Президент: «Ҳар бир қарич ер аҳоли жон бошига даромадни кўпайтиришга хизмат қилиши керак»
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона туманида ишга туширилган «Экокерама» масъулияти чекланган жамиятини бориб кўрди.
Ташриф чоғида президент мамлакат фойдали қазилмаларга бойлиги, лекин улар асосида тайёрланадиган материаллар катта миқдорда четдан келтирилаётганига эътибор қаратди.
Масалан, Андижон вилоятида кальцит, Самарқандда кварц, Тошкент вилоятида каолин, Қашқадарёда дала шпати ва Фарғонада доломит хомашёси бор. Лекин йилига қарийб 650 минг дона сантехника товарлари импорт қилиб келинган.
«Шунча имконият бўла туриб, биз кимни боқяпмиз? Халқимизни боқсак бўлмайдими? Мамлакатимизнинг ҳар бир қарич ери, ҳар бир бойлиги аҳоли жон бошига даромадни кўпайтиришга хизмат қилиши керак», деди президент.
«Экокерама» йилига 500 минг дона 20 турдаги сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Яъни, импортнинг аксарият қисми ўрнини тўлдиради. Бундан ташқари, минтақа давлатларида 50 миллион долларлик бозор бор. Корхона қувватини ошириб, маҳсулотларнинг 60 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилган. 100 фоиз маҳаллий хомашёдан фойдаланилиши ҳамда энергия тежовчи технологиялар қўлланиши сабабли «Экокерама» маҳсулотлари хорижий муқобилларига нисбатан арзон бўлади.
Корхонанинг лойиҳа қиймати 15 миллион доллар. Жумладан, 11 миллион доллар тўғридан тўғри инвестиция жалб этилган. Ҳозирда 500 киши иш билан таъминланиб, тест режимида дастлабки буюмлар тайёрланган.
Давлат раҳбари бу корхонани кластерга айлантириш, карьерлар ажратиб бериб, камида 30 йиллик хомашё захираси билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Корхонага маҳсулотларини сотишда кўмаклашиш, хусусан, қурилиш материаллари бозорларида дўконларини ташкил этиш, давлат томонидан қурилаётган объектларда бу сантехника буюмларидан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди. Ўз навбатида, компания раҳбариятига маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш, бошқа вилоятларда ҳам шундай корхоналар очиб, янада кўп ёшларни иш билан таъминлаш тавсия қилинди.
Шу ерда Фарғона вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Хусусан, енгил саноатдаги лойиҳалар самарасида пахта толасини қайта ишлаш ҳажми кескин ошади. Жорий йил якунида калава ип қайта ишлаш даражаси 56 фоизга, келгуси йили 71 фоизга етади. Илгари вилоятда жами 80 миллион долларлик пахта толаси оддий хомашё сифатида сотилган бўлса, бу йил қарийб 314 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинади. Бу кўрсаткични 2021 йилда 540 миллионга, келгусида 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.
Мавзуга оид
16:56 / 22.12.2024
Фарғонада портлаш содир бўлган заправка бузилмоқда — видео
22:57 / 21.12.2024
Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
21:23 / 21.12.2024
Фарғонадаги цехда юз берган ёнғин оқибатида бир киши ҳалок бўлди
16:56 / 20.12.2024