибали режиссёр Авлиёқули Хўжақулиев, Ўзбек Миллий академик драма театрининг бош режиссёри Асқар Холмўминов театр репертуаридан ўрин олган энг сара ўзбек ва жаҳон асарлари дурдонаси бўлган спектаклларни саҳналаштиришгани фикримиз исботидир.

Бундан ташқари, Маданият вазирлиги томонидан 2022 йилда классик асар саҳналаштириш учун театримизга 300 миллион сўм маблағ ажратилгани ҳам жамоамизнинг ютуғи, албатта.

Фото: Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри

Юртимиздаги мусиқали театр санъатининг ривожланишида Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрининг ўрни ниҳоятда катта. Бу шунчаки, баландпарвоз гаплар эмас. Машҳур санъат усталари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоблари Раимжон Комилжонов, Садриддин Салимов, Ўзбекистон халқ артистлари Фароғат Раҳматова, Икрома Болтаева, Шариф Қобилов, Суръат Пўлатов, Муҳтарама Носирова, Омон Беганжиев, Ҳусан Амирқулов ва яна кўплаб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Баҳром Камолов, Жамил Ашуров, Мажит Маматов, Ҳайит Мустафақулов, Ҳамида Ибрагимова, Назира Воҳидова, Лола Холиқова, Ёқуб Ражабов, Алиқул Тулаев, Муҳиддин Мажидов, Тожиддин Муродов, Ҳақберди Амирқулов, Одилжон Исмоилов ва яна кўплаб маданият ходимларининг фаолиятини эслаш ўринли.

Театрда бугунги кунда таниқли актёр ва хонандалар Ҳуррият Исроилова, Ҳаловат Остонова, Пиримқул Рустамов, Абдували Ҳушшиев, Суръат Аҳмедов, Баҳодир Максимов каби устозлар самарали ижод қилиб келмоқда, анъаналарни улар давом эттиришмоқда. Бир сўз билан айтганда, театр жамоаси том маънода томошабинларни театрга қайтариш, бетакрор санъат асарларидан баҳраманд этиш йўлида бор ғайратини ишга солмоқда.

Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри Ⓣ