Corriere della Sera: НАТО Украинага қўшин юбормайди
Иттифоқ июлдаги саммитда қабул қилинадиган декларацияга Украинага қўшин юборишдан бош тортиш ҳақидаги бандни киритмоқчи. Бундан буён Киевга ёрдам Пентагон эмас, НАТОнинг Брюсселдаги бош қароргоҳи томонидан мувофиқлаштирилади.
НАТО июл ойида бўлиб ўтадиган алянс саммитида қабул қилиниши керак бўлган декларацияда Украинага қўшин юборишдан бош тортиш бандини белгилаб қўяди, деб хабар бермоқда Италиянинг Corriere della Sera газетаси якуний баёнотнинг тайёр лойиҳасига таяниб. Россия оммавий ахборот воситалари 8 май куни ушбу нашрга эътибор қаратди. Маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ.
Нашрнинг ёзишича, декларацияда, шунингдек, НАТОнинг Украинага ҳарбий ёрдами бундан буён Пентагон раҳбари Ллойд Остин томонидан эмас, балки алянснинг Брюсселдаги штаб-квартираси томонидан мувофиқлаштирилиши кўзда тутилади. Шу муносабат билан Corriere della Sera таъкидлашича, Украина аллақачон ёрдамнинг асосий қисмини АҚШдан эмас, балки НАТОнинг бошқа аъзоларидан оляпти. Аммо сиёсий жиҳат ҳам бор: НАТО тузилмалари томонидан ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштириш жаҳон ҳамжамиятига ҳам, Россия президенти Владимир Путинга ҳам бир овоздан қабул қилинган қарордек кўринади, дея тушунтирди газета.
Умуман олганда, деб ёзади Corriere della Sera, НАТОнинг Украинага ёрдам бериш ва Россия таҳдидининг олдини олиш борасидаги ёндашуви ўзгармайди. Шимолий Атлантика иттифоқи, бошқа нарсалар қатори, ўзининг шарқий чегараларини мустаҳкамлашда давом этади, агар керак бўлса, 300 минггача аскар уни «Болтиқбўйи мамлакатларидан Болгариягача» тезда ҳимоя қилиши мумкин.
Украинага Patriot ҳаво мудофаа тизимларини етказиб бериш
НАТО давлатлари Киевга Patriot зенит-ракета комплексларининг янги партиясини етказиб бериш имкониятларини ҳам қидирмоқда. Украина расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, 25 та шундай комплекс мамлакатнинг бутун ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун етарли бўлади, еттита Patriot ҳаво мудофаа тизими эса асосий саноат марказларини Россия ҳаво ҳужумларидан ёпиш имконини беради.
Шу билан бирга, Corriere della Sera таъкидлашича, айни дамда Украинага фақат иккита Patriot комплексини - Германия ва Испаниядан етказиб бериш бўйича дастлабки келишувлар мавжуд. Нидерландия ўзининг Patriot мажмуасини Киевга ўтказишга рози, аммо ҳуқуқий жиҳатларни муҳокама қилмоқда, Полша ва Греция эса буни рад этди.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг алянс Украинага қўшин жўнатмоқчи эмаслигини бир неча бор таъкидлаган, бироқ НАТОга аъзо Франция президенти Эммануэл Макрон сўнгги ойларда Украинага қўшин юбориш масаласини бир неча бор очиқ муҳокама қилган ва ҳатто бу юз бериши учун қандай шартлар қўйилганини ҳам айтиб ўтганди. Ушбу мунозаранинг жонланиши фонида Россия тактик ядро қуролидан фойдаланган ҳолда машғулотлар ўтказишини эълон қилди ҳамда Франция ва Британия элчиларини Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирди.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024