Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Инсон органлари савдоси билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳга ҳукм ўқилди
12 кишидан иборат жиноий гуруҳ соғлом фуқароларни мўмай пул эвазига ўз органини сотишга қизиқтириб келган. Гуруҳнинг 2023-2025 йиллардаги фаолияти давомида 32 нафар беморга буйрак ёки жигар тўқималари кўчириб ўтказилган. Жарроҳлик амалиётлари қўшни давлатдаги хусусий клиникада амалга оширилган.
Фото: ИИВ
Инсон органлари ва тўқималари савдоси билан шуғулланган уюшган гуруҳ аъзолари жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.
Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Бухоро ҳамда Қашқадарё вилоятларида яшовчи 12 нафар фуқародан (4 нафари аёл) иборат жиноий гуруҳ ижтимоий тармоқлар орқали буйрак ва жигар касалликларидан азият чекаётган беморларни топган. Сўнгра соғлом фуқароларни мўмай пул эвазига ўз органини сотишга қизиқтирган. Шу тариқа чет элдаги танишлари ёрдамида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали уларни гўёки қариндош сифатида кўрсатган ва қўшни давлатларнинг биридаги хусусий клиникада жарроҳлик амалиётларини амалга оширган.
Уюшган жиноий гуруҳнинг 2023-2025 йиллардаги фаолияти давомида 32 нафар беморга буйрак ёки жигар тўқималари кўчириб ўтказилган. Ўз навбатида, беморлардан олинган катта миқдордаги пул маблағларининг маълум бир қисми операция учун хусусий клиникага ҳамда донорларга берилган, қолгани эса ўзаро тақсимланган.
Гуруҳ аъзоларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Яккасарой туман судида судя Азимжон Ҳакимов раислигида кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди. Жиноий гуруҳ аъзолари Жиноят кодексининг 133-1-моддаси (инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 246-моддаси (контрабанда) ва 273-моддасида (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилди.
Судланувчиларнинг 8 нафарига 3 йил 1 ойдан 10 йил 1 ойгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Қолган судланувчиларга озодликни чеклаш ҳамда ахлоқ тузатиш ишлари билан боғлиқ жазолар қўлланди.
Аввалроқ ушбу жиноий гуруҳ фаолияти фош этилгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
15:54 / 10.12.2025
Тошкентда Бразилиянинг янги элчиси фаолиятини бошлади
21:26 / 07.12.2025
Тошкентда ҳавони ифлослантираётган корхона раҳбарига чора кўрилди
21:38 / 06.12.2025
Тошкентда жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди
15:27 / 06.12.2025