Спорт | 21:51 / 09.04.2026
10295
2 дақиқада ўқилади

Жавоҳир Синдоров Рамешбабуни яна мағлуб этди

Ўзбекистонлик шахматчи 10 турдан кейин 8 очко жамғарган ҳолда яққол пешқадамликни давом эттирмоқда. Энди у қолган 4 турнинг барчасида дуранг ўйнаса ҳам, ҳеч ким унга етиб ололмайди.

Фото: FIDE / Niki Riga

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров 9 апрел куни Номзодлар турнирининг 10-турида оқ доналарда ўйнаб, ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳани мағлуб этишга муваффақ бўлди.

Шу тариқа, Синдоров турнир давомида Прагнанандҳани иккинчи бор мағлуб этди – биринчи даврада ҳам у қора доналарда ўйнаб, ҳинд шахматчисидан устун келганди.

Ўзбекистонлик шахматчи ушбу турда қайд этилган натижалар туфайли турнир жадвалидаги пешқадамлигини янада мустаҳкамлаб олди. Унинг асосий таъқибчиси бўлган Аниш Гири Ҳикару Накамура билан дуранг қайд этди ва энди Синдоровдан (8 очко) 2 очкога ортда қолмоқда.

Эътиборли томони, у қолган тўрт партиянинг барчасида дуранг қайд этган тақдирда ҳам биринчи ўриндан тушиб кетмайди.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик шахматчи ушбу ғалаба орқали Номзодлар турнирининг ҳозирги форматида энг кўп ғалабага эришган шахматчи сифатида рекорд ўрнатди, турнирда ҳозиргача ҳеч ким 6 марта ғалаба қозонмаганди.

Ҳолбуки турнир якунига яна тўрт тур бор ва у ўз рекордини ўзи янгилаши мумкин.

10 апрел турнирда дам олиш куни бўлади. 11-тур баҳслари 11 апрел куни бўлиб ўтади. Унда Синдоров қора доналарда Фабиано Каруанага қарши дона суради.

Синдоровнинг кейинги рақиблари қаторида Каруанадан ташқари, Ҳикару Накамура, Аниш Гири ва Вэй И ҳам бор.

Номзодлар турнири Кипрнинг Пейе шаҳрида ўтказилмоқда. Мусобақа ғолиби 70 минг евро мукофотни қўлга киритади ва шахмат тожи учун амалдаги чемпион ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид