Жаҳон | 21:10 / 29.06.2023
29312
6 дақиқада ўқилади

Швецияда яна Қуръон нусхаси ёқилди. Бу гал ироқлик қочоқ томонидан

Швецияда яна ислом олами учун муқаддас бўлган Қуръони карим китобини ёқишди. Бу гал ушбу провокацион ҳаракат 37 ёшли ироқлик қочқин Салван Момика томонидан амалга оширилди. Ироқ ҳукумати унинг ҳаракатини ирқчилик деб атади. Саудия Арабистони, Эрон ва Марокаш томони ҳам араб йигитнинг бу ишини қоралаб чиқди.

Фото: Getty Images

Ироқлик Момика Қуръони карим нусхасини Стокҳолмдаги бош масжид олдидаги майдонда ислом оламининг муқаддас байрами Қурбон ҳайитининг биринчи куни нишоналаётганда ёқиб юборди. Маҳаллий полиция араб йигитнинг бир кишилик провокацион акциясидан кейин тўқнашув келиб чиқишига тайёр турган, лекин бундай бўлмаган.

Ироқ ҳукумати Швецияда ислом оламининг муқаддас китобини ёқишдек провокацион ҳаракатлар экстремистик кайфиятдаги руҳий носоғлом одамлар томонидан амалга оширилишига эътибор қаратган.

«Бу сўз эркинлигига зид бўлган агрессия ва нафратни ифодаловчи ҳаракатдир. Бошқа инсонларнинг қадриятларини ҳурматсиз қиладиган бундай шармандали ҳаракатлар шубҳасиз қораланади», дейилади расмий Бағдод баёнотида.

Расмий Теҳрон Швеция пойтахтида Қуръон нусхаси ёқилишини оқибати ўйланмаган провокацион ҳаракат деб атаган.

«Эрон ислом республикаси ҳукумати, эронликлар бундай ҳақоратомуз ҳаракатларга тоқат қилмайди ва бу ишни кескин қоралайди. Швеция ҳукумати қадриятларни ҳақорат қилишдек бундай ишлар такрорланишига йўл қўймаслигини кутяпмиз», деди Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Каноний.

Марокаш томони ҳам ҳолатга реакция билдириб, мамлакатнинг Швециядаги элчисини маслаҳатлашув учун чақириб олди. Швециянинг Марокашдаги элчиси эса норозилик билдириш учун ТИВга чақирилди.

«Маккада ҳаж амаллари бажарилаётган ва ислом олами учун муқаддас байрам нишонланаётган вақтда амалга оширилган ушбу ҳаракат миллиардлаб мусулмонларни ҳақорат қилиш ҳисобланади», дейилади расмий Работ баёнотида.

Марокаш томони норозилигида бундай провокациялар Швеция ҳукуматининг рухсати билан амалга оширилишига эътибор қаратилган.

Суд қарори билан

Фото: AFP

Аввалига Швеция полицияси жамоат тартиби бузилиши мумкинлигини инобатга олиб, ироқлик Салван Момиканинг акциясини рўйхатга олишни рад этганди. Аммо ташкилотчилар судга мурожаат қилиб, ўз талаблари қонуний бўлганини исботлашга киришди. Суд даъвони қаноатлантиради ва икки ҳафта ўтиб полиция акция ўтказишга рухсат беради.

«Юзага келиши мумкин бўлган хавф амалдаги қонунчиликка кўра сўровни рад этадиган даражада эмасди», дейилади Швеция полицияси хабарида. Аммо худди шундай акция январ ойида Туркия элчихонаси олдида амалга оширилгач, Стокҳолмда икки ҳафта давомида норозилик намойишлари ўтказилганди.

Расмус Палуданнинг ўша провокацион ҳаракатидан кейин бутун дунёда Швеция маҳсулотларини тақиқлаш, мамлакатнинг НАТОга киришини блоклаш каби норозиликлар кучайиб кетганди. Айнан ўша ҳолатдан кейин юзага келган навбатдаги кескинлик сабаб Россиянинг Украинага босқинидан чўчиган Швециянинг НАТОга кириш бўйича аризаси Туркия томонидан қаноатлантирилмаяпти.

Қуръон нусхасини ёққан ким?

Швецияда охирги марта ўтказилган бундай провокацион акцияни даниялик ултраўнгчи Расмус Палудан ташкил этганди. Бу гал эса ислом оламида муқаддас бўлган китоб нусхасини ироқлик 37 ёшли Салван Момика ёқиб юборди.

«Мен Стокҳолмдаги катта масжид олдида Қуръонга бўлган ўз позициямни кўрсатиб уни ёқиб юбормоқчиман», дейилган ироқлик қочоқнинг Швеция полициясига акция ўтказиш борасида юборган сўровида.

У нега бундай қилгани аниқ эмас, лекин ўзининг сўзларига кўра Швецияга зарар етказишни истамайди. Салван Момика Швециянинг НАТОга киришига қарши саботаж қилмоқчи эмаслиги, акция ўтказишдан аввал бу масала ҳал бўлишини кутмоқчи бўлганини ҳам айтди. Ироқлик қочоқ бу акцияни апрел ойида ўтказмоқчи бўлган, кейин эса вақт ўтишини кутган.

«Мени қабул қилган ва ўзлигимни сақлаб қолишимга ёрдам берган давлатга ёмонлик қилишни истамайман», деган провокацион акция муаллифи. Аммо у нега бундай қилганига ойдинлик киритмаган. Швеция ва НАТО масаласи эса ҳозир кун тартибида ҳам эмас, шу сабаб акцияни бу мавзуга буриш тўғри эмас.

Исломга қарши провокациялар хронологияси

Фото: Reuters

Бундай акцияларнинг энг шов-шувлиси шу йил январ ойида даниялик ултраўнгчи сиёсатчи Расмус Палудан томонидан Туркиянинг Швециядаги элчихонаси олдида ўтказилди. Швеция полицияси унга Туркия элчихонаси олида акция ўтказишга қаршилик қилмаган, лекин Қуръон нусхасини ёқишга рухсат бермаган. Шундай бўлса-да, Палудан одамлар йиғилган вақтда ислом олами учун муқаддас Қуръони карим китобининг нусхасини ёқиб юборган. Швеция ҳукумати Палуданнинг бу ҳаракатини қоралаганди.

Кўп ўтмай Стокҳолм маъмурияти Туркия ва Эрон элчихонаси олдида худди шундай акция ўтказиш бўйича яна иккита ариза қабул қилиб, иккисини ҳам рад этган. Апрел ойига бориб Расмус Палудан Швециянинг бошқа ҳудудларида ҳам январда қилган ишини такрорлаш билан таҳдид қилиб, оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Тўқнашувларда 20 киши жароҳат олди, хусусан полициячилар ҳам.

Палуданнинг ҳаракати фонида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Швециянинг НАТОга киришини блоклаб қўйди. Аммо Қуръон нусхаси ёқилиши Туркия ва Швеция келиша олмаётган ягона масала эмас. Икки давлат ўртасидаги тушунмовчилик аввалроқ бошланганди. Гап шундаки, Швеция курдлар қаршилик ҳаракати етакчиларига сиёсий бошпана берган. Туркия ва хусусан Эрдўған уларни мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид