Жаҳон | 17:16 / 09.09.2024
3480
2 дақиқада ўқилади

Швециядаги йирик аэропорт дронлар туфайли бир неча соатга ёпилди

Тунда Стокголмдаги йирик халқаро аэропорт – Арланда атрофида 4 та номаълум дронлар аниқланган, натижада аэропорт фаолияти вақтинча тўхтаб қолди. Полиция махфийлик нуқтаи назаридан дронлар тури ва ким томонидан учирилганини маълум қилмаган.

Фото: Lot

9 сентябр куни Швеция пойтахти Стокголмдаги йирик халқаро аэропорт дронлар туфайли фаолиятини вақтинча тўхтатди. Reuters нашрининг маҳаллий полицияга таяниб ёзишича, Арланда аэропорт фаолиятини тунги 23:00 дан 01:30га қадар тўхтатиб турган.

«Биз бу ҳаракатлар қасддан қилинган деб ўйлаймиз. Лекин айнан нима мақсадда қилингани борасида бирор нима деёлмаймиз. Махфийлик нуқтаи назаридан улар қандай турдаги дронлар экани ва ким томонидан учирилгани ҳақида маълумот берилмайди», — деган полиция вакили.

Швеция фуқаролик авиацияси вакили эса дронлар 4 та бўлганини билдириб, уларнинг модели ва қаердан учиб келгани номаълум эканини қайд этган. Маҳаллий полиция, шунингдек, дронлар тақдирини ҳам очиқламади: улар уриб туширилганми ёки ҳудудни тарк этганми, номаълум.

8 сентябр куни Латвия Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳудудига Россия дрони қулаганини билдирган эди. У Беларус ҳудудидан учиб келган ва чегара яқинидаги районга келиб тушган. Ҳарбийлар ҳолатни ўрганмоқда, бу ҳақда НАТО раҳбарияти хабардор қилинган.

Бунга қадар Латвия ҳудудига Россия дронлари тушгани қайд этилмаган эди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид